Санкт-Петербург шаҳрининг Киров район суди сохта қирғиз ҳужжатларидан фойдаланиб юрган Ўзбекистон фуқаросини саккиз ойга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда Санкт-Петербург прокуратурасининг расмий сайтида хабар берилган.
Суднинг аниқлашича, ўтган йилнинг сентябрь ойида Давлат автоинспекция ходими Hyundai русумли автомобилни бошқараётган Икромжон Напасовнинг ҳужжатларини текширади. Ҳайдовчи Қирғизистоннинг ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этади. Орган ходими ҳужжатдан шубҳаланиб, Напасовни Киров райони ИИБ 8-бўлимига олиб боради. Бу ерда Напасов сохта қирғиз паспортини ҳам тақдим этади.
Ўзбекистон фуқароси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 327- моддаси, 3-банди (сохта паспорт ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланганлик) билан айбдор деб топилган.
Петербург шаҳри Россияда мигрантлар сони бўйича Москвадан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Россияда меҳнат фаолиятини юритишлари учун патент расмийлаштиришлари ва ҳар ойда унга солиқ тўлашлари керак. Петербургда патент учун ойлик тўлов 3800 рублни ташкил этади. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар, жумладан Қирғизистон фуқаролари патентсиз меҳнат қилишлари мумкин.