Ўзбекистон божхонаси ходимлари «Дўстлик» пости орқали оёқ кийимида яширинча $40 мингни олиб чиқиб кетишга уринган шахсни қўлга олдилар, деб хабар беради Давлат божхона қўмитасининг матбуот хизмати.
Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатга пиёда ҳолда чиқиб кетаётган фуқаро Д.К.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортади ва ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилади.
Натижада, унинг оёқ кийимларининг ҳар бир пойида 20 000 АҚШ долларидан – жами бир жуфт оёқ кийимда 40 000 АҚШ доллари устамонлик билан яширилгани аниқланади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 -моддасига («Божхона қонунчигини бузганлик») биноан валютани контрабанда йўли билан олиб чиқишга уринган фуқарога саккиз йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Ўзбекистон божхоначилари четга валюта ва қимматбаҳо буюмларни ноқонуний йўл билан олиб чиқишга уринганларни тез-тез фош этадилар. Ўтган ойда Қозоғистонга ўтмоқчи бўлган аёл набираси кўклигига 1 килодан ортиқ заргарлик буюмларини яширгани аниқланган. Бундан бир йил олдин эса «Бекобод» чегара постидан Тожикистонга ўтмоқчи бўлган фуқаро пайпоғида 20 минг АҚШ долларини яширгани фош этилганди.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, жисмоний шахслар мамлакатга чекланмаган миқдорда валютани олиб киришлари ва четга 100 млн сўм ($10 минг) эквивалентида маблағ олиб чиқишлари мумкин.