Марказий банк Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари тўғрисида маълумот берди

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи. Марказий банк ҳисоботи жадвали

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2019 йил тўққиз ойида $21,5 миллиардни ташкил этган. Бу кўрсатгич йил бошидан қарзнинг 4,2 млрд, яъни 24 фоизга кўпайганини кўрсатади. Марказий банк ҳисоботида мана шундай маълумотлар берилган.

Ташқи қарзнинг $13,8 млрд — давлат, $7,7 млрд — хусусий секторга тўғри келади. Марказий банк ташқи қарзнинг ўсиши йил охиригача сақланиб қолинишини маълум қилади. Қарзнинг ўсиши мамлакат иқтисоди ва ўлкаларни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини молиялаштириш билан изоҳланади.

Хусусий секторда қарзнинг асосий улуши нефтгаз ва энергетика сектори (64%), банк (23%), телекоммуникация (3%) ва тўқимачилик (2%) соҳасига тўғри келади. Марказий банк таъкидлашича, 2019 йил хусусий сектордаги қарзлар банклар ҳисобига ортган.

Ноябрь ойида эълон қилинган бюджет лойиҳасида Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари 2020 йил бошига келиб $21,3 млрд (ЯИМга нисбатан 36%), ундан давлат улуши $15,3 млрд бўлишини прогноз қилганди. Ҳужжатда халқаро молиявий институтлардан Осиё тарраққиёт банки (ОТБ) $3,929 млрд ёки Ўзбекистон давлат қарзининг 51% миқдорида, Жаҳон банки $2,795 (37%), Ислом тараққиёт банки (ИТБ) – $869,7 млн (11%) миқдорида қарз бериши кўрсатилган .

Декабрда Ўзбекистон президенти 2020 йилги давлат бюджетини тасдиқлади. Унда ташқи қарзлар бўйича лимит кўрсатилган. Ҳукумат кафолати билан олинадиган ташқи қарзлар суммаси $4 миллиарддан ошмаслиги керак. Мақсадли дастурлар учун олинадиган қарзлар $1,5 млрд миқдорида белгиланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ