Тошкентда бизнес ва бошқарув соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлайдиган ТЕАМ университети очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида сўз юритади.
Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади. Лойиҳада унинг таъсисчилари ҳақида аниқ сўз юритилмаган, лекин унда «Business School HUMO Campus» МЧЖ кўп тилга олинади. Университетнинг «TEAM» деб номланиши ҳам аббревиатурага ўхшайди, лекин ундаги ҳарфларнинг тўлиқ номи келтирилмаган.
Университет 2020/2021 ўқув йилларида ўз фаолиятини бошлайди. Олийгоҳ республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорлик ва бошқарув, шунингдек бошқа соҳаларда юқори малакали мутахассисларни тайёрлайди.
Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, “blended learning” ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида амалга оширилади.
Унда таълим жараёни Университет томонидан тасдиқланадиган ва хорижий ҳамкорларнинг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ инглиз, ўзбек ва бошқа тилларда ташкил этилади.
Университет Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Темур Малик кўчаси, 146-уй манзилида, унинг Термиз шаҳридаги филиали эса Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри, Ҳаким ат-Термизий кўчаси, 13-уй манзилида жойлашган Сурхондарё вилояти юридик коллежи ҳудудида ташкил этилади.
Ҳозирда Тошкентда Абу Райҳон Беруний номидаги республика бизнес ва бошқарув олий мактаби фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 113 та олий таълим муассасаси иш юритади. Унда 25 та университет, 33 та институт, 30 та филиал, иккита академия, биттадан коесерватория ва олий мактаб, 21 та хориж олийгоҳларининг филиаллари мавжуд.
2030 йилга қадар олий таълимни ривожлантириш концепсиясига кўра, Ўзбекистондаги хусусий ОТМларнинг сони бештадан ўттизтага етказилади.