«Фарғона» ахборот агентлиги Роскомнадзор қарори ва ҳаракатининг ноқонунийлиги тўғрисида Москва шаҳар Арбитраж судига даъво аризасини киритди. Жавобгар — РФ Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасини назорат қилиш Федерал агентлигидир.
2019 йил 1 октябрдан Fergana.agency сайти Россия Федерацияси ҳудудида очилмай қолди. Бу давр мобайнида Роскомнадзор «Фарғона» сайтини икки марта очди ва ўша кун кечқурун яна блоклаб қўйди.
«Бизлар чоп этган қайси ахборотимиз қонунни бузгани ва уни ўчириб ташлашимиз кераклиги тўғрисида бирорта ҳам расмий огоҳлантириш олмадик, — дейди «Фарғона» таҳририятининг бош муҳаррири Мария Дубнова. —«Роскомсвобода» сайти ёрдамида икки марта блокланишимизга сабаб бўлган маълумотларни топдик ва уларни учириб ташладик. Мен расман «Роскомнадзор»га бу ҳақда маълумот бердим ва орадан тахминан бир кун ўтиб, сайт яна очила бошлади. Лекин бир неча соат ўтгач, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз сайтимиз яна Россия ҳудудида блокланди.
Учинчи бор блоклаш бир саҳифага эмас, бутун сайтга таалуқли бўлди. Биз бутун сайт блокланишига сабаб бўлган маълумотлар борасида юборган ёзма сўровимизга жавоб олдик. Бироқ, унда аниқ жавоб келтирилмаганди: сайт «Роскомнадзор қарорига асосан» ёпилган. Сайтимизда қонунга зид «инсоннинг ўзини-ўзи ўлдириши усулларига доир маълумотлар» борлигини биз шундоқ ҳам билардик. Жавоб хатида, шунингдек, Fergana.agency интернет-ресурси «таъқиқланган маълумотларни ўчириш учун чора кўрилмагани» сабаб блоклангани ёзилганди. Гап айнан қайси мақола устида кетаётганини билмасдан бизлар бирор чора кўролмасдик ахир».
«Фарғона» ахборот агентлиги манфаатини ҳимоя қилувчи «Агора» халқаро ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи адвокати Леонид Соловьев даъво аризасида хостинг провайдери, сайт соҳиби интернет саҳифаси реестрга киритилгани борасида хабарнома олмагани — керакли маълумотларни ўз вақтида ўчириш, шунингдек, Роскомнадзор ҳаракати устидан маъмурий ёки суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланишига имкон қолдирмаганини ёзган.
Блоклашдан олдин хабарнома бермаслик «Ахборот, ахборот технологиялари ва маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Федерал қонуннинг бузилиши ҳисобланади ва «Фарғона» ахборот агентлиги ўз даъво аризасида қонун талабларига риоя қилинмагани боис Роскомнадзорнинг сайтни блоклаш тўғрисидаги барча қарорларини ноқонуний деб тан олинишини талаб қилади.