Ўзбекистонда ер ва сув солиғи кўтарилди

Ўзбекистондаги фермер хўжалиги. President.uz сайти фотосурати

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва аҳоли пунктларида ер солиғи ставкалари кўтарилади. 9 декабрь куни республика президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган «Давлат бюджети тўғрисида»ги конунининг №9 иловасида мазкур ставкалар миқдори кўрсатилган.

Тошкент — турли хил солиқ ставкалари билан бешта иқтисодий зонага бўлинган ягона минтақа бўлиб қолди. Келаси йилдан бошлаб биринчи зонада (энг кимматли) ер участкаларига эга ташкилотлар бир гектар ер учун 181 млн сўм ($19 минг) тўлашига тўғри келади, ҳолбуки бу йил сумма миқдори 157,4 млн сўмни ($16,5 минг) ташкил этганди. Турар-жой қурилиши учун ер сотиб олган фуқароларга ер солиғи ставкаси бир квадрат метр учун 902 сўмдан ($0,1) 1038 сўмгача ($0,11) кўтарилган. Компаниялар учун бешинчи зонадаги (энг арзон) бир гектар учун ер солиғи 31,4 млн сўмдан ($3,3 минг) 36,2 млн сўмгача ($3,8 минг), жисмоний шахслар учун 1 кв.м учун 357 сўмдан ($0,037) 410 сўмгача ($0,043) ошган.

Вилоят марказлари учун энг катта ер солиғи Андижон, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида белгиланган. Бир гектар ер учун ташкилотлар 28,7 млн сўм ($3 мингдан ортиқ), фуқаролар бир «квадрат»га 259 сўм ($0,027) миқдорида солиқ тўлайдилар. Жорий йилда ушбу шаҳарларда мулкдорлар учун мазкур ставкалар 25 млн сўм ($2,6 минг) ва 225 сўм ($0,023) миқдорида эди.

Бундан ташқари, 2020 йилдан сув ресурсларидан фойдаланиш солиғининг ставкалари ҳам кўтарилган. Фермер ва хусусий тарбиркорларга 1 куб метр сув учун солиқ ставкаси 120 сўмдан ($0,012) 140 сўмгача ($0,014) , саноат корхоналари учун – 360 сўмдан ($0,038) 410 сўмгача ($0,043) кўтарилган. Автоювиш масканлари учун бир куб метр учун сув солиғи 1200 сўмдан ($0,13) 1380 сўмгача ($0,15), электрстанциялар учун – 30 сўмдан ($0,0031) 35 сўмгача ($0,0036) ортган.

Ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик солиғи йилда бир марта тўланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ