Ўзбекистондаги компанияларнинг сўров қилинган IT-директор ва мутахассисларидан ярмидан кўпи (53%) ахборот ҳимоясининг самарали тизимини барпо этиш учун маблағ етишмовчилигидан арз қилди. Ушбу маълумот ESET халқаро антивирус компанияси томонидан республика ташкилотларида ўтказилган ахборот хавфсизлиги ҳолатининг таҳлили натижасида маълум қилинди.
ESET маълумотларига кўра, тадқиқот мақсади компаниялар ахборот активларининг таҳдидлардан ҳимояланганлик ва уларнинг киберҳужумларга қарши курашишга тайёрлик даражаларини баҳолашдан иборат. Ахборот хавфсизлиги ҳолатини баҳолашда жавоб берганларнинг 18 фоизи уни қониқарсиз деб ҳисоблаши маълум бўлди.
Сўров натижаларига кўра, компанияларнинг 55% ички кибер таҳдидлар, 72% эса ташқи кибер ҳужумларга дуч келган. Бошқа МДҲ давлатларининг кўпчилиги сингари, Ўзбекистонда ҳам энг кенг тарқалган кибер таҳдид спам (у ҳақида 50% хабар берди) бўлиб, иккинчи ўринда зарарли дастурий таъминот турар экан (48%).
Жавоб берганларнинг 18% уларнинг ташкилотлари тасодифий ахборот чиқиб кетишидан, 10% эса уюштирилган ахборот чиқиб кетишидан зарар кўрганини маълум қилди. Респондентларнинг 18 % хавфсизлик билан муаммоларни хизматлар етказиб берувчи билан боғлаган бўлса, 15% ходимлар томонидан корпоратив мобил қурилмалар йўқотилганлигини сабаб қилиб кўрсатдилар.
Ўзбекистон тадбиркорлари молиявий ахборотни энг аҳамиятли деб ҳисоблайдилар: 75% компаниялар кибертаҳдидлардан алоҳида ҳимояга муҳтож эканликларини маълум қилди. 48% ташкилотлар амалий фаолият ҳақидаги ахборотга, 45% ҳамкор ва мижозлар ҳақидаги маълумотларга, 25% — ходимларнинг шахсий маълумотларига урғу берди.
Ўзбекистонинг 98% компаниялари антивируслардан фойдаланади, 43% ўрнатилган дастурлардан фойдаланиш ва янгиланишини назорат қилади. 28% ташкилотларда молиявий операцияларни ҳимоя қилиш тизимлари ишлайди.
2019 йилнинг октябрида Давлат хавсизлиги хизматининг (ДХХ) хакерлар билан алоқаси маълум бўлганда, Ўзбекистонда компьютер хавфсизлиги билан боғлиқ катта шов-шув кўтарилди. Кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишга ихтисослашган Россиянинг “Касперский лабораторияси” маълумотларига кўра, ўзбек махсус хизмати билан тахминларга кўра боғлиқ бўлган гуруҳ ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ва журналистларга қарши ҳужумлар уюштирган.
ДХХ билан боғлиқ гуруҳ компьютер тизимларида заифликларни топувчи зараркунанда дастурларни ўз вақтида Исроил фирмаларидан сотиб олган. Улар асосида барпо этилган зарарли дастурлар “Касперский лабораторияси” антивирусларида синовдан ўтказилган бўлиб, улар ишлаб чиқарувчилар таҳлили учун таҳдид ва хатолар ҳақида ҳисобот жўнатган ва шу тариқа мутахассислар хакерлик ҳужумлари воситалари ҳақида маълумотлар олган.