Қадим Тошкент «муҳофизи» вафот етди

Машҳур ўлкашунос ва Ўзбекистон тарихи тарғиботчиси Борис Анатольевич Голендер оламдан ўтди
Борис Голендер. Андрей Кудряшов фотосурати, «Фарғона"

«Фарғона» ахборот агентлиги таниқли ўзбекистонлик тарихчи, ўлкашунос, журналист ва ёзувчи Борис Анатольевич Голендернинг вафот этганини чуқур қайғу билан маълум қилади.

У 2026 йил 5 февралда, 78 ёшида, оғир касалликдан сўнг вафот этди. Бу инсоннинг Тошкент ва бутун Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини асраш йўлидаги фидоийлиги кўп авлодлар учун ҳақиқий маёқ вазифасини ўтаганди.

Борис Голендер 1947 йил 12 сентабрда Тошкентда туғилган. У Тошкент давлат университетининг кимё факультетини тамомлаган ва 1978 йили кимё фани бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Бироқ, тарих ва ўлкашунослик унинг ҳаёти мазмунига айланди. Журналистикага ўтиб, у бутун ҳаётини она шаҳри ва мамлакатининг ўтмишини ўрганиш ва оммалаштиришга бағишлади. Борис Анатольевич Тошкентдаги Сергей Есенин номидаги давлат музейида ишлаган ва у ерда адабиёт ва тарихни жонлантирган ҳолда қизиқарли экскурсиялар ўтказган.

Борис Голендер Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид 100 дан ортиқ китоб, мақола ва нашрларнинг муаллифидир, «Олийжаноб тошкентликларим» ва «Ўтмишга назар: Туркистон қадим почта откриткаларида (1898–1917)» шулар жумласидандир.

Унинг маърузалари, экскурсиялари, подкастлари ва видеолари — қадимги Чилонзор тарихидан тортиб, Тошкент кўчалари сирларига қадар ҳикоялари — тингловчилар учун ўтмишнинг унутилган саҳифаларини очиб берарди.

Борис Анатольевич нафақат олим, балки ҳақиқий вақт қўриқчиси, Тошкент асори-атиқалари жамловчиси бўлиб, бор билимларини самимий иштиёқ ва жонли ҳазил туйғуси билан баҳам кўрарди.

Борис Анатольевични «Фарғона» ахборот агентлиги билан самарали ҳамкорлик боғлаб келган. Унинг видео маърузалари ва платформаларимизда нашр этилган материаллари Марказий Осиё маданий меросини ёритишга қимматли ҳисса қўшди.

Биз бундай олийжаноб инсон билан ишлаш имкониятига эга бўлганимиздан фахрланамиз, унинг тадқиқотлари ўқувчиларимиз ва томошабинларимизни ўз юртининг тарихини, ўзлигини чуқур англашга илҳомлантирарди.

Борис Анатольевич вафоти ўзбек тарихшунослиги, ўлкашунослиги ва уни устоз ва дўст сифатида қадрлаган барча одамлар учун улкан йўқотишдир. Голендернинг асарлари келажак авлодлар учун билим манбаи бўлиб қолади ва унинг хотираси инсонлар қалбида ёрқин из қолдиради.

«Фарғона» ахборот агентлиги Борис Анатольевич Голендернинг оиласи, дўстлари ва ҳамкасбларига самимий ҳамдардлик билдиради.

Охиратлари обод бўлсин!

Борис Голендер. Андрей Кудряшов фотосурати, «Фарғона"