Қозоғистон ўзининг артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Мамлакат ҳанузгача хорижий ўқ-дорилар таъминотига қарам эди, бироқ энди вазият ўзгаради. Унинг ҳудудида тўртта завод ташкил этилади, улар экспорт учун, жумладан, НАТО стандартидаги снарядлар ва миналарни ишлаб чиқаришни режалаштиришмоқда. Бу янгилик Россия оммавий ахборот воситаларида танқидларга сабаб бўлди, улар Қозоғистонни хоинликда айблай бошладилар. Тафсилотлари — «Фарғона» материалида.
1 миллиард долларлик лойиҳа
Қозоғистонда илк бор артиллерия ўқ-дорилари заводи қурилмоқда. Лойиҳа Great Sky компанияси томонидан ASPAN дастури доирасида амалга оширилмоқда. Дастур доирасида мамлакатда жами тўртта артиллерия снарядлари ва миналар ишлаб чиқариш заводи қурилади. Sputnik.kz хабарига кўра, бу ҳақда Great Sky бош директорининг биринчи ўринбосари Андрей Тихоненко маълум қилган.
«Лойиҳа катта салоҳиятга эга, чунки ўқ-дорилар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча хомашё — металл, пахта, кислоталар ва бошқа материаллар — Қозоғистонда мавжуд», — деб таъкидлади Тихоненко.
Янги корхоналарда Қозоғистон армиясида ишлатиладиган артиллерия снарядларини — 82 мм, 120 мм, 122 мм ва 152 мм калибрлари, шунингдек, экспорт учун мўлжалланган НАТО стандартидаги 155 мм ва 60 мм ўқ-дорилари ишлаб чиқарилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 500 миллиард тенге (тахминан 1 миллиард доллар) га баҳоланмоқда. Биринчи объект, ASPAN-1 заводи 2027 йили маҳсулот ишлаб чиқара бошлайди. У снарядлар ва миналар учун корпуслар ишлаб чиқаради.
Great Sky —Остонада рўйхатдан ўтган Қозоғистон компанияси, деб ёзади Orda.kz. Кompra маълумотларига кўра, унинг асосчиларидан бири Мудофаа саноати мажмуаси корхоналари ассоциацияси бошқаруви раиси Айбек Барисовдир. Компания фаолияти металл буюмлар ишлаб чиқариш, шунингдек, мудофаа ва миллий хавфсизлик соҳасида тадқиқотлар олиб бориш ва ишланмаларни яратишни ўз ичига олади.
Қарамликдан қутулиш
Қозоғистонда қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш зарурати бир неча йиллардан бери муҳокама қилиниб келинади. 2023 йил сентябрь ойида президент Қосим-Жомарт Тўқаев халққа қилган мурожаатида махсус Мудофаа саноати мажмуасини ривожлантириш фонди орқали маҳаллий мудофаа корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлашни оширишга ваъда берган эди. Ўша йили Олмаота вилоятида бўлиб ўтган «Батыл тойтарыс-2023» ҳарбий машғулотларида Тўқаев шундай деган эди: «Зирҳли транспорт воситалари, учувчисиз учиш аппаратлари, замонавий кичик қуроллар — буларнинг барчасини мамлакатимизда ишлаб чиқаришимиз мумкин ва лозим».
Ҳозирда республика хориждан, биринчи навбатда Россиядан қурол етказиб берилишига қарам. Бироқ, бир неча йиллардан бери Қозоғистон бошқа давлатлар билан фаол ҳамкорлик қилиш орқали бу қарамликни камайтириш устида иш олиб бормоқда. «Бугунги кунда биз фақат Россия қуролларини сотиб оляпмиз, дейиш мутлақо нотўғри. Бизнинг барча харидларимиз диверсификацияланган», — дейди Мудофаа вазири ўринбосари Бакитбек Сидиқов ва шериклар қаторида Хитой, Туркия, Сербия ва Чехия Республикасини тилга олди.
RTVI телеканалига ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган юқори мартабали қозоғистонлик ҳарбий мулозим яқин яқингача хорижий таъминотга боғлиқлик жуда кучли бўлганини таъкидлаган. Беш йил олдин, Канада компанияси иштирокида Қарағанда яқинида кичик қурол-яроғлар ўқ-дорилар заводи ишга туширилганда, вазият яхшиланган. «Эндиги қадам — бу ҳозирги геосиёсий вазиятда жуда муҳим бўлган снарядларни ишлаб чиқаришдир», — деб таъкидлайди манба.
У тилга олган завод Steel Manufacturing деб номланади. Компания ўзининг биринчи ўқ-дорилар партиясини 2020 йилда ишлаб чиқарган. Завод бош директори Замир Нугумановнинг Forbes.kz нашрига берган интервюсидан парча: «Агар керак бўлса, мижозлардан буюртма олсак, НАТО мамлакатларида қабул қилинган милтиқ патронларини — 5,56×45 мм ва 7,62×51 мм — ишлаб чиқаришни осонгина йўлга қўйишимиз мумкин. Ускуналар бизга НАТОга хос патронларни ишлаб чиқариш учун машиналаримизни қайта жиҳозлаш имконини беради».
Нугуманов билан интервью 2023 йил март ойида нашр этилганди, аммо у ҳеч қандай реакцияга сабаб бўлмаганди. Хўш, нега энди НАТОга хос 155 мм калибрли ўқ-дорилар ишлаб чиқарилиши ҳақидаги хабарлар Россия оммавий ахборот воситаларида бунчалик шов-шувга сабаб бўлди?
Реакция
«Қозоғистон «Россия ортига беркиниб олиб», КХШТга хиёнат қилмоқда, НАТО снарядларини ишлаб чиқармоқда», «Қозоғистон урушга тайёргарлик кўрмоқда» — сўнгги кунларда Россия интернет нашрларида шундай сарлавҳалар пайдо бўлди. Сиёсатчилар ҳам ўз фикрларини билдиришди: Давлат Думаси Мудофаа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Журавлев «Газетой.Ru» билан суҳбатда Қозоғистоннинг ҳаракатларини «дўстона эмас» деб атади.
«Биз кўринишидан «қардош бўлмиш» республиканинг нафақат рус тилидан, балки кирилл алифбосидан ҳам воз кечганига эътибор бермасликка ҳаракат қиляпмиз. Улар Украинани қўллаб-қувватлаб, «дахлсизлик ўтовлари»ни тиклаётганига ҳам кўз юмяпмиз. Мана энди улар НАТО ўқ-дори стандартларига ўтмоқдалар, афтидан келажакда Россия қуролларидан воз кечиш, уларни Ғарб қуроллари билан алмаштириш ниятида. Остона Россия ҳарбий-саноат комплекси ускуналарининг энг йирик харидори бўлмаган бўлиши мумкин, аммо бу ҳаракатнинг ўзи турган гап дўстона эмас ва бунга мос равишда жавоб бериш керак. Биз НАТО билан бундай ҳамкорлик Киев учун қандай «кароматлар» кўрсатганини яхши биламиз», — деб таъкидлади у.
Ҳарбий ва сиёсий можароларни ўрганиш маркази директори Андрей Клинцевич Қозоғистон «155 мм ва НАТО миналарини ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – «Фарғона изоҳи) доирасида бошқа стандартлаштириш остида параллел таъминот тизимини яратаётганини ва шу билан ҳарбий интеграциянинг ҳақиқий даражасини заифлаштираётганини» таъкидлади.
«КП» ҳарбий шарҳловчиси Виктор Баранец ҳатто «хиёнат» сўзини тилга олди ва Қозоғистон «деярли НАТОнинг ёрдамчисига айланмоқда», деб айтди.
Қозоғистон жавоби
18 декабрь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги россиялик мутахассислар ва оммавий ахборот воситаларининг нашрларига жавобан бундай талқинлар «асоссиз» эканини таъкидлади.
«Тарқатилаётган маълумотлар ва уларнинг талқини мудофаа соҳасидаги лойиҳаларнинг ҳақиқий мақсади ва вазифаларини бузиб кўрсатади», — дея Қозоғистон матбуоти расмий баёнот матнидан келтиради.
«Гап қурол стандартларини қайта кўриб чиқиш ёки бошқа давлатларга қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар ҳақида эмас. Режалаштирилган ишлаб чиқариш қуввати фақат Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучларида мавжуд қуролларнинг учун ўқ-дориларга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган», — деб таъкидлайди вазирлик.
Ўша куни қозоғистонлик иқтисодчи Раҳим Ошакбаев ўзининг Телеграм каналида Россия оммавий ахборот воситалари ёзганларидан «чин дилдан ҳайратда қолган» Мудофаа вазирлиги вакиллари билан норасмий суҳбатлашганини хабар қилди. «Ҳеч қандай «ортга қайтиш», иттифоқчилардан воз кечиш, «русофобик форпост» йўқ», — деб ёзади у.
«Заводлар кўп қиррали бўлиши, экспорт буюртмаларини қондириш учун маҳсулот турларини модернизация қилиш ва кенгайтириш имкониятига эга бўлиши учун мўлжалланган. Келажакда фақат Қозоғистон Қуролли Кучларидан сўров бўлган тақдирдагина 155 мм ўқ-дорилар ишлаб чиқариш кўриб чиқилади. Шуни таъкидлаш лозим, Қозоғистонда бу стандартдаги артиллерия тизимлари йўқ ва армиянинг «НАТО стандартига ўтиши» ҳақида ҳеч қачон гап бўлмаган», — деб ёзган Ошакбаев, Россиянинг ўзи узоқ вақтдан бери 155 мм калибрли ечимларни кўриб чиқётганини таъкидлаган. «Рособоронэкспорт» 2022-2023 йиллари «Мста-С» 155 мм ўзиюрар артиллерия тизимини намойиш этганини эслаш кифоя», — деб қўшимча қилган у.
Ошакбаев шунингдек, Қозоғистоннинг КХШТ доирасидаги мажбуриятларига алоҳида тўхтаб ўтган.
«Ташкилотнинг ноябрь ойида Бишкекда бўлиб ўтган сўнгги саммити иттифоқнинг кейинги стратегик йўналишига, жумладан, аъзо давлатларни сўнгги можароларда ўзини яхши кўрсатган Россия ҳарбий-саноат комплекси қурол тизимлари билан қайта қуроллантириш ташаббусларига содиқлигини тасдиқлади», — деб ёзган иқтисодчи.
Гап Россия президенти Владимир Путиннинг 27 ноябрь куни Бишкекда қилган таклифи ҳақида бормоқда. Ушанда у Россия қуроллари ҳақиқий жангларда ўзининг самарадорлигини исботлаганини ва Москва КХШТ иттифоқчиларига уларни бундай ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кенг кўламли дастурни таклиф қилишини айтганди.
Бундай тушунтиришлар Россия томонини тинчлантирадими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Аммо (агар исталса) бу масалани энг юқори даражада муҳокама қилиш имконияти бугун пайдо бўлади: 22 декабрь куни Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербургда МДҲ етакчиларининг анъанавий йиллик норасмий учрашуви бўлиб ўтади.
-
18 Декабрь18.12Олтовлон учун сакэМарказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор -
16 Декабрь16.12СуратАниқ чизиқлар устасиТошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда -
08 Декабрь08.12СуратҚашкадарё бестиарийсиТошкентда Чори Шамснинг «Туркий халқларнинг хаёлий мавжудотлари» кўргазмаси очилди -
02 Декабрь02.12Видео«Армия мавзусини қўзғамасликни сўрашди»YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди -
28 Ноябрь28.11С5 учун Озарбайжон иловасиИлҳом Алиев Марказий Осиё учун бегона эмас -
24 Ноябрь24.11Мана сизга — янги бурилишРоссиялик олимлар Марказий Осиёни Сибир дарёлари ёрдамида суғориш лойиҳасини қайта тикламоқчилар



