Экрем Имомўғли замонавий Туркия сиёсатидаги энг кўзга кўринган шахслардан бири, Истанбул мэри ва Ражаб Тоййип Эрдўғоннинг авторитар бошқарувига қаршилик кўрсатиш рамзига айланган мухолифат етакчисидир. «Фарғона» директори Даниил Кислов Имомўғлининг сиёсий йўли, мухолифатдаги ўрни, коррупция айбловлари, ҳибсга олиниши ва сўнгги кунлар воқеалари ҳақида.
Сиёсий таржимаи ҳол
Экрем Имомўғли бундан эллик беш йил аввал Трабзон вилоятининг Жевизли (Cevizli) қишлоғида туғилган. Истанбул университетини тамомлаган, инсон ресурслари бошқаруви бўйича магистрлик даражасига эга. Имомўғли катта сиёсатга киришдан олдин бизнес билан шуғулланган, оилавий қурилиш компаниясини бошқарган. Унинг сиёсий фаолияти 2009 йили Туркиянинг энг йирик мухолифат кучи бўлган Жумҳурият Халқ партиясига (CHP) қўшилишидан бошланган. 2014 йили Истанбулнинг Бейликдўзи (Beylikdüzü) тумани ҳокими этиб сайланган ва унинг инфратузилма ва ижтимоий хизматларни яхшилаш борасидаги фаолияти юқори баҳоланган.
Имомўғлининг сиёсий фаолиятидаги ҳақиқий парвоз 2019 йили Истанбул ҳокимлигига сайловларда CHP ва «Яхши партия» (İyi Parti) коалицияси бўлган Миллий Альянс (Millet İttifakı) номзоди бўлганида юз берди. Ўшанда унинг Эрдўғон режими билан биринчи тўқнашуви юз берганди: Имомўғли минимал 13 минг овоз билан ғалаба қозонганди, аммо ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АКР) номидан ҳукумат натижаларни бекор қилган.
2019 йил июнь ойида бўлиб ўтган қайта сайловда Имомўғлу АКРдаги рақиби Бинали Йилдирим (Binali Yıldırım) дан 800 минг кўп овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонган. 2024 йили эса у шаҳар ҳокимлиги сайловларида яна ғалаба қозониб, Туркиянинг энг машҳур сиёсатчиларидан бири сифатида мавқеини мустаҳкамлади.
Эрдўғонга рақиблик
Имомўғли ўзининг харизми, жамиятнинг турли қатламларини бирлаштира олиши ва сайловлардаги муваффақияти туфайли Эрдўғоннинг асосий рақибига айланди. Туркиянинг иқтисодий ва маданий маркази бўлмиш Истанбул рамзий аҳамиятга эга: Эрдўғоннинг ўзи 1994 йили шаҳар мэри сифатида фаолиятини бошлаган ва унинг партияси 2019 йилгача мамлакатнинг энг йирик шаҳрини тўлиқ назорат қилганди.
Имомўғлининг ғалабаси АКР имиджига жиддий зарба берди, айниқса 2024 йили май ойида инфляция 75,5 фоиз даражасига чиққан фонида.
Имомоғлу ўзини жамиятдаги тафовутни бартараф этишга қодир сиёсатчи сифатида намоён эта олди. У нафақат CHPнинг дунёвий электоратига, балки консерватив сайловчиларга, жумладан курдлар ва миллатчиларга ҳам мурожаат қилди. Унинг «Ҳаммаси яхши бўлади» (Her şey çok güzel olacak) шиори мухолифат учун умид тимсолига айланди.
Авторитар бошқарув услуби сабаб тез-тез танқид қилинадиган Эрдоғондан фарқли ўлароқ, Имомўғли демократия, шаффофлик ва ижтимоий адолатга урғу беради.
Коррупцияда гумонланиш
2025 йил 19 мартда Имомўғли коррупция, пул ювиш ва террорчилик ташкилотлари, жумладан, Туркияда фаолияти ҳали ҳам тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (РКК) билан алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди. Давлатга қарашли Anadolu агентлиги маълумотларига кўра, нафақат Имомўғли ҳибсга олинган, прокурорлар 100 дан ортиқ кишини, жумладан, мэр маслаҳатчиси Мурат Онгунни (Murat Ongun) ҳам ҳибсга олиш учун ордер берган.
Иш материалларида Имомўғли гўёки тадбиркорлардан пул ундириб, ноқонуний фойда кўриш учун ишлатган «уюшган жиноий гуруҳ раҳбари» сифатида тасвирланган.
Айбловлар кенг резонансга сабаб бўлди. Имомўғлининг ўзи уларни «таҳқирлаш» деб атади ва бу уни 2028 йилги президентлик сайловларида Эрдўғонга мухолиф бўлишига йўл қўймаслик учун уюштирилган жараён эканини таъкидлади. Унинг рафиқаси Дилек Имомўғли (Dilek İmamoğlu) Now телеканалига берган интервьюсида эрининг ҳибсга олинишини «Туркиянинг бўлажак президентига қарши ўтказилган мақсадли операция» деб атади.
Қизиғи шундаки, унинг ҳибсга олиниши арафасида Истанбул университети Имомўғлига берилган дипломни бекор қилди. Бу ҳолат унинг президентликка номзод бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилади, зеро бу Туркияда мажбурий шарт. Ҳокимиятга яқин бўлган Sabah газетаси прокурор ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, тергов «далилларга» асосланганини ёзди. Бироқ, Cumhuriyet каби мухолиф нашрлар ишнинг очиқ далиллар ва сиёсий контекстга эга эмаслигига ишора қилади.
Мухолифатдаги роль
Имомўғлу турли сиёсий кучларни бирлаштира олгани туфайли мухолифат етакчисига айланди. 2019 йили ғалаба қозонганидан бери у шаффоф бошқарувга урғу берадиган лойиҳаларни амалга ошириб, Истанбулни Эрдўғонга қарши қаршилик қалъасига айлантирди. Мисол учун, у аввалги АКР маъмуриятининг камомадларига доир маълумотларни эълон қилди. CHP бутун мамлакат бўйлаб АКРни мағлуб этган 2024 йилги маҳаллий сайловларда Имомўғлининг кўрсаткичи унинг президентликка номзод сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади. Hürriyet нашрининг таъкидлашича, Имомўғли нафақат дунёвий сайловчилар, балки курдлар, шунингдек, Эрдўғоннинг иқтисодий сиёсатидан норози бўлган айрим консерваторлар овозини ҳам ўзига жалб қила олган.
CHP ичида Имомоғли мухолифатни ўз атрофида тўплай олган шахсга айланди. Ҳибсга олинганидан сўнг партия раҳбари Ўзгур Ўзел (Özgür Özel) тарафдорларини намойишни давом эттиришга чақираркан — «Халқ иродаси топталишига йўл қўймаймиз», деди. Имомўғлини бошқа мухолифат етакчилари, жумладан Анқара мэри Мансур Яваш (Mansur Yavaş) ҳам қўллаб-қувватлади, бу эса мазкур мақола қаҳрамонининг таъсир доирасини кўрсатади.
Шу кунлар воқеалари
2025 йил 23 март куни Истанбул суди Имомўғлини коррупцияда айблаб, расман ҳибсга олди, бу эса оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Қизиғи шундаки, ҳибсга олинган куни CHP праймеризлари бўлиб ўтди, унда Имомўғлу рекорд даражадаги овозлар билан президентликка номзод этиб сайланди: 15 миллионга яқин овоз. Туркиянинг Истанбул, Анқара, Измир ва бошқа йирик шаҳарларида тарафдорларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги кунларда 1100 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган, жумладан, сўнгги 24 соат ичида уларнинг 700 нафари.
Таҳлил ва истиқболлар
Имомўғли иши катта эҳтимол билан сиёсий мотивларга эга. Иқтисодий инқироз туфайли машҳурлиги пасайиб бораётган Эрдоғон Имомўғлини ўзига таҳдид сифатида кўради. CHP праймеризи арафасида дипломининг олиб қўйилиши ва ҳибсга олиниши яққол уни президентлик пойгасидан четлаштиришга бўлган уринишдир. Бироқ, Cumhuriyet нашрининг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар акс таъсир кўрсатиши мумкин: ҳибсга олинганидан сўнг Имомўғли янада машҳур бўлиб кетди, мухолифат эса унинг атрофида янада жипслашди.
Amnesty International ташкилотининг таъкидлашича, Имомўғлининг ҳибсга олиниши «турк ҳукумати томонидан тинч мухолифатга қарши давом этаётган тазйиқлар ва асосий мухолифат партияси CHPга нисбатан таъқибларнинг кучайиб бораётганини англатади».
Одамлар Имомўғлининг ҳибсга олинишини 1990-йиллари судланган, бироқ кейинчалик бу фактдан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун фойдаланган Эрдўғон тақдири билан қиёслашади.
«Менимча, Эрдўғон Туркияда Путиннинг авторитар бошқарув услубини ўрнатмоқчи, бироқ Туркия Россиядан фарқли ўлароқ ресурсларга бой эмас», — деб ёзади ҳозирда Германияда яшаётган сиёсатшунос ва собиқ турк дипломати Умер Мурат. — Чет эл сармояси бўлмаса, иқтисодиёт таназзулга юз тутади, қонун устуворлиги ва демократияга путур етказилиши оқибатида инвесторлар чиқиб кетади. Имомўғлу ҳибсга олинганидан бери Марказий банк лира курсини сақлаб қолиш учун кунига 11,5 миллиард доллар сарфламоқда — бу ташвишли белги. Эрдўғон рақибларни қандай олиб йўқ қилишни билади, лекин у иқтисодни бошқара олмаяпти ва инқироздан азият чекаётган халқ буни пайқаб турибди».
Имомўғли Туркия сиёсатидаги асосий фигура бўлиб қолмоқда. Унинг иши нафақат ҳокимият учун кураш элементи, балки Туркиядаги демократия барқарорлиги имтиҳонидир. Агар мухолифат ҳозирги вазиятдан фойдаланиб қололса, у ҳолда 2028 йили Эрдўғонга қарши майдонга чиқа олади. Бироқ, ҳукумат томонидан тазйиқлар ва намойишларни чеклаш жиддий тўсиқларни келтириб чиқаради. Имомўғли ҳибсда бўлса ҳам, миллионлаб туркларни ўзгаришлар учун курашга илҳомлантиришда ва норозилик ҳаракатига раҳбарлик қилишда давом эта оладими, деган савол бугун кўндаланг турибди.
* * *.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қиёслаш мумкин бўлган Туркиядаги айрим сиёсий ҳибслар:
▫️Халқлар демократик партияси (HDP) етакчиларининг ҳибсга олиниши. 2016 йили HDP етакчилари Салаҳаттин Демиртош ва Фиген Юксегдаг Курдистон ишчилар партияси (РКК) билан алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган. Демиртошга террор ташвиқотини тарқатиш ва турк миллатини ҳақоратлаш каби 100 дан ортиқ айбловлар қўйилган. У 42 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
▫️Усмон Кавала. 2017 йили Эрдўғон сиёсатини танқид қилган тадбиркор ва ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Кавала ҳибсга олинган эди. У 2022 йили давлат тўнтаришига уринишда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Кўпгина инсон ҳуқуқлари ташкилотлари унинг ишини сиёсий мотивларга эга, деб ҳисоблайди.
▫️2016 йилги ҳарбий тўнтаришга уринишдан кейинги сиёсий тозалашлар. 2016 йил июлидаги муваффақиятсиз ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг Туркияда кенг кўламли сиёсий тозалашлар бошланган. Террорчи ташкилот деб эълон қилинган Гулен ҳаракати билан алоқадорликда гумон қилинган ўн минглаб ҳукумат амалдорлари, ҳарбий хизматчилар ва оддий фуқаролар ҳибсга олинган. Бу тозалашлар нафақат давлат тўнтаришига бевосита алоқадор бўлганларга, балки унга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамларга ҳам таъсир қилган.
Келтирилган мисоллар шуни кўрсатадики, Туркияда мухолиф сиёсатчи ва фаолларнинг ҳибсга олиниши кам учрайдиган ҳолат эмас ва у кўпинча сиёсий босим ва ўзгача тафаккурни бостириш воситаси сифатида қўлланилади.
-
19 Март19.03Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигининг янги босқичиЕвропа комиссари Йозеф Сикеланинг Марказий Осиёга ташрифи натижалари
-
17 Март17.03«Агар Ўзбекистон футболи тўғри йўлдан кетса, бундан ҳамма фойда кўради»Алишер Аминов — ўзбек футболи истиқболлари ва камчиликлари ҳақида
-
07 Март07.03ФотоРассомлардан аёлларга совғаТошкентда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган кўргазма очилди
-
05 Март05.03«Ўзбек клублари ҳар йили Хусанов даражасидаги футболчиларни етиштириб беролмайди»«Нефтчи» бош менежери Жафар Ирисметов — трансфер тақиқи, Виталий Левченко ва келажак режалари ҳақида
-
04 Март04.03Маҳаллий корхоналарни сиқиб чиқарган ҳолдаХитой цемент заводлари Ўзбекистон бозорини эгаллай бошлади
-
03 Март03.03Ҳам анъаналар, ҳам замонавийликНега айнан бугунги кунда Ўзбекистон диний соҳада давлат сиёсати концепциясини қабул қилгани ҳақида