Баъзида футбол осмонида юлдулар жуда кеч чарақлайди. Бунга дунёда минглаб мисоллар мавжуд. Мисол қилиб инглиз Жейми Варди, россиялик Роман Широков ва колумбиялик Карлос Баккани келтириш мумкин. Бу ўйинчиларнинг барчаси юқори даражага жуда кеч эришган. Ўзбекистон Суперлигасида ҳам шундай бир футболчи бор. Гап 30 ёшида илк бор Ўзбекистон Суперлигасининг энг керакли футболчиларидан бирига айланган ва Ўзбекистон миллий терма жамоасига таклиф этилган Самарқанд «Динамо»си ҳужумчиси Анвар Ҳожимирзаев ҳақида боради.
Анвар асли Наманган вилоятидан. Барча болалар каби у ҳам футбол ўйнашни ёқтирар, лекин профессионал даражага чиқишни фақат орзу қиларди. Узоқ вақт давомида Фарғонанинг «Истиқлол» жамоасида тўп сурган, у ерда олий лига жамоаси – Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси мураббийлари эътиборини тортган. 25 ёшли футболчига шартнома таклиф қилишади. Орзу амалга ошди, дейиш мумкин. Бироқ, ўша пайтда Андрей Канчельскис бош мураббийлигидаги клубда бирорта ҳам ўйин ўтказа олмайди, орадан олти ой ўтиб эса иккинчи лигага чиққан ва молиявий аҳволи унчалик яхши бўлмаган Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида тўп суришига тўғри келади.
Олти ой давомида «нефтчилар» сафида омадсиз ўйнаган Анвар олий лиганинг «Қўқон» клубига ўтади, аммо у ерда ҳам, икки мавсум давомида футболчи вақти-вақти билан гол уриб, голли узатмаларни амалга ошириб турса-да, асосий футболчига айланолмайди. 2022 йилги мавсум якунига кўра, «Қўқон» ва у билан бирга Анвар ҳам Суперлигадан тушиб кетади. Аммо, «интилганга тоъле ёр» деганларидек, ниҳоят Ҳожимирзаевга омади кулиб боқади.
Про-лиганинг 2023 йилги мавсуми Анвар учун омадли бўлди – футболчи 20 ўйинда 16 та гол уриб, 6 та голли узатмани амалга оширган ҳолда тўлақонли етакчига футболчи айланди. Жамоа лигада учинчи ўринни эгаллади, бироқ плей-офф босқичига чиқа олмади. Аммо Ҳожимирзаев жамоани суперлигага қайтара олган Самарқанд «Динамо»си бош мураббийи Вадим Абрамовнинг эътиборини тортганди. Анвар «Қўқон»да қолиши ҳам мумкин эди, аммо клуб футболчи илгари сурган молиявий шартларга рози бўлмайди. Натижада Анвар Қўқонни Самарқандга ўзгартиради.
2024 йилги Суперлига мавсуми «Динамо» учун осон кечмади. Инфратузилмадаги муаммолар Самарқандда уй учрашувларини ўтказишга тўсқинлик қилди, машғулот майдонлари ҳам ёмон аҳволда эди. Шунга қарамай, «Динамо» турнир жадвалининг ўрталарида ўйинни якунланган бўлсада, чиройли футбол намойиш этолди. Айни пайтда Анварнинг Қирғизистон терма жамоаси ҳужумчиси Жоэл Кожо билан ҳамкорлиги ажойиб бўлди. Иккала футболчилар 18 та гол (шундан 10 тасини Анвар киритган) киритиб, энг сермаҳсул дуэтга айланишди. Ҳожимирзаев мавсум кашфиёти сифатида эътироф этилди. У ўзини энг яхши футболчи деб атайди. Январь ойида эса футболчи катта эҳтимол билан 2026 йилги жаҳон чемпионатига борадиган Ўзбекистон терма жамоасига илк чақирувни олди.
«Фарғона» билан суҳбатда футболчи ўзининг машаққатли фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
— Ўзингизни анча кеч намоён қила бошладингиз. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ эди?
— Ҳар бир футболчининг ўз маҳоратини кўрсатадиган вақти бор. Бу Худонинг иродаси. Агар бирор нарса иш бермаса, лекин сизда аниқ мақсад бўлса, унда сиз ўз устингизда ишлашингиз ва мақсадга эришишингиз керак. Бу босқичма-босқич, ишонч билан олдинга интилиш орқали амалга ошади.
— Суперлигадаги илк клубингиз «Навбаҳор» бўлган, нега у ерда ўрнашмадингиз?
— Ҳаётда бўлгани каби, футболда ҳам баъзи ишлар амалга ошади, баъзилари эса йўқ. Тўхтаб қолиш мумкин эмас. «Навбаҳор» йўлдаги бор-йўғи бир қадам эди. Ҳа, Канчельскис бизга ҳақиқатда шанс бермади. У ўйин ҳақида ўзига хос тасаввурга эга эди. Мураббийлар штабининг айрим қарорларига баҳо бериш мен учун қийин. Вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди.
— Айнан «Қўқон» да ўзингизни кўрсата бошладигиз. Бунга нима сабаб бўлганди?
—«Қўқон»да дарҳол ўзимни намоён қила олганимча йўқ. Жамоа билан уч мавсум ўтказдим. Дастлабки икки йил Суперлигада ўйнадик. Мен мунтазам равишда майдонга тушдим ва фойдали бўлдим, лекин ҳеч қандай лол қолдирадиган муваффақият ҳақида гапира олмайман. Қолаверса, ўша пайтда мен 25 ёшдан ошган эдим. Тўғри, учинчи мавсумда жамоа Про-лигага тушиб кетганидан сўнг, мураббийлар штаби менга кўпроқ ишона бошлади. Табиийки, мен кўпроқ ўйнай бошладим ва гол ура бошладим.
— Сизни Варди билан солиштиришади, лекин менимча, сизни Роман Широков билан ўхшаш томонингиз бордек. Сиз харизматик одамсиз ва ҳукм чиқаришда уялмайсиз. Ушбу таққослашларга қандай муносабатдасиз ва ўзингизни кимга қиёслаган бўлардингиз?
— Мен бу ҳақда ҳеч ўйламаганман. Мен ўзимни ҳеч ким билан солиштирмаганман. Мен шунчаки менман. Одамларга келсак, улар мени кимга ўхшатишни хоҳлашса, ўхшатаверсинлар. Улар яхшироқ билишади. Мен қарши эмасман (кулади).
— «Динамо»да Кожо билан яхши ишладинсиз. Жамоангиз ўтган мавсумда энг сермаҳсул бўлди. Бунинг сири нимада?
— Бунинг сири оддий: ҳар куни иккаламиз кечагидан яхшироқ бўлишга интилдик. Майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам бир-бирларини қўллаб-қувватладик. Кожо кучли футболчи ва яхши дўст. Албатта, бу муваффақият ортида катта меҳнат ётади. Жамоадошлар ёрдами, мураббийлар штабининг ишончи ва тажрибаси.
— Кожо билан алоқадамисиз? Сизни Эронга таклиф қилмаяптими?
— Баъзида ёзишиб турамиз, албатта. Лекин нимагадир олдига чақирмаяпти (кулади).
— Бу қишда хориждан таклифлар бўлдими?
— Албатта. Ўзбекистон клубларидан ҳам, хориждан ҳам кўплаб таклифлар бўлди. Лекин Самарқандда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан. Гўзал шаҳар, гўзал одамлар. Мухлислар ва мураббийлар штаби қолишимни жуда хоҳлашди. Мен рад эта олмадим.
— Баъзи экспертлар сизнинг заиф жойингиз — чидамлилик, деб ҳисоблашади. Тўғрими?
— Мен ундай деб ўйламайман. Шунга қарамай, «Динамо» сафида кўп ўйинларни алмашмасдан ўтказдим. Кўриниб турибдики, урилган голлар вақтига қараб хулоса чиқарилади ва ўйинлар ҳар доим ҳам кузатилмайди. Ўйиннинг сўнгги 20 дақиқасида камдан-кам гол уришим тасодиф, бошқа нарса эмас. Ўйин янада шиддатли бўлиб бормоқда. Менимча, ҳақиқий заиф нуқта – бу бош билан ўйнаш. Бу бироз қийин.
— Нимада кучлиман, деб ўйлайсиз?
— Менимча, бошланғич тезликда. Бу ўйинда жуда кўп ёрдам беради.
— Терма жамоага чақирилишингизни анча кутдингиз. Уни олганда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
— Ичимдан ҳис қилган туйғуларни ифодалаш қийин. Менимча, ҳар бир футболчи мазкур чақирувни кутади. Ва бундай таклифни 30 ёшга олиш янада қадрлидир. Ишончим комилки, таклифга муносибман. Муваффақиятга эришиш ва терма жамоа мураббийлар штаби эътиборини жалб қилиш учун жуда кўп меҳнат қилдим ва кўп куч сарфладим.
— Терма жамоа таркибида жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
— Пешонага нималар битилган бўлса, шу амалга ошади. Мен Худога ишонаман. Асосийси, ривожланишни тўхтатмаслик керак. Ишлашни давом эттириш ва ўзингизга нисбатан талабларни камайтирмаслик лозим.
БЛИЦ
— Севимли шаҳрингиз?
— Тошкент.
— Сиз учун Самарқанддаги энг севимли жой?
— Чиройли шаҳар, кўплаб қадимий обидалар, лекин мен стадионни айтган бўлардим. Чунки ўша ерда ҳиссиётларим жўш уради ва мухлисларни ҳис қиламан.
— Севимли таомингиз?
— Яхши пиширилган гўшт — стейк ёки кабоб.
— Севимли футбол клубингиз?
—«Барселона».
— Севимли футболчингиз?
— Улар иккита — Месси ва Роналду (кулади).
— Россия Биринчи лигаси (ФНЛ)ми ёки Ўзбекистон Суперлигаси?
— Албатта Суперлига.
— Тўпни узатасизми ёки ўзингиз гол урасизми?
— Нима чиройлироқ бўлса, шуни қиламан (кулади).
-
18 Февраль18.02Сенсациялар, легионерлар ва хоккейчилар ўртасидаги муштлашувХитойда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида марказий осиёлик спортчилар қандай эсда қолгани ҳақида
-
10 Февраль10.02Оқ Масжиднинг «тасодифан» забт этилишиРусларнинг Қўқон хонлиги билан уруши қандай бошлангани ҳақида
-
04 Февраль04.02Мангу ўчоқ ва чексиз қозонЎзбекистоннинг анъанавий маҳсулотлари дунёни забт этмоқда
-
30 Январь30.01Қўйнимизда сақлаган Янги йилҲақиқий хитой илони нималарга қодирлиги ҳақида
-
29 Январь29.01Фото«Тошкент Антарктидаси»Чорвоқ атрофида муз далалари пайдо бўлди
-
22 Январь22.01Эзгулик ва ёвузликни фарқлашНега мигрантларнинг Россияда «ўз одами» бўлиши шунчалар қийин?