Оқ Масжиднинг «тасодифан» забт этилиши

Русларнинг Қўқон хонлиги билан уруши қандай бошлангани ҳақида
Оқ Масжид қалъасининг ишғолдан кейинги ҳолати. «Туркистон альбоми» дан олинган расм, 1871-1872 йиллар

ХХ аср ўрталарига келиб Россия империяси ниҳоят қозоқ чўлларида ўрнашади ва унинг жанубда жойлашган давлатлар – Хива, Бухоро ва Қўқон хонликлари билан тўқнашуви муқаррар бўлиб қолганди. Қўқон хонлиги шимолий йўналишда, яъни руслар томон фаол кенгайган эди. Икки давлат ўртасида юзага келган қарама-қаршиликнинг биринчи йирик тўқнашуви Сирдарёнинг қуйи ва ўрта оқимидаги жангларда кузатилган, унинг авж нуқтаси эса 1853 йили чор қўшинлари иккинчи уринишда Оқ Масжидни — замонавий Қизилўрдани эгаллаб олган пайтда тўғри келган. Бу бурилиш Россиянинг Марказий Осиёни бутунлай босиб олишига замин яратади.

Хоразм денгизи соҳилларида

1839-1840 йиллардаги муваффақиятсиз Хива юришидан сўнг рус қўшинларининг минтақадаги стратегияси сезиларли даражада ўзгаради. XIX аср рус ҳарбий тарихчиси, Бош штаб Николаев академиясининг профессори Алексей Макшеев бу ҳақда шундай ёзади: «Хива экспедициясидан сўнг даштга қўшинлар тез-тез жўнатиб турилди, бу амалиётнинг мақсади ҳам ўзгариб борди. Баъзи илмий тадқиқотлар ниқоби бундан мустасно, илгари қўшинлар даштга фақат бизга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирган [душманни] қидириш учун юбориларди, энди эса улар, биринчи навбатда, даштдаги гарнизонларни тўлдириш, уларни озиқ-овқат ва барча зарур нарсалар билан таъминлаш учун юбориладиган бўлди».

Ана шундай истеҳкомлардан бири, моҳиятан қозоқ чўлининг жанубий томонидаги биринчи руслар қўрғони — Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Раим этаги жойлашганди. Ҳозирги кунда Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти Аралск туманидаги худди шу номдаги қишлоқ, Аралскнинг ўзидан юз километр жанубда жойлашган. Бундан ташқари, Макшеев таъкидлашича, истеҳком қурилишига бир «тасодиф» сабаб бўлган. Дастлаб Бош штаб капитани Шульц бошчилигидаги бир гуруҳ аскарлар бу ҳудудга разведка учун юборилган. У Сирдарё бўйида қалин ўсаётган қамишларни ўша даврдаги стратегик хом ашё бўлган «хушбўй пичан» дея адашган. Оренбург губернатори Владимир Обручев Сирдарёда мустаҳкам ўрнашиб олишга қарор қилади ва Петербургнинг эътирозларига акс ҳолда у ерда инглизлар пайдо бўлади, дея жавоб қайтаради. Раим истеҳкоми шундай пайдо бўлади, Обручев одамлари охир-оқибат ерда ҳеч қандай пичан топа олишмайди. «Агар Шульцнинг хатоси бўлмаганида, – деб ёзади Макшеев, – биз нафақат Тошкент, Қўқон, Самарқанд ва Марвда эмас, балки Сирдарёда ҳам узоқ вақт қолмаган бўлардик».

Форт Раим 1847 йили ташкил этилган ва уч йилдан сўнг ундаги гарнизон одамлари сони 850 кишини ташкил этган — истеҳком минтақадаги шунга ўхшаш рус қалъаларига қараганда анча тез ўсган. Бу ҳолат Хива хонини хавотирга солади, Хоразм (Орол) денгизи соҳилида янги босқинчи қўшни пайдо бўлишини умуман истамаганди. 1847-1848 йиллари Раим атрофида хиваликлар, шунингдек, хонга бўйсунувчи туркман ва қозоқларнинг бир қанча отрядлари пайдо бўлади. Улар руслардан ҳимоя сўраган кўчманчилар лагерларини талон-тарож қилишади. Улар подаларни ўғирлаб, бир неча бор рус подшоҳи қўшинлари билан қонли тўқнашадилар. Бу тўқнашувлар пайтида истеҳкомнинг ўзи ҳеч қандай хавф сезмайди, гарчи назарий жиҳатдан Хива қўшинлари гарнизонни шимолдаги таъминот базаларидан узиб қўйишлари ҳам мумкин эди.

Раим истеҳкоми. Тарас Шевченко чизган сурат

Шу билан бирга Хон Муҳаммад Амин Россиянинг Сирдарёда бўлиши масаласини тинч йўл билан ҳал қилишга уринади – 1847 йили унинг элчилари Петербургга келиб, Раим истеҳкомини бузиш масаласини кўтарадилар. Император Николай II бунга рад жавобини беради. 1850 йили Россия пойтахтига яна бир элчи келади, лекин Раим истеҳкоми билан боғлиқ барча музокаралар яна натижа бермагач, хиваликлар мавжуд вазиятга рози бўлишга мажбур бўладилар.

Даштда ҳарбий қисмлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб, элчилар можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга уринаётган бир пайтда руслар аста-секин Сирдарёнинг қуйи оқимига жойлаша бошлайдилар. 1847 йили Оренбургда «Николай» кемаси қурилади, кейинчалик у бўлак қисмларга бўлинган ҳолда Раим истеҳкомига етказилади. Кема Орол денгизининг шимолий қирғоқларини ўрганади. «Николай» Хоразм денгизи сувларига кирган биринчи рус кемаси эди.

Бир йил ўтгач, «Константин» кемаси худди шундай тарзда Раимга етказилади, унда «Паллада» фрегатида дунё бўйлаб саёҳат қилган, бўлажак контр-адмирал Алексей Бутаков Орол денгизининг биринчи разведкасини ўтказади. Ҳарбий-денгиз кучлари вазирлигининг гидрография бошқармаси томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида Орол денгизининг харитаси нашр этилади. Ушбу саёҳат иштирокчиларидан бири оддий аскар Тарас Григорьевич Шевченко бўлган, у экспедицияга рассом сифатида қабул қилинган. Кос-Орол оролида қишлаш пайтида бўлажак Кобзарь кўплаб расмлардан ташқари 70 дан ортиқ шеърлар ёзган ва умуман Орол даври унинг ижодида алоҳида ўрин тутади.

Хива хони руслар қўшничилигига тан берганидан сўнг — Сирдарёнинг чап қирғоғидаги ўз мулклари дахлсизлигига келишиб олади. Бир мунча вақт Раим атрофи қалъа гарнизони ҳимоясида тинч-тотув яшайди, бу ерга кўплаб қозоқ кўчманчилари кўчиб келади. Қалъанинг ўзида бу ерга кўчиб келган рус императори фуқароларидан иборат бутун бир аҳоли пункти пайдо бўлади.

Аввалига расмийлар кўчманчиларни деҳқончилик билан шуғулланишга мажбурламоқчи бўладилар, аммо бу наф бермайди. Макшеевнинг сўзларига кўра, «уларга меҳнат эркинлиги берилганидан сўнг, улар чорвачилик, юек ташиш, балиқ овлаш ва айниқса қирғизлар (қозоқлар) билан майда савдо билан шуғулланган ва тез орада нафақат уларини боққан, балки бойиб кета бошлашган».

Бироқ, тинч ҳаёт узоқ давом этмайди — 1850 йили маҳаллий қозоқларга икки марта босқин уюштирилган: босқинчилар, шунингдек, Қўқон хонлиги ҳудудидан келган қозоқлар ўзлари билан 45 мингдан ортиқ қўй ва икки ярим мингта отни олиб кетишади, 17 кишини ўлдиришади. Бу билан уруш эълон қилинмайди, лекин руслар барибир жавоб зарбасини беришга қарор қиладилар ва шу билан Қўқон хонлиги билан тўқнашув бошланади.

Бухоро ва кўчманчилар ўртасида

Қўқон хонлиги руслар келган пайтда Марказий Осиёдаги энг ёш давлат эди — унинг ёши бир ярим асрга бориб тақаларди. 18-аср бошларида ўзбекларнинг минг қабиласи ҳукмронлик қилган Қўқон Бухоро хонлигидан ажралиб чиқади ва тез орада бу ҳудудда гегемонликка даъво қила бошлайди. Қўқон шаҳрининг ўзи йирик сиёсий ва маданий марказга айланади. Турли даврларда хонлик таркибига Самарқанд, Хўжант, Ўра-Тепа, Тошкент, Чимкент, Пишпек (Бишкек) ва Туркистон кирган.

XIX аср бошларида хон қўшинлари бир йўналишда ҳозирги Шинжонга (Шарқий Туркистон), иккинчи йўналишда Сирдарёнинг қуйи оқимига етиб борганларида, Қўқон давлати ўзининг максимал кенгайишига эришади ва у ерда бир қанча қалъаларга асос солади, уларнинг энг каттаси Оқ Масжид эди. Жанубий Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудидаги қабилалар бўйсундирилади, қўқонликлар Цин империяси ҳокимиятидан Қашғардаги Марказий Осиё халқларидан солиқ ва йиғимлар олиш ҳуқуқини оладилар.

Худоёрхан. 1860-чи йиллар фотосурати

Тўғри, Қўқоннинг ташқи сиёсий қудрати ортиши билан бир вақтда хонликнинг ўзида ҳам қарама-қаршиликлар кучайиб боради – бу биринчи навбатда, кўплаб ўзбек қабилалари вакили бўлган маҳаллий зодагонлар ўртасидаги ҳокимият учун кураш билан боғлиқ бўлган. 1842 йили Бухоро амири хон ҳокимиятининг заифлашганидан фойдаланиб, хонликка бостириб киради, унинг пойтахтини эгаллайди ва маҳаллий давлатчиликни бузиб ташлайди.

Қўқоннинг кўчманчи қабилалари бирлашиб, тезда Бухоро қўшинларини қувиб чиқарадилар, хон ҳокимияти тикланади, гарчи ҳақиқатда ҳокимият жилови қипчоқ Мусулмонқул қўлига ўтган бўлса-да. Кейинчалик у бухороликларнинг реванш олиш уринишларини даф этиб, давлатни мустаҳкамлайди ва 1845 йили ёш Худоёрхонни ўзининг қўғирчоқ музолими қилиб тахтга ўтқазади, ҳар эҳтимолга қарши унга қизини турмушга беради.

Аммо Қўқондаги тартибсизликлар шу билан тугамайди – бу ерда ўтроқ ва кўчманчи аҳоли ўртасидаги зиддиятлар бўлиб турарди. Ўтроқ деҳқончилик партияси асосан сартлар, яъни ўзбеклар ва тожиклар, кўчманчилар партияси эса кейинчалик қирғизлар ҳам қўшилган қипчоқлар вакиллари эди. Кўпгина манбаларда қипчоқларнинг ўша даврда ҳукмронлиги ёзилган – кўриниб турибдики, Мусулмонқул бошчилигидаги ҳукмрон элитанинг кўплаб суиистеъмоллари хонликдаги вазиятни жиддий равишда издан чиқарганди.

Кейинчалик Худоёрхон ўз мавқеини тиккалашга бир неча бор уриниб кўради. Ниҳоят, у очиқдан-очиқ қўзғолон кўтариб, Мусулмонқул қўшинини тор-мор қилади, унинг сардорини қатл қилади ва бутун хонликдаги қипчоқлар оммавий қирғин қилинади. Ва бу воқеалар руслар Оқ Масжид деворларига биринчи марта яқинлашган йилга тўғри келади. Турган гап, Қўқон хонлиги шимолий қўшниси билан жанг қилиш учун унчалик тайёр эмасди.

Қўқон томон юришлар

Шу билан бирга, Россияда ҳам Марказий Осиё тақдирини ҳал қилувчи воқеалар содир бўлади: Оренбург губернатори лавозимини бундан ўн йил олдин Хива юришида муваффақиятсизликка учраган ўша дадил генерал Василий Перовский эгаллайди ва декабристлар қўзғолони пайтида Сенат майдонида император билан бирга бўлганида, орқа томондан пичоқ ейди. Бироқ, 1840 йилдаги муваффақиятсизлик Перовскийни Россия чегараларини жанубга, қадимги Маворауннаҳр минтақаси томон кенгайтириш ниятидан воз кечишга мажбур қилолмади. Аксинча, у аввалги хатосини ювиш учун янги лавозимда жону-жаҳди билан ишга киришади.

Василий Перовский, 1841 йилги портрет

Умуман олганда, Перовскийнинг шахсий амбициялари кейинги воқеаларда муҳим рол ўйнайди. «Даштни тинчлантириш» ва карвон савдосини таъминлаш учун Оқ Масжидни босиб олиш ғоясини ўзидан олдинги губернатор Обручев илгари сурганди. Ўз навбатида, Перовский дастлаб бу таклифни даҳшатли танқид остига олади. Аммо унинг ўзи лавозимга ўтиргач, ўзидан олдинги раҳбар ғоясини дарҳол қайта тиклайди.

Перовский Николай II га берган рапортида Сирдарёнинг ҳар икки қирғоғидаги барча Қўқон ва Хива қалъаларини вайрон қилиш фикрида қаттиқ туриб олади: «Қўқон ва хиваликларга Сирдарёнинг у ёки бу қирғоғида ўрнашиб олишига изн бериш пароходларимизнинг сузишига ҳам, Жаноби Олийларининг Оролдаги ва Сибирдаги истеҳкомлар чизиғини бирлаштириш истакларига ҳам тўғри келмайди».

Генерал-адъютант Иван Анненков Сибир истеҳкомлари чизиғини Сирдарёгача чўзишни илгарироқ таклиф қилган эди. Унинг режасида Или дарёсида, яъни Қўқон хонлигининг шарқий чегараларида истеҳкомлар қуриш ҳам бор эди. Аммо Россия императори Николай Илида қалъалар қуришни эрта деб ҳисоблади, лекин Сирдарё бўйлаб ҳаракатланишни маъқуллайди.

Бу қарорни қабул қилишда геосиёсий омил ҳам ҳисобга олинган. Россия ва Англия ўртасидаги «Буюк ўйин» аллақачон бошланган эди ва инглизларни Сирдарёда ҳеч ким кутмаган бўлса-да, уларнинг, масалан, Хива хони ерларида пайдо бўлиш истиқболи жуда реал эди. Ҳар ҳолда, 1852 йили Оренбургда бўлган Хива элчиси Перовскийни хон Сирдарё ҳудудидаги ўз мулкларини туркларга ёки инглизларга бериши мумкинлиги билан қўрқитганди.

Бу вақтга келиб, можаро томонлари аллақачон зарбалар алмашишга улгургандилар. 1850 йил сентябрь ойида хонга бўйсунган қозоқларнинг босқинларига жавобан рус отряди Раимдан жанубга йўл олади ва Сирдарёнинг қуйи оқимидаги Қўшқўрғон қалъасига яқинлашади. Даставвал подшоҳ аскарлари билан бирга истеҳкомга келган кўчманчилар қалъа гарнизонидан ўғирланган молларни қайтариб беришни талаб қиладилар, аммо қўқонликлар отишмалар билан жавоб қайтарадилар. Кейин ҳужум бошланади — руслар қалъа деворларга кўтарилишади, ҳимоячилар уларни тош ва лой бўлаклари билан уриб туширишга қилишади.

«Қалъа тунги соат бирларда олинди», — деб ёзади Макшеев. — Унинг ҳимоячилари оз сонли бўлишига қарамай, ўзларини сўнгги кучигача ҳимоя қилишди. Аёллар ва болаларни ҳисобга олмаганда, уларнинг сони ўнта эди. Шулардан беш киши ҳалок бўлди».

Бироқ, бу ғалаба минтақадаги вазиятга фундаментал таъсир кўрсатмайди. Бир ой ўтгач, қўқонликлар ташландиқ Қўшқўрғонни яна эгаллаб олишади ва 1851 йил феврало ойида Оқ Масжид яқинидаги қозоқлар Раим томон янги босқин уюштириб, 75 минг бош қорамолни ўғирлаб кетишади. Аммо орадан бир йил ўтиб, кейинчалик 20 йилдан сўнг Шарқий Туркистонни хитойлардан озод қилиб, у ерда Уйғурларнинг Еттишар давлатини ташкил этган Оқ Масжиднинг ҳокими Ёқуббек шимолга бир ярим минг кишилик қўшин билан юриш қилганда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай бошқача тус олади. Ёқуббек қўшинлари таркибига Сирдарё қўрғонлари гарнизонлари, қозоқ отлиқлари ва Россия ҳудудига қочган Султон Илекейни қўлга олиш учун ўз хони томонидан юборилган хиваликлар отряди киради.

Оқ Масжид қалъаси харитаси

Бироқ, бу юриш шармандаларча якунланади — майор Фёдор Энгман қўмондонлигидаги 100 нафар рус аскари душманни милтиқ ва артиллерия ўқлари билан тарқатиб юборади. Руслар фақат тўрт кишини йўқотишади. Ушбу тўқнашувдан сўнг, Макшеев ёзганидек, Перовский ниҳоят «ҳужум йўналиши»ни Хивадан Қўқонга ўзгартиришга қарор қилади.

Ва яна, тарихчининг фикрига кўра, бу қисман ўз-ўзидан содир бўлганди: «Бундай ўзгариш олдиндан режалаштирилмаганди, балки Оренбург қирғиз дашти ва Сирдарёда рус аҳоли пунктлари тасодифан пайдо бўлгани каби тасодифий содир бўлганди». Николаев академиясининг профессорини ҳурмат қилган ҳолда, бундай тасодифлар занжирини шубҳали дейиш мумкин. Кўриниб турибдики, Перовскийнинг ҳаракатлари оқилона ҳисоб-китобларга асосланган эди ва Оқ Масжид, ҳатто оддий логистика нюанслари туфайли, унга Хивага қараганда анча қулайроқ бўлиб туюлган.

25 кун ва асосий ҳужум

1852 йил апрель ойида Оқ Масжид деворлари остида разведка ишларини олиб бориш учун биринчи бўлиб 80 аскар ва казаклардан иборат прапоршчик Голова отряди йўлга чиқади. Оқ Масжиддан 35 километр узоқликдаги Қизил-Жансил трактига етиб борилганида, русларни қўқонликлар кутиб олишади, улар орасида қалъа коменданти ҳам бор эди. У Головадан орқага қайтишни талаб қилади, акс ҳолда куч ишлатиш билан таҳдид қилади. Прапоршчик Перовскийдан жангга кирмаслик тўғрисида буйруқ олгани ва кучлар аниқ тенг эмаслиги сабабли, у баҳслашмайди ва Раимга қайтиб келади.

Бунга жавобан, Перовский, афтидан, қўқонликлар Голованинг чекинишини қўрқоқлик деб ҳисоблаб, ўзларининг «йиртқич» ҳаракатларини кучайтиради, деб ҳисоблаб, Оқ Масжидга янада жиддийроқ кучларни юборади. Уларга таниқли картограф ва жанговар офицер полковник Иван Бларамберг қўмондонлик қилади, у илгари турклар ва Кавказ тоғликларига қарши курашган. Перовский унга қўқонликлар билан ҳар қандай «ёзма алоқа»га киришишни ман қилади. Экспедициянинг мақсади, Макшеевнинг сўзларига кўра, Оқ Масжидни қўлга олиш ва уни йўқ қилиш эди.

Бларамбергнинг ўзи кейинчалик ўз хотираларида шундай деб ёзган эди: «У [Перовский] менга Раимга боришни таклиф қилди, менга у ерда комендантдан қанча қўшин, казаклар ва қуролларни, шунингдек, керак бўлганда туялар ва транспорт воситаларини олишга изн берди ва экспедиция ҳақида ундан, мен ва бошлиқдан бошқа ҳеч ким билмасди».

Василий Верещагин, «Қалъа девори ёнида. Майли, киришсин», 1871 йил

1852 йил 9 июлда 470 кишидан иборат рус армияси (ярим пиёда аскар, икки юз казак ва экипажлари билан бешта қурол) Оқ Масжидга яқинлашади. Қўқонликлар музокара бошлашга уринадилар, бироқ Бларамберг бошлиқларининг буйруғини эслаб, уларни ҳайдаб солади.Шундан сўнг, рус офицери душман истеҳкомларини ўрганиб чиқади ва Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги қалъанинг қуйидаги тавсифини қолдиради: «Оқ Масжид икки қаторли деворли катта қалъа. У улкан параллелограмм шаклида бўлиб, томонлари 100 метр бўлиб, сув билан тўлдирилган хандақ билан ўралган. Баландлиги 9 дан 10 футгача бўлган ташқи деворлари сомон ғишт ёки лойдан қурилган. Унинг ички деворлари бўйлаб кўплаб дўконлар ва лойдан ясалган бошқа бинолар, отхоналар ва омборлар бор. Ташқи деворлар тишли қурилган. Параллелограмма марказида қалъа бўлиб, у ҳам параллелограмм шаклида қурилган, қалинлиги 4 метр баландликда бўлган қалин деворлари бор. Қалъанинг тўрт бурчагида миноралар қад ростлаган. Қўрғон ҳам чуқур хандақ билан ўралган».

Ҳужум эртаси куни бошланади. Бларамберг аскарлари ташқи истеҳкомларни енгиб ўтишга муваффақ бўлишади, аммо улар ички қалъага яқинлашганда, уларнинг ҳужум нарвонлари жуда қисқа экани аниқлади. Ва умуман олганда, руслар душман кучини кам баҳолаган, ўзларига ортиқча ишонишган эди. 20 киши ҳалок бўлади ва 52 киши яраланади, Бларамберг чекинишга мажбур бўлади.

«Қалпоғимни, — деб ёзади Бларамберг, — ўқ тешиб юборди ва чап чаккам яқинидаги бахмал тасмасини йиртиб ташлади. Агар ўқ чорак дюймга яқинроқ ўтганида, мени ўлдирган бўларди».

Раимга қайтишда вайрон қилинган Чимқўрғон, Қўшқўрғон ва Қурмиш-Қўрғон истеҳкомлари операциянинг умумий муваффақиятсизлиги ўрнини қоплай олмасди, шунинг сабаб қарама-қаршиликнинг бу босқичида қўқонликлар қўли устун келганди.

Форт-Перовский ичидаги Оқ Масжид харобаси, «Туркистон альбоми» фотосурати

Перовский, навбатдаги фиаскодан сўнг муваффақиятсизликка учраган деб танилишдан қўрқиб, Бларамберг экспедицияси мақсади шунчаки разведка қилиш бўлганди, дея тақдим этишга ҳаракат қилади. Ва дарҳол янги экспедицияга тайёргарлик кўришни бошлайди.

1853 йил бошида у ўзининг «Сирдарёни босиб олиш лойиҳаси» ни тайёрлайди, унда, жумладан шундай дейилган: «Токи бу муҳим нуқта [Оқ Масжид] қўқонликлар қўлида қолар экан, у ўз контингентлари учун қўрғон бўлиб хизмат қилади ва улар дарёнинг ўнг соҳилидаги бизнинг қирғизларни (қозоқларни) талон-тарож қилишда давом этадилар…Шу сабаб, Оқ Масжидни ишғол қилиш керак, у ерда гарнизон қолдириш билан бирга Казалин фортини барпо қилиш лозим».

Ёзгача Орск, Оренбург ва Верхнеозерскийдан қўшинлар Раимга келтирилди. Экспедицияга шахсан раҳбарлик қилган Перовский қўмондонлигида 4-Оренбург линия батальонининг учта ротаси, беш юзта Урал ва Оренбург казаклари, уч юзта бошқирд отлиқ аскари, 17 та қурол, гальваник бригада ва Петербургдан махсус юборилган ракета гуруҳи бўлган. Жами 2350 га яқин аскар ва зобитлар ҳамда 500 нафар разведкачи ва от ва туяларда юк ташувчи қозоқлар салб юришига жўнаб кетади. Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳаракатлар пайтида биринчи марта руслар ўзларининг флотилияларига эга бўлишди: тўплар билан қуролланган ва Алексей Бутаков қўмондонлик қилган «Перовский» пароходи ва лейтенант Эрдели бошчилигидаги «Обручев» кемаси Сирдарё бўйлаб Перовский отрядига эргашган. Бу кучларнинг барчасига Қўқон гарнизонидан атиги 300 нафар Оқ Масжид қўшинлари учта замбарак билан қаршилик кўрсатган.

Оқ Масжид қамалида ҳалок бўлган рус аскарлари қабристонидаги ёдгорлик. «Туркистон альбоми» фотосурати

Рус қўшини июль ойининг биринчи декадасида қалъага яқинлашади. Хивадаги юришнинг қайғули тажрибасига қарамай, илгари йўл қўйилган баъзи хатоларни яна олдини олишнинг иложи бўлмайди: одамларга нон, отларга ем этишмайди. Ҳаво жазирама иссиқ бўлган ва армия дастлаб режалаштирилганидан анча секинроқ ҳаракат қилади. Руслар бирдан қалъага бостириб киришга журъат этишолмайди ва уни қуршай бошлайдилар, шундан сўнг улар қалъани барча қуроллар ёрдамида бомбардимон қила бошлайдилар.

Қамал ва отишмалар 25 кун давом этади ва бош ҳужум 28 июлга ўтар кечаси бошланади. Қалъа девори олдиндан ўрнатилган мина ёрдамида вайрон қилинади ва Перовский аскарлари йўл орқали Оқ Масжидга киришади. Гарнизон астойдил қаршилик кўрсатади – қўқонликлар рус ҳужумларини икки марта қайтарадилар, бироқ учинчи марта ҳужумчиларнинг қўли баланд келади, қалъа деворларини эгаллаб оладилар, Оқ Масжид ҳимоячилари икки томонлама отишма остида қолишади. Шундан сўнг, истеҳкомнинг тақдири ҳал бўлади — бутун кампания давомида юздан ортиқ одами ҳалок бўлган ва яраланган Перовский ниҳоят аввалги мағлубиятларидан сўнг қаддини ростлаб олади.

Тез орада Форт Перовский деб ўзгартирилган Оқ Масжид гарнизонидан 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлади, қолганлари асирга олинади. Бларамбергнинг гувоҳлик беришича, Перовский тез орада асирларни озод қилган ва ҳатто уйга қайтиш учун воситалар билан таъминлаган.

Бироқ, қўқонликлар Сирдарёни осонлик билан тарк этишни хоҳламайдилар – ўша йили улар қалъани қайтариб олишга икки марта уринадилар. Бу ҳақда биринчи бўлиб Тошкент ҳокими Шодмонхўжа қарор қабул қилади. Август ойида у Сирдарё бўйидаги рус мудофаасини ёриб ўтишга уриниб кўради, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмайди, бунинг учун Худоёрхон мазкур мулозимини аёллар кийими кийишга ва саройида шу йўсинда кўринишга буйруқ беради.

Қўқондаги Худоёрхон саройи ва унинг тан соқчилари. «Туркистон альбоми» фотосурати

Иккинчи бор қўқонлик мингбоши Қосимбек омадини синаб кўради. Унинг кўп минглик қўшини декабрь ойида Форт-Перовскийга яқинлашади, бироқ рус гарнизони олдиндан душманга ҳужум қилиб, қўқонликларни қочириш ташлайди. Перовский императорга ушбу ғалаба ҳақида хабар бериб, унинг сиёсий аҳамияти «Бухоро ва Хива ҳукуматларида турк ва инглиз агентлари томонидан бизга нисбатан душманлик муносабатини заифлаштиришда» муҳим рол ўйнашини алоҳида таъкидлайди.

Бундан ташқари, Сирдарёдаги жангларда рус ва маҳаллий қўшинлар ўртасида тартиб-интизом, жанговар тайёргарлик, ҳарбий-техник тайёргарлик борасидаги фарқ илк бор яққол кўзга ташланганди.

«Оқ Масжид қалъасини босиб олиш, – деб ёзади Бларамберг, – ҳукуматимизнинг Марказий Осиёда маънавий таъсирини кучайтириш учун катта аҳамиятга эга бўлди ва кейинчалик дунёнинг бу қисмини забт этишимиз йўлида биринчи қадам бўлди».

1853 йил октабрь ойида бошланган Қрим уруши Петербург эътиборини бир муддат Марказий Осиёдан чалғитиб қўйди, бироқ тез орада рус қўшинлари Қўқоннинг яна бир қалъаси Жулекни эгаллаб, Сирдарё бўйлаб жанубга, Туркистон томон ҳаракатланишда давом этдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ