Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича мунозаралар авжига чиқди. Бир ойдан камроқ вақт ичида мамлакатда референдум бўлиб ўтади, унинг натижаларига кўра мамлакатда яқин ўн йилликлар учун атом саноатини ривожлантириш стратегияси белгиланади. Расмийлар бўлажак овоз беришни «халқ билан мулоқот» сифатида тақдим этишмоқда. Лекин бу мазкур масалага ойдинлик киритмаяпти, зеро қозоғистонликлардан станцияни ким қуриши ҳақида лом-мим дейишмасдан, уни ёқлаб ёки унга қарши овоз беришларини сўрашмоқда. Тафсилотлар «Фарғона» материалида.
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев атом электр станцияси бўйича референдумни 6 октябрга белгилади. Унда 12 миллиондан ортиқ қозоғистонлик иштирок этиши мумкин. Агар уларнинг ярмидан кўпи сайлов участкаларига келса, овоз бериш ўтган ҳисобланади. Фуқаролар фақат битта саволга жавоб беришлари керак: «Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?».
Референдум учун дастлабки харажатлар 15,5 миллиард тенгени (32 миллион доллар) ташкил қилади. Бу маблағлар республика бюджетидан олинади. «ҚСТИ» илмий-тадқиқот институти (Президент ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти) томонидан август ойи охирида ўтказилган сўров натижаларига кўра, республика аҳолисининг 53 фоиздан ортиғи атом электр станциясини қуриш ғоясини қўллаб-қувватлаган, 32,5% эса, юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ва атроф-муҳит учун оқибатларидан қўрқиб, бунга қарши.
Шу билан бирга, деярли ҳар ўнинчи респондент (14,4%) ўз танлови бўйича ҳали бирор қарорга келмаган.
Қозоғистонда атом электр станциялари қурилиши ўнлаб йиллар давомида муҳокама қилиниб келинмоқда. Совет Иттифоқи даврида республикада битта атом электр станцияси мавжуд бўлиб, у Ақтауда жойлашган эди. У нафақат электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарадиган, балки Каспий денгиз сувини чучуклаштириш орқали аҳолини ичимлик суви билан таъминлайдиган БН-350 реакторини ишлатган (Манғистау вилоятида ичимлик суви манбалари деярли йўқ, шунинг учун маҳаллий аҳоли ҳали ҳам азоб чекмоқда, ва Актауда одамлар бу муаммо туфайли ҳатто вақти-вақти билан йўлларни тўсиб қўйишади). 90-йилларда бу реактор ишдан чиқарила бошланди, унда энди ядро ёқилғиси йўқ.
Ўшандан бери республикада янги атом электр станциясини қуриш мавзуси камида уч марта кўтарилган, бироқ ҳар сафар лойиҳа даражасида тўхтаб қолган. 2019 йили Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича Москванинг навбатдаги қатъий таклифидан кейин ҳаммаси ўзгарди. Унинг қурилиши мумкин бўлган жой ҳатто кўрсатилган — Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғи, Балхаш кўли яқинида.
Агар ўшанда, 2019 йили Президент Тўқаев аҳоли фикрини инобатга олмай, станция бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмасликка ваъда берган бўлса, 2021 йил ноябрида унинг риторикаси кескин ўзгарди. «Биз Қозоғистонда электр тақчиллигининг дастлабки белгиларини сезяпмиз. Албатта, тотал танқислик йўқ. Баланс тахминан нолга тенг. Аммо биринчи белгилар аниқланган. Шу сабабли, келажакни ўйлаб, биз атом электр станциясини қуриш бўйича номақбул қарорлар қабул қилишимиз керак. Лекин, айтганларидек, раҳбарнинг вазифаси ҳам айнан номақбул қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ», — деди президент Олмаотада молиячилар билан учрашувда.
Атом электр станцияси бўйича фундаментал қарор аллақачон қабул қилинганга ўхшайди. Йил давомида Тўқаев мунтазам равишда кўмир даври тугаётгани ва кутилаётган электр қуввати тақчиллигини ядровий ишлаб чиқариш орқали бартараф этиш мумкин эканини таъкидлаб турди.
2022 йил январь ойи охирида Марказий Осиёда кенг кўламли блэкаутдан сўнг Қозоғистон президенти АЭСнинг пайдо бўлишини миллий иқтисодиётни сақлаб қолиш билан тенглаштирди. «Очиғини айтишимиз керак: тоза атом энергетикасисиз биз бутун иқтисодиётни йўқотамиз, инвестициялар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, минтақадаги етакчили ўрнимизни йўқотамиз. Бизга электр энергияси, бўлибам ядровий, тоза электр энергияси жуда керак», — деди у 2022 йил 8 февралдаги ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида.
Бироқ, Россия ва Украина ўртасида қуролли тўқнашув бошланганидан сўнг, АЭС қурилиши мавзуси сусайди. Қозоқ ҳукумати унинг бошланишини кечиктириш учун ҳамма нарсани қилди. Баъзи шубҳалардан сўнг референдум ғояси пайдо бўлди. Улар аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш кераклигини ҳам эсладилар — Совет даврида Қозоғистон ҳудудида ядро қуроллари фаол синовдан ўтказилган, миллиондан ортиқ маҳаллий аҳоли «синов сертификатлари»га эга ва тинчлик йўлидаги атомга ишонишмайди. Барча ҳудудлардаги шубҳаларни бартараф этиш учун Энергетика вазирлиги томонидан атом электр станциялари бўйича жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди. Vlast.kz нашри, қоида тариқасида, станция қурилишига қарши бўлганлар ушбу учрашувларга таклиф этилмаганини ёзганди.
Умуман олганда, бу тадбирлар жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмади. Истисно, эҳтимол, Олмаотада бўлиб ўтган тингловлар бўлди, унда станция қурилиши мухолифлари ва тарафдорлари учрашишди ва уларнинг муштлашиб кетишига оз қолганди.
Бундай учрашувлардан фойда нолга тенг бўлди, чунки одамлар у ерга «зарядланган» ҳолда келишганди ва тадбир охиригача ўз фикрида қолдилар. Вазият расмийларнинг объектни қурадиган пудратчи номини айтишни истамаётгани туфайли янада оғирлашди. 2022 йили АЭС қурилиши бўйича ариза берувчиларнинг «қисқа рўйхати» шакллантирилган бўлиб, унда тўртта компания: Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг «Росатом»и ва Франциянинг EDF компаниялари бор эди. Ўшандан бери рўйхат ўзгармади. Бундан ташқари, пудратчи қандай мезонлар бўйича танланиши ҳақида ҳам ҳали ҳеч нарса маълум эмас.
Айни пайтда, юқоридаги компаниялардан фақат иккитаси ўз портфелида 3+ авлод энергия блокларига эга — Россиянинг «Росатом»и ва Франция EDF компанияси. Иккинчиси Қозоғистонга EPR-1200 реакторларини таклиф қилади (European Pressurized Reactor сув билан совутиладиган 3+ авлод ядровий реактори). Бироқ, бу версия кучлироқ EPR-1600 дан фарқли ўлароқ, ҳали ҳеч қаерда ишлатилмаган.
«Росатом» Қозоғистонда ВВЭР-1200 и ВВЭР-1000 ВВEР-1200 реакторларини тайёр ҳолда қуриши мумкин. Улар Россияда ҳам, чет элда ҳам фаол қурилмоқда. Дастлаб, ушбу ариза энг истиқболли деб ҳисобланган, аммо Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги қуролли можаро бошланганидан икки йил ўтгач, Россия лойиҳасини амалга ошириш мумкинлигига шубҳалар пайдо бўла бошлади. «Россия реакторининг асосий заиф қисми бу автоматлаштирилган бошқарув, хавфсизлик тизимлари ва бошқалар. Улар халқаро компонентларга асосланган... [бу] компонентларни етказиб берувчи компанияларга нисбатан санкциялар жорий қилинган», — деди «Казатомпром» собиқ раҳбари Мухтор Жакишев «Гиперборей» YouTube каналига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, яна бир муаммо — АҚШнинг «Росатом»га қарши санкциялар фўллаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, уни ҳали президент Жо Байден имзоламаган, аммо «бу вақт масаласидир». Ҳужжат «Росатом» билан ҳамкорлик қилувчи ёки унинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи, айниқса, янги атом электр станцияларини қуриш ёки тегишли хизматларни кўрсатиш шароитида жисмоний ва компанияларга нисбатан санкцияларни назарда тутади. «Ушбу талқин шуни кўрсатадики, Россия станцияси учун мансабдор шахслар орасида ҳам лоббичилик қиладиган ҳар бир шахс ушбу санкцияларга дучор бўлиши мумкин», — дея тушунтиради Жакишев.
Маълум бўлишича, ё «Росатом»нинг таклифи шунчалик фойдалики, уни санкциялар таҳдиди остида ҳам муҳокама қилишга тайёр ёки уни иқтисодий эмас, балки сиёсий нуқтаи назардан кўриб чиқиш керак. Ва агар биз шу нуқтаи назардан фикр юритадиган бўлсак, журналист Вадим Борейко айтганидек, бўлажак референдум шунчаки «заҳарли лойиҳадан қўлни силташ учун асосли баҳона» бўлиши мумкин эмасми?
Сиёсий нуқтаи назардан Жанубий Корея таклифи ҳозирда Қозоғистон учун энг қулайи бўлиши мумкин. Маҳаллий ядрочи олимлар республикада Корея электр энергетика корпорацияси (КEРCО) томонидан ишлаб чиқилган учинчи авлод APR-1400 босимли сув реакторини қуришни таклиф қилишмоқда. Ариза маъқулланса, станция қурилиши ва таъмирланиши бир неча компаниялар консорциуми томонидан амалга оширилади, Корея атом энергияси тадқиқот институти эса зарур мутахассисларни тайёрлайди.
Хитойнинг учинчи авлод HPR-1000 (Hualong One) реакторлари бўйича таклифи иқтисодий жиҳатдан энг фойдали кўринади. Биринчидан, бу энг арзон – август ойи охирида битта энергия блокини қуриш қиймати 20 миллиард юан (2,8 миллиард доллар) бўлиши хабар қилинган эди. Иккинчидан, ХХР томонидан таклиф этилган қурилиш муддати энг тез — атиги беш йил.
Пудратчи танлаш масаласида қозоғистонликларга ишонмасликка қарор қилинган ҳолда мамлакатда қандайдир АЭС қурилишини ёқлаб ёки унга қарши овоз бериш таклифининг ўзи ғалати кўринади. Агар расмийлар референдум учун мутахассислар қарор қабул қилишлари керак бўлган бундай аниқ мавзуни танлаган бўлсалар, технология етказиб берувчи компанияни танлаш ҳуқуқини ҳам фуқаролар бериш инсофдан бўларди.
Ҳозирча, бўлажак овоз бериш президентнинг норозилик тўлқинидан ўзини кафолатлаган ҳолда «АЭС бўйича номақбул қарор»ни халққа топширишга уринаётганига ўхшайди. Гарчи бу автогаз нархини ошириш каби ўткир ижтимоий мавзу бўлмаса ҳам, қозоғистонликлар учун бу етарлича нозик масала.
Фуқаролар АЭС қурилишига рози бўлган тақдирдагина, уни ким қуриши очиқланадиган бўлса, бу бир томонлама ўйинга ўхшайди. Агар улар рад этилса, мавзу кейинги икки йилга ёпилади. Аммо, вазиятнинг ҳар қандай салбий ривожланишига (энергия танқислиги кескинлашуви ёки пудратчи билан боғлиқ муаммолар) қарамай расмийларнинг жавоби тайёр: «Ўзингиз шундай қарорга келдингиз».
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?