Россиянинг Марказий Осиёга ҳарбий юришлари Шимолий ва Қрим урушлари, турклар ва Наполеон билан тўқнашув каби йирик воқеаларга нисбатан доим рус тарихшунослиги нигоҳининг чеккасида бўлган. Шунга қарамай, казакларнинг Урал ва Иртиш дарёларига кириб боришидан бошлаб, туркманларнинг босиб олиниши билан якунланган қарийб икки юз йил давом этган Россиянинг минтақага экспансияси нафақат маҳаллий халқ учун, балки ҳарбий нуқтаи назардан ҳам тарихий аҳамиятга эга воқеаларни ўз ичига олади. Ва ҳар доим ҳам русларнинг қўли баланд келавермаган.
Охирги баёнот контекстида биз Россия ва Мўғуллар империясининг бир бўлаги бўлмиш Хива хонлиги ўртасидаги қарама-қаршилик тарихини мисол қилиб келтиришимиз мумкин, зеро бу хонлик асрлар давомида ҳатто ер юзини титратган Чингизхондан ҳам аввалроқ Хоразмшоҳларнинг кўплаб сулолалари томонидан давлатчилик ва маданият анъаналарини давом эттириб келган. Дарҳақиқат, «Хива хонлиги» атамасининг ўзи фақат рус тарихшунослигига хос бўлиб, у 1511 йилдан 1920 йилгача бўлган «Хоразм» давлатчили топонимини назарда тутади.
Катта империя ва кичик хонлик ўртасидаги қарама-қаршилик тарихда Пётр I давридаги Бекович-Черкасскийнинг муваффақиятсиз юриши билан кўпроқ маълум, аммо юз йилдан ортиқ вақт ўтгач, Николай I ҳукмронлиги даврида ҳам тарозининг хиваликлар томонидаги палласи юк босганди ва биз бу эпизодга батафсилроқ тўхталамиз. Лекин дастлаб бунинг муқаддимаси билан танишамиз.
Турли даврларда ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистоннинг катта ҳудудларини назорат қилган Хива ва Россия ўртасидаги дастлабки алоқалар XVI асрга бориб тақалади, бироқ узоқ вақт давомида улар оралиқ ҳолда бўлган. Шундай қилиб, 1563-1564 йиллари Хива ҳукмдори Ҳожи Муҳаммад I рус подшоҳи «хиваликларга нафақат Астрахан ва Қозонда, балки бошқа шаҳарларда ҳам савдо-сотиқ қилиш имконини бериши» учун Москвага совғалар юборади. 1616 йили Хива элчиси Хўжа Юсуф подшо Михаил Федоровичга Хон Араб Муҳаммад I дан дўстлик мактуби олиб келади. Ўз навбатида, Москва Хива товарларини «Волга бўйлаб ва Россиянинг бошқа шаҳарларида» сотилишига рози бўлади.
Бироқ, ўша Араб Муҳаммад даврида Москва подшоси назоратида бўлмаган Яик (Урал) казаклари хонлик ҳудудига бостириб кириб, Урганчни назоратига оладилар. Хон уларни айёрлик билан шаҳар истеҳкомлари ташқарисига олиб чиқиб, ҳаммасини ўлдиради. Бу, эҳтимол, биринчи марта хиваликларнинг руслар ҳужумини қайтариши эди. Кейинги йилларда казаклар туркманлар, қалмоқлар ва қозоқлар (қирғиз-қайсаклар) билан биргаликда Хива ҳудудига талончилик мақсадида бостириб кирадилар. Бироқ, бир ҳолатда, Хива тахтига даъвогар Авган (Афғон) исмли шахснинг ўзи рус подшосидан ички душманларга қарши кураш учун Хивага қўшин жўнатишни илтимос қилган, аммо бу мурожаат, афтидан, жавобсиз қолган.
XVII аср охиригача Хива ва Москва мунтазам равишда элчилар билан алмашиб турган ва Сибирни босиб олгандан кейин Россия эртами-кечми жанубга юз тутиши тобора ойдинлашарди. Бу йўналиш стратегик аҳамиятга эга эди, чунки у инглизлар эндигина яқинлаша бошлаган Ҳиндистонга йўл очган бўларди – келажакда инглизлар русларнинг минтақадаги асосий рақибига айланадилар. Қандай бўлмасин, Хитой, мўғуллардан олдинги даврда бўлгани каби, Марказий Осиёда ҳукмронликка даъво қилолмасди, чунки ўша пайтда ойратлар (қалмоқлар) билан қаттиқ курашарди, форслар эса XVII-XVIII асрлар фақат ички низолар ва усмонлилар, афғонлар билан кечган урушларда ўз кучини йўқотиб борарди.
Шундай қилиб, XVIII аср бошларида Москванинг минтақа учун курашда нуфузли рақиблари йўқ эди, фақат ҳарбий-техник тараққиётда руслардан сезиларли даражада орқада қолган Марказий Осиё давлатларидан ташқари. Айниқса, Россиянинг Пётр даврида эришган ютуқлари фонида. Бундан ташқари, бу даврда Хива ҳам, Бухоро хонликлари ҳам иқтисодий инқироз ва сиёсий беқарорлик даврини бошидан кечираётган эди (айнан шу даврда Қўқон хонлиги Бухородан ажралиб чиққанди), шунинг учун Россиянинг экспансияси ҳамирдан қил суғургандек осон бўлиши керак эди гўё.
Қолаверса, Марказий Осиё хонларининг ўзлари бунга туртки берганди. 1700 йили Хон Шоҳниёз Москвага ўз элчиларини юбориб, Хивани Россия тасарруфига қабул қилишни сўрайди ва Пётр бунга розилик беради. Бироқ, хон хивалик савдогарлар учун нафақат савдо божларини камайтиришни, балки Россиядан қурол ва металл олиб чиқишга рухсат беришини ҳам сўрайди. Подшоҳ ўша пайтда ҳам, уч йил ўтиб, Хиванинг янги хони Араб Муҳаммад II ҳам худди шундай таклиф билан мурожаат қилганида рад жавобини беради.
Охир оқибат, Хива лойиҳаси Пётрни қизиқтириб қолади, у йиллар давомида ўзини буюк геосиёсатчи сифатида ҳис қила бошлайди. Бир вақтнинг ўзида бир нечта манбалардан Амударё олтинга бой экани ҳақида маълумот олган, шунингдек, Ҳиндистонга энг қисқа йўл айнан Хива эканлигини ҳисобга олиб,
1714 йили подшоҳ хиваликларни забт этиш учун кабарда князлари авлодидан бўлмиш Александр Бекович-Черкасский бошчилигида ҳарбий экспедицияни юборади.
«Фарғона» бу тарихий воқеани ҳикоя қилганди, бир сўз билан айтганда — экспедиция барбод бўлади, руслар отряди бутунлай йўқ қилинади, Бекович-Черкасскийнинг ўзи вафот этади ва Россия бир мунча вақт Марказий Осиёга юриш қилишга қизиқмайди. Лекин русларнинг экспансияси давом этади – 18 аср ўрталаридан бошлаб ерлари Хива билан бевосита чегарадош бўлган қозоқ уруғлари аста-секин Россия тасарруфига ўта бошлайди. Хива эса, ўз навбатида, Нодиршоҳ даврида вақтинчалик ренессансни бошдан кечирган форслар босқинига қарши курашиши керак эди. Кейинчалик, тахминан ярим аср давомида, минтақани ташқи кучлар деярли безовта қилмайди, аммо тез орада у ўз даврининг иккита асосий мустамлакачи йиртқичларининг «Буюк ўйини» даги марказий майдонга айланади.
«Буюк ўйин» атамаси анъанага кўра, 1830-1831 йиллари рус армияси «Британия империясининг дурдонаси» бўлган Ҳиндистонга етиб бориши мумкин бўлган йўлларни ўрганиш учун Хивага борган инглиз агенти Артур Коноллига тегишли. Конолли саёҳат қилиб юрган пайтлар Англия ҳақиқатан ҳам бобурийлар қўлида бўлган Ҳиндистонни босиб олган ва Афғонистонни бўйсундиришга тайёрланаётган эди. Россия эса кетма-кет икки урушда Эронни мағлуб этиб, бутун Кавказортини қўлга киритган ва Каспий денгизида мустаҳкам ўрнашганди. Натижада, Хива, Бухоро ва Қўқон хонликлари айнан Петербург ва Лондон ўртасидаги қарама-қаршилик чизиғида қолади. Конолли Марказий Осиёнинг чўл ва даштлари бўйлаб саёҳат қилиб, қандайдир йўл билан маҳаллий хонларни Россияга қарши бирлаштирмоқчи бўлган, аммо охир-оқибат бунга эриша олмаган ва чет эллик жосус сифатида Бухорода қатл этилган.
Россия 19 аср бошларига келиб яна Хивага эътибор қарата бошлайди. 1804 йили Оренбург ҳарбий губернатори князь Григорий Вольконский рус савдо карвонларининг даштда талон-тарож бўлишига қарши, Хива хони фуқароларининг ушбу талончиликларга бевосита алоқадор эканига ишонган ҳолда Орол денгизи соҳилларига ва Амударё дельтасига ҳарбий юришни таклиф қилади. Вольконскийнинг ташаббуси ҳукуматда қўллаб-қувватланади ва Хивага қарши экспедиция 1805 йилнинг кузига режалаштирилади. Бироқ, тез орада Наполеон айби билан руслар режалари бутунлай барбод бўлади ва 1815 йили Петербургда «кичкина капрал» устидан қозонилган мутлоқ ғалабадан сўнггина Марказий Осиё мавзусига қайтадилар.
1819 йили Россия империяси Ташқи ишлар вазирлиги қошида Осиё департаменти ташкил этилади. Ўша йили Бош штаб капитани Николай Муравьёв танишув (бошқача айтганда разведка) мақсадида билан Хивага жўнайди. У ўз маърузаларида Хиванинг давлат бошқаруви ва савдо-сотиқ тизими, маҳаллий халқлар ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятларини батафсил баён қилган. Ва энг муҳими, у бу ҳудудларни босиб олиш имконияти ҳақида ижобий фикр билдиради.
«Агар бу ҳудуд Россия тасарруфида бўлганида эди, — деб ёзган эди Муравёв, — бу, албатта, бизнинг савдо-сотиғимизга сезиларли фойда келтирарди, чунки саноат жонланиб, бутун Осиё савдоси, ҳатто Ҳиндистон савдоси Хива орқали Астраханга ўтиши мумкин эди... Агар... Хива бизнинг қўлимизда бўлганда эди (буни амалга ошириш қийин эмас), Марказий Осиёнинг кўчманчи халқлари бизнинг кучимиздан қўрққан, Ҳинд ва Амударё орқали Россияга савдо йўллари ўрнатилар эди.Шунда Ўрта ва Жанубий Осиёнинг барча хазиналари ватанимизга юз бурар, шу тариқа Буюк Пётрнинг улуғвор нияти амалга ошган бўларди... Бир сўз билан айтганда, Хива ҳозирда Бухоро ва Шимолий Ҳиндистоннинг Россия билан савдо қилишига тўсқинлик қилаётган юрт ҳисобланади».
Кейинги йилларда Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажми ўсишда давом этади ва Англия билан юзага келган қарама-қаршилик фонида империянинг ўзида чор ҳукуматини дашт қароқчиларига чек қўйишга, минтақада тартиб ўрнатишга чорловчи овозлар хори кучаяди. Аслида эса — инглизлар келмасидан олдин Марказий Осиё давлатларини бўйсундириш лозим эди.
1824 йили навбатдаги савдо карвони билан полковник Станислав Циолковский бошчилигидаги бир неча юз аскардан иборат отряд Бухорога жўнайди.
Орадан 50 йил ўтгач, Россиянинг «Военный сборник»и бу юришни қуйидагича таърифлайди: «1824 йил ноябрь ойида Оренбургдан полковник Циолковский бошчилигида 625 кишидан иборат икки замбаракка эга карвон Бухорога йўл олди. 1825 йил январда у Янидарёни кесиб ўтди, лекин Ғишт-Тепада унга хиваликлар, туркманлар ва қирғизлар ҳужум қилишди. Ўн уч кун давомида Циолковский кучли душман ҳужумларига қарши курашди, лекин ниҳоят камроқ қимматга эга нарсаларни жойида ташлаб, қайтишга мажбур бўлди. Бизнинг савдогарлар кўрган зарар деярли 550 000 рублни ташкил этди. Бу зарарнинг бир қисмини хазина ўз зиммасига олди, қолганини эса Хива хонидан талаб қилиш керак».
Фёдор Берг қўмондонлиги остида бир вақтнинг ўзида Устюртга юборилган ҳарбий экспедиция Эмба дарёси бўйлаб қароқчиларни тарқатиб юборади ва Хива хонлигига ғарбий яқинлашиш бўйича разведка ишларини олиб боради. Энди фақат сайёранинг энг ноқулай бурчакларидан бирини кесиб ўтишнинг барча қийинчиликларини энгиш учун ўзида жасорат топа оладиган одамни топиш қолган эди.
Бергнинг ўзи ҳисоботларида Орол денгизи атрофи билан танишиш пайтидаги ҳис-туйғуларини шундай тасвирлаб берган: «Ўрганиш лозим бўлган маконнинг тўлиқ ноаниқлиги бизни уни худди шу кенглик остидаги бошқа жойларни баҳолашга мажбур қиларди. Ницца ва Бордо кенгликларида бўла туриб, қиш жанубий иқлимга хос бўлиши керак эди; лекин биз қаттиқ бўрон ва шамолларга эга 21-25 ° Реомюр (минус 26-31 Цельсий бўйича) доимий совуққа дуч келганимизда, бизнинг ҳайратимиз азоб-уқубатларимизга деярли тенг эди».
Излаётган одам 1833 йили Оренбург ҳарбий губернатори этиб тайинланган Василий Перовский бўлиб чиқди. Тайинланишдан олдин у Наполеон, турклар ва исёнчи бошқирдлар билан жанг қилишга муваффақ бўлганди, шунинг учун у катта жанговар тажрибага эга эди. Оренбургда Перовский дарҳол инглизларнинг Марказий Осиёда кучайиб бораётган таъсиридан хавотирга тушади. Жумладан, у Санкт-Петербургдаги Осиё бўлимига Бухорода кўплаб арзон инглиз моллари пайдо бўлаётгани ҳақида хабар беради, зеро бунинг натижасида Бухоро амири Россиядан Англия томон савдо ҳамкорлик йўналишини ўзгартириш ҳақида ўйлай бошлаганди.
1836 йили Оренбургга Перовский олдига Афғонистон амири Дўст Муҳаммаднинг элчиси келади. Бу амир инглизлар томонидан қўллаб-қувватланган Шужа Шоҳ Дурроний билан Афғонистонни назорат қилиш учун уруш олиб борарди. Дўст Муҳаммад Россиянинг дастак бўлиши борасида музокаралар олиб боради, бунга жавобан инглизлар Афғонистонга тўлиқ ва дастлаб муваффақиятли бостириб киришади. Россиянинг Марказий Осиёдаги позициялари, шунингдек, Хива, Қўқон ва Бухоро билан барча савдо алоқалари хавф остида қолганди, шунинг учун империя том маънода жавоб қайтаришга қарор қилади.
Албатта, Хивага юриш қарорини фақат Англия билан қарама-қаршилик билан изоҳлаб бўлмайди. Бу ерда яна савдо карвонларига ҳужумлар, рус фуқароларининг қулликка айланиши, қозоқ даштидаги таъсир доиралари бўйича тортишувлар муҳим рол ўйнаган. Бир сўз билан айтганда, қарор пишиб етган ва подшоҳ уни маъқуллайди. Перовскийнинг ўзи таърифлагандек, унинг жазолаш экспедицияси якунида «бутун Ўрта Осиё қайта туғилади, ўқимишли, мурувватли ҳукумат ўрнатилиши билан қашшоқликдан қутулади; Россия билан савдо ва саноат алоқалари туфайли бойиб кетади». Гап аввалги муваффақиятсизликлар нуқтаи назаридан бу тадбирни амалга ошириш ҳақида қолганди холос.
Инглизларни ғашига тегмаслик учун бу юришнинг мақсади расман хиваликларни «Россия ҳукуматининг адолатли талабларини бажаришга, Хивада қийналаётган рус қулларини озод қилишга, талончилик ва зўравонликни тўхтатишга мажбурлаш» ниятида экани билдирилган.
Аслида, Россия ҳукумати дўстона муносабатда бўлмаган Хива хони Оллоқули ўрнига ўзига муносиброқ шахс – унинг укаси Инохни тайинлашга қарор қилганди.
Шу билан бирга, Хиванинг янги ҳукмдори руслар тасарруфидаги қозоқлар ва туркманлар устидан ҳокимият ўрнатиш даъвосидан воз кечиб, Оролбўйидаги истеҳкомларни бузиб, рус савдогарлари учун божларни бекор қилиб, хонлик пойтахтида рус контингентини, Амударёда эса рус кемаларини жойлаштиришни ўз зиммасига оладиган Россиянинг вассалига айланиши керак эди. Ва, албатта, Хива Россия фуқароларининг талон-тарож қилиш ва асирликка олишни мутлоқ тўхтатиши лозим эди.
Хивага қарши юриш учун Перовский олти ярим мингдан ортиқ аскар, казаклар ва бошқирдларни тўплади, уларнинг учдан бир қисми руслар томонидан экспедиция кучлари маршрути бўйлаб яратилган таъминот йўллари ва омборларни ҳимоя қилиш учун хавфсизлик хизматини бажариши керак эди. Перовский ихтиёрида йигирмата тўп, ўн мингдан ортиқ туя, шунча от ва етти ярим минг арава бор эди. Улар нафақат бир миллиондан ортиқ ўқ дори билан, балки ўроқлар, болталар, белкураклар билан ҳам тўла эди. Баъзи офицерларнинг эътирозларига қарамай, қиш учун жуда кўп миқдорда иссиқ кийимлар юкланган эди.
Дарвоқе, Марказий Осиёнинг бепоён ҳудудларидаги бундай ҳарбий юришларга нисбатан шубҳа билан қараган шахс — Буюк Британия Бош вазири, Наполеонни енгиган сэр Артур Веллингтон эди. У Россиянинг Лондондаги элчиси Филипп Брунновга шундай деган: «У ерда қўлга киритилган ҳалабадан ҳам, енгилишдан ҳам қўрқиш керак. Агар сизга муваффақият кулиб боқса, ўша чўлларда қанчалик узоққа юришни, бордию омад юз ўгирса, у ердан қандай чиқиб кетишни билмай қоласиз. Бундай тадбирларда олдинга юриш осонлигини, лекин орқага қайтиш қийинлигини доимо ёдда тутинг».
Тўғри, Веллингтон қишда ҳарбий юришларни бошлаш яхшироқ деб ҳисобларди, чунки ичимлик сувини қордан олиш мумкин. Бековичнинг ёзги экспедициясининг муваффақиятсиз тажрибаси ҳам қиш фойдасига гапирарди, аммо совуқ мавсумда Марказий Осиёда жанг қилиш осон эмаслиги ҳам маълум эди.
Хива камида 60 минг кишилик рус қўшинига қарши туриши мумкин эди — кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Хива хони уруш пайтида шунча отлиқ жангчиларга бас кела оларди. Хивада мунтазам қўшин 19 асрнинг биринчи ярмида эндигина шакллана бошлаганлиги сабабли хонликнинг асосий кучи кўнгилли лашкарлардан иборат бўлган. Совет шарқшуноси Павел Иванов «Хива хонлари архиви» асарида хон байроғи остида ўз қўшинларини тўплаган турли қабила ва элатларни санаб ўтади: ўзбеклар, қорақалпоқлар, туркманлар, қўнғиротлар, ёмудлар, текелар, жашидлар, имреллар, човдурлар, гокленлар, сакарлар, қорачоқлар, агарлилар, манғитлар, қипчоқлар, қорадошлар, орол ўзбеклари ва бошқалар.
Албатта, Хива қўшинининг қуролланишини рус қўшинлари билан таққослаб бўлмасди — асосан хон қўшини совуқ қурол ва камонлар билан жанг қилган. Милтиқлар ҳам бўлган, лекин чекланган миқдорда ва асосан эскирган ва кам сонли замбараклар одатда фақат қалъаларни ҳимоя қилишда ишлатилган. Шунга қарамай, ўлка табиати хиваликлар тегирмонига сув қуярди ва кейинги воқеалар шуни кўрсатадики, у ҳар қандай мудофаа тузилмаларига қараганда анча ишончли ҳимоячи бўлиб чиққанди.
Перовскийнинг биринчи бўлинмалари Оренбургдан фақат 1839 йил ноябрь ойининг охирида, қиш бошланган пайтда йўлга чиққанди. Кўп ўтмай биринчи қор ёғади ва тўртта колоннага бўлинган рус армияси дастлабки қийинчиликларни бошдан кечира бошлайди. Кампания иштирокчиларидан бири, рус ёзувчиси, «Изоҳли луғат» муаллифи Владимир Даль ўзининг «Хива юришидан дўстларга мактуб» асарида шундай таъкидлаган эди: «Мен зерикарли ва беихтиёр кунда мактуб ёзяпман...қор бўрони; шундай эсяптики, кўзга ҳеч нарса кўринмайди, бундан ташқари — 22 ° даража совуқ, турган гап, илгарилаш имконсиз ...»
Маршрут бўйлаб чорва моллари учун озиқ-овқат ва ем-хашак олдиндан тайёрлаб қўйилган омборларга қарамай, ҳайвонлар тез орада озиқ-овқат этишмаслигидан нобуд бўла бошлайди. Аёзлар, қор ёғиши эса пасаймайди. «Савдо карвонларига нисбатан, — деб ёзади Даль, — бизнинг камчилигимиз улкан, зеро карвонда ҳар бир инсон ўз туяси билан одимлайди, ҳайвонини тежайди... бизнинг аскарлар эса – ўлиб кетмайдими туя дегани, ўзим тирик қолсам бўлгани! Қаровчиз туялар баъзан оғриб, нобуд бўлишади».
Туялардан кейин навбат одамларга келганди. Зангила ва термала касалликлари ўнлаб аскарларни ўлдирди. Маълум бўлишича, пиёдалар учун тайёрланган иссиқ кийимлар арзимас бўлиб чиққан. Рус тарихчиси Иван Захариин «Граф В.А.Перовский ва унинг қиш фаслида Хивага юриши» номли китобида шундай деб ёзади: «Аскарлар қоровуллик вазифасини бажараётиб, совуқдан қотиб қолишарди. Бир куни колонна командирларидан бири олдинги сафларни текширар экан, ўтирган ҳолатда қўлида милтиқ ушлаб турган бир аскарни кўради. Унга яқинлашади ва баланд овоз билан бақириб, бўйнидан туртийди. Аскар қорга ағанаб, қимирламай ётади. Маълум бўлишича, у аллақачон музлаб қолган мурда эди».
Ниҳоят, декабрь ойининг охирига келиб, қозоқ қўшинлари билан бир неча бор тўқнашувлардан омон қолган рус армияси Эмба дарёсидаги истеҳкомга этиб келади. Бу ердан Перовский казакларнинг илғор отрядини жанубга, Оқ-Булоқ истеҳкомига юборади, уни вайрон қилиш ва у ерда мавжуд товарларни Эмбага етказиш керак эди. Бу ерда руслар юриш пайтида биринчи марта Хива қўшинлари билан тўқнашади. Кучлар нисбати деярли 10 га 1 хиваликлар фойдасига эди, бироқ артиллерия отишмалари ёрдамида казаклар душманни қувиб чиқаришади.
Шундан сўнг, хон қўшинлари Оқ-Булоққа яқинлашиб келаётган Перовский қўшинларига ҳужум қилишга қарор қилади. Рус лагерига бир неча марта муваффақиятсиз босқинлар уюштирган хиваликлар ҳандақлар ковлаб, ўрнашадилар, душманга камон ва милтиқлардан ўқ ота бошлайдилар. Бунга жавобан руслар хиваликларни яширинган жойларида қира бошлайди. Хон қўшини яна ҳужумга ўтади, бироқ бу сафар руслар жавоб қайтаришади. Шу билан бу ерда фаол жанговар ҳаракатлар деярли тугайди: хиваликлар 100 га яқин одамни йўқотадилар, рус қўшинларида эса атиги беш киши ҳалок бўлади ва 13 киши яраланади.
Аммо юриш давом этади. Кўп ўтмай маҳаллий аҳолидан ёлланган туячилар исён кўтаришади. Перовский икки ғалаёнчини отиб, қўзғолонни бостиришга муваффақ бўлади. Шундан сўнг, Хива қўшинлари рус қўшинини туялар билан таъминлаб келган қозоқларга ҳужум қилади. Руслар қийин аҳволга тушиб қолишадию зеро янги юк ташийдиган ҳайвонларсиз, экспедицияни давом эттириш амри маҳол эди. Биргина Эмбадан Оқ-Булоққа ўтиш пайтида мингдан ортиқ ҳайвонлар нобуд бўлганди, яна беш юзта ҳайвонни ҳолдан тойгани учун қолдиришга тўғри келганди. Совуқ эса авжига чиқар, қор тинмай ёғарди.
1940 йил 1 февралда Перовский ўз армиясига мурожаат қилади: «Ўртоқлар! Тез орада биз Олампаноҳ Император буйруғи ва Худога таваккал қилиб, подшоҳ иродасини бажаришга азму қарор қилган ҳолда юришга чиққанимизга уч ой бўлади. Кетма-кет деярли уч ой давомида биз йўлимизда дуч келган қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳаракат қилдик. Душман билан бўлиб ўтган аҳамиятсиз жангни айтмасак, у билан тўқнаш келиш қувончига ҳам эга бўлмадик. Шунча машаққатларга қарамай, одамлар кучга тўла, отларимиз тўқ, мол-мулкимиз мўл, фақат бир нарса панд берди: туяларнинг катта қисми нобуд бўлган ва кампаниянинг қолган қисми учун зарур бўлган озиқ овқатларни ортиб кетиш имкониятидан маҳруммиз. Бизни кутаётган ғалабадан воз кечиш қанчалик аламли бўлмасин, бу сафар қайтишга мажбурмиз».
Деярли 800 километр олисдан қайтиш рус қўшинлари учун янада қийинроқ эди — одамлар олов ёқиш ва қандайдир тарзда исиниш учун музлаган ердан ўсимлик илдизларини қазиб олишга мажбур эди. Эмбадаги бутун лагер ўлик туялар жасади билан тўлиб-тошганди ва русларнинг олдинга ҳаракат қилишларига тўғри келарди, чунки баҳорда ўлик ҳайвонлар сассий бошлайди ва истеҳкомда қолишни чидаб бўлмас ҳолатга келтирарди.
Фақат ёзга келиб мадорсиз рус армияси Оренбургга етиб келди.
Армиянинг дастлабки олти ярим минг таркибидан мингдан ортиқ рус ва икки юзга яқин бошқирд ҳалок бўлди — асосан касаллик ва совуқдан. Чорвадор қозоқлардан қанчаси нобуд бўлганини ҳеч ким ҳисобламаган.
Даштда ўлиб қолган 9 мингга яқин от ва саккиз мингта туя қолгандир. Натижада Россия ғазнаси 1,7 миллион рубль йўқотган – бу ўша пайт учун улкан сумма эди.
Бироқ, кампания иштирокчилари ўзларига келишга улгурмасдан, рус ҳукуматининг Перовский зиммасига юклаган вазифаларнинг бир қисми бажарилганди. Энг қизиғи, бу инглизлар саъй-ҳаракатлари билан амалша ошганди. Британия қироллигининг Хивадаги эмиссарлари Эббот ва Шекспир хонни хиваликларнинг русларни талон-тарож ва қул қилмасликка кўндира оладилар. Шу билан бирга, Оллоқули Хивада азоб чекаётган тўрт юз рус қулини озод қилади. Бу қарори билан хон ватандошларини ҳимоя қилиш баҳонасида рус қўшинларининг босқинчилик қилишига чек кўйганди. Минтақада ўз мавқеини кучайтираётган инглизларнинг бундан кўнгли тўқ эди.
Натижада, Хива юришидаги муваффақиятсизлик нафақат Россиянинг Марказий Осиёдаги обрўсини шубҳа остига қўйди, балки кейинчалик Россия манфаатлари векторини Қўқон ва Бухоро томонга буриб ташлади. Икки хонлик XIX асрнинг иккинчи ярмида рус қўшинлари босқинининг биринчи нишонига айланади. 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида Хива Россия ва Англия ўртасидаги мувозанатни моҳирлик билан ушлаб туришга эришади ва чор ҳукумати қайта-қайта тиркаган шартномалардан ўзини олиб қочади. Қул савдоси ҳам тикланади. Хонлик фақат 1873 йили, деярли ҳар томондан руслар қуршовида қолгандагина таслим бўлади.
-
08 Октябрь08.10ФотоНон шаҳриТошкентда нонлар фестивали бўлиб ўтди
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
27 Сентябрь27.09«Футболчилар ўйинини ўйнайверсин, футболни эса бошқалар бошқаради» — бундай тезиснинг яшашга ҳаққи йўқАлишер Аминов — Тошкентда бўлиб ўтган FIFPro Бош ассамблеяси ва Ўзбекистонда спортни бошқариш тизимининг ҳуқуқий асослари ҳақида
-
18 Сентябрь18.09Эрмитаж ва WOSCU — ҳамкорлик натижалариЎзбекистон маданий мероси Эрмитажни қанчалар ҳайратга солгани ҳақида. Павел Лурье маърузаси
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида