Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳуқуқ ҳимоячиларининг чақириқларини эътиборсиз қолдириб, хориждан молиялаштириладиган нотижорат ташкилотлар устидан давлат назоратини кучайтирувчи шов-шувли қонунни имзолади. Бу ҳақда республика раҳбари 2 апрель куни ижтимоий тармоқларда маълум қилди ва бир вақтнинг ўзида ўз қарорини оқлашга тушди. Шундай қилиб, тез орада Қирғизистонда «хорижий агентлар», аниқроғи, «хориж вакиллари» пайдо бўлади. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг юзага келтириши мумкин бўлган оқибатлари тўғрисида «Фарғона» материалида ўқинг.
Бизга барибир эмас
Бир қатор халқаро ташкилотлар Садир Жапаровнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) устидан назоратни кучайтириш ҳақидаги қарорига муносабат билдирди.
«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) Россиянинг худди шундай қонуни билан ўхшашликни кўриб, янги қоидалар сўз эркинлиги ҳолатини сезиларли даражада ёмонлаштиришини таъкидлайди.
«Журналистларнинг ҳибсга олиниши ва цензура ўрнатишга уринишлар ортидан «хорижий агентлар» деб гумон қилинадиганларни камситиш тўғрисидаги қонун президент Жапаровнинг Қирғизистондаги авторитар бошқарувининг янги босқичини кўрсатади. Режалаштирилган тазйиқлар аллақачон полициянинг қаттиқ босими остида қолган мустақил оммавий ахборот воситаларини бўғиб қўйиши мумкин. Бу қонун фуқаролик жамиятини янада сиқувга олиш ва оммавий ахборот воситаларидаги плюрализмни йўқ қилиш учун баҳонадан бошқа нарса эмас. RSF уни зудлик билан бекор қилишга чақиради», — дейди ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Жанна Кавелье.
Журналистларни Ҳимоя қилиш Қўмитаси (CPJ) ННТ тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири мустақил оммавий ахборот воситаларини бошқарадиган матбуот эркинлиги гуруҳлари ва нотижорат ташкилотлари фаолиятига зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилари энди амалдорлар хориждан молиялаштириладиган барча уюшмалар устидан деярли чексиз маъмурий назоратга эга бўлишини таъкидлайдилар. Мутахассислар ҳам Марказий Осиё республикаси ҳукуматини ушбу ҳужжатни бекор қилишга чақиради.
«Президент Жапаровнинг Россияни «хорижий агент» қонунчилиги бўйича қарори ортидан эргашиши, Қирғизистоннинг постсовет Марказий Осиёсида сўз эркинлиги ва демократия ороли сифатидаги 30 йиллик мақомини йўқ қилиши мумкин», — дейди CPJнинг Европа ва Марказий бўйича вакили Гулноза Саид.
АҚШ Давлат департаменти ҳам вазиятга муносабат билдирди. Департамент матбуот котиби Мэтью Миллер қирғиз халқига ёрдам бераётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг муҳим фаолиятига таҳдид соладиган «хорижий агентлар тўғрисида» қонуннинг қабул қилинишидан хавотир билдирди.
«Биз Қирғизистон ҳукуматини демократиянинг тамал тоши бўлган фуқаролик жамиятини ҳимоя қилишга чақирамиз»,—деб ёзади Давлат департаменти вакили ижтимоий тармоқда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Марказий Осиё республикаси раҳбариятига ННТ ҳуқуқларини поймол қилган ҳужжатни қайтариб олиш талаби билан мурожаат қилган эди. Бунга жавобан Садир Жапаров сиёсатчига Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмасликни маслаҳат берганди.
Репрессив қонуннинг қабул қилиниши Европа Иттифоқида «ташвишли воқелик» деб аталди. Европа Иттифоқининг Қирғизистон Республикасидаги делегацияси сайтида эълон қилинган матнда Жапаровнинг қарори Европа Иттифоқи каби халқаро ҳамкорлар билан муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши айтилади.
«Европа Иттифоқи Қирғизистон Республикаси билан асосий эркинликлар, қонун устуворлиги ва демократик стандартларни ҳурмат қилиш асосидаги икки томонлама ҳамкорликка содиқ қолади. Бу қадриятлар бизнинг Умумий имтиёзлар схемамиз (GSP+) ва бўлажак Қирғизистон Республикаси билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимимизнинг (EPCA) ажралмас қисмини ташкил этади», — дейилади баёнотда.
Civil Rights Defenders ташкилотининг ҳуқуқ ҳимоячилари радикалроқ муносабатда бўлишди: улар Европа Иттифоқи давлатлари ва ташкилотларини
«инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларини очиқдан-очиқ чекловчи режим» билан ҳамкорлик қилишни бас қилишга чақирдилар.
Қўшимча қилиб ўтамиз, президент «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунни имзолашдан олдин ҳам ҳуқуқ ҳимоячилари бонг уришганди. Мисол учун, март ойи бошида CIVICUS Monitor глобал фуқаролик жамияти альянси Қирғизистонни инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича диққат билан кузатилиши керак бўлган давлатлар рўйхатига қўшди. Айни пайтда ташкилот экспертлари республикадаги фуқаролик маконини «репрессияга учраган» дея баҳоламоқда. Аммо мамлакат тез орада янада пастга – «ёпиқ» давлат мақомига тушиб кетиши мумкин.
Матбуот эркинлиги индексида ҳам прогрессни кутмаса бўлади. Агар республика ҳозирда мавжуд 180 тадан иборат рўйхатда 122-ўринни эгаллаб турган бўлса, бу йил охирига келиб, мамлакат рейтингнинг энг қуйи поғонасига янада яқинлашиши мумкин.
Россия изи
Қирғизистонда нодавлат ва нотижорат ташкилотлари фаолияти қоидаларини қатъийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бундан ўн йил аввал пайдо бўлганди. Бу дарҳол жамиятда ва парламентда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. 2016 йили Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари тузатишларни рад этишди, шундан сўнг қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар бир мунча вақт ўз аҳамиятини йўқотди.
Нодира Нарматова бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар ўтган йил май ойида «Нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни тарғиб қилишга яна бир уриниб кўрдилар. Сиёсатчилар аввал билдирилган мулоҳазаларни инобатга олганликларини айтишди, бироқ таҳлилчиларга кўра, лойиҳа матнига фақат «косметик» ўзгартиришлар киритилган. Бу сафар ташаббус муаллифлари муваффақият қозонишди – жорий йилнинг 14 март куни Жогорку Кенеш ҳужжатни учинчи якуний ўқишда кўпчилик овоз билан қабул қилди. Икки ҳафтадан сўнг Қирғизистон президенти битта имзо билан тузатишларга қонуний куч берди.
Нарматова давлат раҳбарига бу жести учун миннатдорчилик билдирди. У Жапаровнинг қарорини «тарихий» деб атади ва энди мамлакатда «темир тартиб» ўрнатилишига умид билдирди.
Тегишли хабарни эълон қилган давлат раҳбари матбуот хизмати янги қоидалар ННТ фаолиятида шаффофликни таъминлашга қаратилганига ишонтирди. Эндиликда ваколатли давлат органлари хорижий донорлардан пул олган ва уларнинг тадбирларида қатнашаётган ташкилотлардан қўшимча ҳисобот талаб қилиши, солиқ хизмати органларига режадан ташқари текширишлар ўтказишга рухсат берилиши таъкидланди. Ва, албатта, «хорижий вакиллар» ўз материалларини тегишли белгилар билан маркалашлари керак бўлади. Охирги талаб, айниқса, оммавий ахборот воситаларига таъсир қилади.
Парламент муҳокамаларида ҳам экспертлар қонун лойиҳаси хусусиятларини қайд этдилар. Улар унинг бир қатор қоидалари Қирғизистон 30 йил аввал қўшилган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт нормаларига зид эканлигига эътибор қаратдилар. Бундан ташқари, ташаббусни ишлаб чиқувчилар халтурага қўл уришган, чунки
ҳужжат Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунини 90% га кўчирган.
Бироқ, бу тезисга ҳамма ҳам қўшилавермайди. Масалан, Бишкеклик ҳуқуқшунос Таттубубу Эргешбоева Россия ҳужжатига нисбатан бир қатор фарқларни топган. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясида нафақат компаниялар, балки алоҳида фуқаролар — сиёсатчилар, журналистлар, бизнесменлар ҳам «хорижий агент» сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Яъни, ҳокимиятга кўра, чет элдан маблағ оладиган ҳар қандай одам. Қирғизистонда ҳозирча нодавлат нотижорат ташкилотлари менежерлари, таъсисчилари ёки ходимлари «хорижий вакиллар» ҳисобланадилар. Шу билан бирга, «сиёсий фаолият» билан шуғулланадиган уюшмалар, жамғармалар ва бирлашмалар давлат органларининг эътиборига тушади. Бироқ, Эргешбаева таъкидлаганидек, бу тушунча жуда ноаниқ ва агар тўғри келса, оммавий тадбирлар, оммавий чиқишлар ва ҳатто ҳукуматнинг ҳар қандай қарорига шарҳларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Икки давлат қонунларидаги асосий фарқ бериладиган жазоларда. Россияда 2021 йилдан бошлаб «чет эл агентлари» нафақат жаримага тортилади, балки уларга қарши жиноий ишлар ҳам очилиши мумкин, бунда судлар айбдорларга беш йилгача қамоқ жазоси тайинлаш ҳуқуқига эга. Қирғизистон ҳозирча фақат маъмурий жавобгарликни қўллайди. Аммо бу борада республика «йўлнинг бошида турибди», деб таъкидлайди эксперт.
«Қонуннинг энг ёмон томони шундаки, у Адлия вазирлигига қайси ташкилот «хорижий вакил» эканлигини мустақил аниқлаш учун кенг ваколатлар, солиқ хизматларига эса режадан ташқари текширишлар учун қўшимча дастаклар беради», — дея хулоса қилади Эргешбаева.
Илгари тартибсизликлар бор эди, бундан кейин нима бўлади?
2 апрель куни Садир Жапаров ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида ННТ фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни нима учун имзолаганини тушунтирди.
Хусусан, президентнинг сўзларига кўра, 30 йил давомида нодавлат ташкилотлар ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган ва ҳеч кимга ҳисобот бермаган.
«Энди улар очиқчасига ишлайдилар. Аввалгидек тартибсизлик бўлмайди», — дейди давлат раҳбари.
Бироқ, президент фикри танқидга учради. Шундай қилиб, юқорида тилга олинган адвокат Таттубубу Эргешбоева Жапаровнинг ижтимоий тармоқдаги чиқишини изоҳларкан, республика раҳбари «нотўғри маълумот» тарқатаётганини ёзади.
«ННТ узоқ вақтдан бери солиқ хизмати, ижтимоий жамғарма ва статистика қўмитасида расман давлат рўйхатидан ўтиб келади», — дея эслатади Эргешбаева.
Унинг таъкидлашича, нотижорат ташкилотлари ҳар ой ёки чоракда мазкур органларга ҳисобот беришади ва 2022 йилдан бошлаб эса улар ҳукуматга олинган грантлар ва харажатлар борасида ҳисоботлар бериб келади.
Kaktus.Media нашри адвокатнинг нуқтаи назарини таъқуллаган ҳолда, президентнинг бир қатор тезисларига эътироз билдиради. Журналистларнинг таъкидлашича, нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтади, ўз фаолияти ва молиявий аҳволи ҳақида ҳисобот бериб келади. Бундан ташқари, 2023 йил июль ҳолатига кўра, Адлия вазирлигининг юридик шахслар маълумотлар базасида 30 мингга яқин ННТ, жумладан, 11313 та муассаса, 10313 та уюшма ва 7504 та жамоат фонди мавжуд эканидан иборат статистик маълумотлар келтирилади. Айни пайтда 400 та ташкилот таълим, ҳуқуқий ҳимоя ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бундай тузилмаларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшган ҳиссаси ялпи ички маҳсулотнинг 0,3 фоизини ташкил этади. Тахминан шунча миқдордаги маблағ бюджетга меҳмонхона бизнесидан келиб тушади, деб таъкидлайди онлайн-ОАВ.
Жапаровнинг постига қайтган ҳолда, республика раҳбари масаланинг молиявий томонига тўхталиб ўтганини алоҳида таъкидлаймиз. У баъзи ташкилотларни гўёки чет эллик донорларни алдашда айблайди — улар давра суҳбатлари, тренинглар ва бошқа лойиҳаларга пул сарфлаётганини гапиришади, аслида эса пулларни «шахсий манфаатлар»и йўлида ишлатишади. Президентнинг сўзларига кўра, унда тегишли далиллар бор, аммо постда бу борада аниқ маълумотлар келтирилмаган.
Ва ниҳоят, президент «мурожаати» дан яна бир деталь. Жапаров давлат раҳбари сифатида хорижлик ҳамкорлар билан ишлаб келаётган ННТ таъқиб қилмасликка ваъда беради. Президент ўз сўзида қанчалар қатьий? Бу ёғини энди кўрамиз.
-
17 Декабрь17.12Пул қудратиАлишер Аминов — Жанни Инфантино ва арабларнинг нефть долларлари ҳақида
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
06 Декабрь06.12ФотоБарқарорликка туташган эркинликТошкентда Собир Раҳметов кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида