Юлий Юсупов «Ўзбекипаксаноат»га қарши

Таниқли иқтисодчи ўзига қарши даъво қўзғатган ипакчилик уюшмасининг бу ҳаракати нима учун Ўзбекистон обрўсига хавфли эканини тушунтирди
"Фарғона" коллажи

Ўзбекистонда ипакчилар ипакчилик саноати корхоналарини бирлаштирган «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш маркази илмий раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик кенгаши аъзоси Юлий Юсупов устидан судга мурожаат қилди. Бунга Юсуповнинг «Ўзбекистонда ипакчилик: бюрократик бошқарувнинг самарасиз амалиёти сақланиб қолинмоқда» мақоласида билдирилган танқидий фикрлари сабаб бўлди. Аввалига Уюшма иқтисодчининг мақоласига раддия эълон қилиб, Юсупов бунга қарши далилларни илгари сурди.

Иш баҳор ойларида очилган, июль ойида эса иқтисодчи «Ўзбекипаксаноат» унга қарши судга даъво қўзғатганини ва узр сўрашдан ташқари, унинг мақоласи туфайли уюшма томонидан 397 миллион сўм (33 минг доллар) миқдорида баҳолаган зарарни қоплаши кераклиги талаб қилинаётганидан хабар топган.

Юлий Юсуповнинг фикрига кўра, «Уюшма ўз даъвоси билан Ўзбекистон обрўсига путур, мамлакат иқтисодий салоҳиятига зиён етказади». Янги мақолада иқтисодчи ўз нуқтаи назарини тушунтиради.

Қисқача муқаддима

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси мени судга берди. Даъвонинг мазмуни шундан иборатки, «Ўзбекистонда ипакчилик: бюрократик бошқарувнинг самарасиз амалиёти сақланиб қолмоқда» номли мақоламда гўёки:

▶️ Уюшманинг роли ва фаолияти нотўғри акс эттирилган;

▶️ Уюшма давлат томонидан назорат қилиниши ва бир-бирига мос келмайдиган функцияларни бажариши, бу эса манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиши ҳақидаги фикрлар нотўғри келтирилган;

▶️ ипакчилик кластерларининг давлат билан чамбарчас боғлиқлиги ва алоҳида имтиёзлардан фойдаланиши нотўғри кўрсатилган;

▶️ Фермерларни пилла етиштиришга мажбурлаш билан боғлиқ вазият бузиб кўрсатилган: Буни қарангки, ҳеч қандай мажбурлаш йўқ экан.

Ва буларнинг барчаси, даъво муаллифларининг фикрича, Уюшманинг “ишбилармонлик обрўсига” путур етказади.

Иккинчи суд мажлисида Уюшма вакиллари кутилмаганда ўз даъво талабларини ўзгартириб, менинг мақолам эълон қилиниши билан боғлиқ тарзда Уюшмага етказилган 390 миллион сўм миқдоридаги зарарни қоплашни талаб қилишди. Зарарларга, гўёки қуйидагилар сабаб бўлган:

▶️ қандайдир вьетнамлик харидор айнан менинг мақолам туфайли гўёки битимлар тузишдан бош тортгани сабаб кластерлардан ундириладиган аъзолик бадаллари миқдори камайган;

▶️ Уюшма ходимлари томонидан “мақола изидан” олиб борилган “тадқиқот” харажатлари ва, албатта мақоладаги маълумотлар тўғри эмаслиги аниқланган (айнан қайсилиги кўрсатилмаган).

“Ўзбекипаксаноат” ўз даъво талаблари ва далилларини тақдим этар экан, қасддан ёки бехосдан мамлакатимиз обрўсига путур етказмоқда, ҳокимиятнинг суд тизимига зарба бермоқда, шунингдек сўнгги йилларда муваффақиятли ривожланиб бораётган Ўзбекистон тўқимачилик соҳасига катта зарар етказиш хавфини туғдирмоқда.

Кейинроқ, Уюшманинг даъво аризаси нафақат даъвогар ва жавобгар, балки бутун Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга эканлигини исботлашга ҳаракат қиламан.

Ўзбекистоннинг суд ҳокимияти ва демократик ютуқлари“Ўзбекипаксаноат” зарбасига учради.

Ўзбекистонда рўй бераётган сиёсий ўзгаришлар демократлашув даражаси, сўз эркинлиги ва бошқа жиҳатлар бўйича мамлакатлар рейтингини тузувчи халқаро ташкилотлар, шунингдек давлат институтларини такомиллаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришдан ҳаётий манфаатдор бўлган хорижий жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, мамлакат аҳолиси томонидан кузатиб борилади.

Назаримда, Уюшманинг даъвоси Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, шунингдек мамлакат суд-ҳуқуқ тизимининг обрў-эътибори борасида эришган ютуқларини хавф остига қўяди. Нега? Чунки Уюшма ўз даъво аризаларида ҳамма учун мутлақо аён бўлган фактларни рад этишни ва уларни чоп этишга журъат этган шахсни пул билан жазолашни талаб қилмоқда. У суддан қорани оқ ва оқни қора деб айтишни ҳамда ҳатто сўз эркинлиги учун жазолашни талаб қилмоқда.

Ахир мақолада айни ҳақиқат ёзилган. “Ўзбекипаксаноат” эса ҳақиқатни ёлғон деб аташни талаб қилиб, бу Уюшма обрўсини оширишини таъкидлайди. Аммо бу вазиятни янада ёмонлаштириши аниқ. Бинобарин, даъвонинг бутун ғояси ҳақиқат учун қасос, менинг ва бошқа мустақил тадқиқотчилар, публицистлар ва журналистларнинг оғзини ёпиш истагидир.

Мен нимани рад этишим керак?

Биринчидан. Даъвогарнинг фикрича, мен уюшманинг роли ва фаолиятини нотўғри акс эттирганман, уюшма давлат томонидан назорат қилинади ва бир-бирига мос келмайдиган функцияларни бажаради, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келиши ҳақидаги баёнотим ҳам нотўғри. Маълум бўлишича, «Ўзбекипаксаноат» хўжалик бошқаруви органи эмас, балки бутунлай мустақил ташкилот. Нега? Низомида шундай ёзилган экан.

Унда нега Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2856-сонли қарори билан Уюшма ташкил этилган бўлиб, унда Уюшма таркибидаги ташкилотлар, Уюшманинг вазифалари ва фаолияти, унинг ташкилий тузилмаси ва максимал ходимлар сони белгилаб берилган? Сизнингча, ихтиёрий нодавлат уюшмалари шу тарзда тузиладими? Сизнингча, ихтиёрий мустақил уюшмаларнинг раислари ва уларнинг ўринбосарлари ўз лавозимларига Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланиб, мақоми бўйича вазир ва вазир ўринбосарларига тенглаштириладими? (Қарорда шундай кўрсатилган).

Юлий Юсупов. Муаллифнинг шахсий архивидан фотосурат

Ва нима учун Уюшма барча давлат ахборот ресурсларида хўжалик бошқаруви органи сифатида белгиланган?

Яна бир савол: Уюшма мулки қаердан шаклланади? Ахир бу давлатнинг “совғаси” эмасми? Нега давлат ерларида жойлашган тут плантациялари Уюшма таркибига кирувчи “нодавлат” ҳудудий “Агропилла” МЧЖ балансида бўлиб, нодавлат ипакни қайта ишлаш ташкилотларига текин фойдаланишга берилган?

Нега Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 705-сон қарори билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳузуридаги Ипакчиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ипак чиқиндилари ва ипак хомашёсини экспорт қилишда божхона тўловларидан тушадиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилмоқда?

Нега президент ўз қарорлари билан Уюшмага кўрсатмалар бериб, уни, масалан муайян режаларни амалга ошириш учун масъул қилади? Мустақил ташкилотларга кўрсатма бериш унинг ваколат доирасига кирадими? Менимча, биз Президент Администрациясининг ёмон иши ҳақида ҳам савол қўйишимиз керак: давлат раҳбари қарори билан ташкил топган, давлат мулкидан фойдаланиб, давлатдан маблағ олаётган, лекин ўзини мутлақо мустақил деб ҳисоблайдиган ташкилот бор экан.

Дарвоқе, икки йилдан ортиқ вақт мобайнида “мустақил” уюшмага давлат амалдори – Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов раҳбарлик қилганига нима дейсиз? Ва нафақат мансабдор шахс, балки ипак саноатини бошқарадиган ва бу соҳада ўз бизнес манфаатларига эга бўлган мансабдор шахс. Ҳеч қандай манфаатлар тўқнашуви аниқ йўқми? (Материал нашрга тайёрланаётган пайтда Шарипов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Ипакчилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимидан озод этилгани маълум бўлди. – «Фарғона»).

Иккинчидан. Даъвогар ипакчилик кластерларининг давлат билан чамбарчас боғлиқлиги, алоҳида ваколат ва имтиёзларга эга эканлиги ҳақидаги гапларимни нотўғри деди. Маълум бўлишича, бу тўғри эмас ва кластерлар оддий тижорат ташкилотлари экан холос.

Аммо кўплаб солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар ҳақида нима дейиш мумкин, уларнинг аксарияти фақат Уюшма аъзоларига берилган? Тўғри, кўплаб имтиёзлар муддати аллақачон тугаган, аммо улар бор эди...

Бепул фойдаланиш учун кластерларга берилаётган тут плантацияларичи?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июлдаги (ПҚ-5178-сон) қарорига кўра, маҳаллий ҳудудий ҳокимликларга ипакни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш учун ем-хашак базасини яратиш, шунингдек иш билан банд бўлмаган аҳолининг рўйхатини шакллантириш ва ипакчилик кластерларига бириктирилишини таъминлаш бўйича топшириқларни қандай изоҳлаш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 февралдаги (ПҚ-73-сон) қарори билан “фуқаролар бандлигини таъминлаш”, пилла етиштириш бўйича режа кўрсаткичларининг бажарилиши, шунингдек «тармоқ корхоналарига доимий амалий ёрдам кўрсатиш» мақсадида ипакчилик саноати корхоналари туман ҳокимларига “бириктирилган”ига нима дейсиз?

Ва энг муҳим савол: нега пилла сотиб олиш нархларини давлат белгилайди ва “нодавлат ва мустақил” уюшма қаерда қолди?

Қолаверса, Президентининг 2019 йил 31 июлдаги (ПҚ-4411-сон) қарорида “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига 2020 йилдан бошлаб йирик пилла ишлаб чиқарувчилардан пилланинг сотиб олиш нархини камида 20 фоизга, 2021 йилдан эса камида 10 фоизга ошириш чораларини кўриш топширилган.

Учинчидан. Даъвогар Ўзбекистонда фермерларни пилла етиштиришга мажбурлаш ҳолатлари йўқлигини айтади. Нега у шундай дейишга қарор қилди? Чунки бу қонунларга зид. Бетакрор “далил”.

Аммо фермерларнинг ўзлари томонидан ўтказилган сўров натижалари, ижтимоий тармоқларда, Телеграм каналларида овоз бериш орқали тўпланган уларнинг гувоҳлик кўрсатмалари ҳақида нима дейиш мумкин? Улар ёлғон гапиришяптими? Нима учун? Мен шу саволга жавоб олмоқчиман. Ва суд қарори, агар у Уюшма фойдасига қабул қилинса, бу борада ҳеч нарсани ўзгартирмайди — бу кўплаб кўрсатмаларни бекор қилмайди. Бундай қарор фақат суд тизими ва Уюшманинг ўзини обрўсизлантиради.

Мамлакатнинг тўқимачилик соҳасига таҳдид

Бундан ташқари, очиғини айтганда, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бузғунчи фаолиятининг яна бир жиҳатига эътиборни қаратмоқчиман. Уюшманинг шон-шарафи ва унинг амалдаги раиси (у ўзини “вазир”, қўл остидагилари уни “хўжайин” деб атайди) Баҳром Шариповни ҳимоя қилиб, “Ўзбекипаксаноат” ташкилоти мақоламда келтирган “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми” томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларини шубҳа остига қўяди. Хусусан, “Ўзбек форуми” томонидан фермерлар ўртасида ўтказилган сўровлар пилла етиштиришга масъул бўлган фермерларнинг салмоқли қисми бу ишни мажбуран ва ўз ҳисобидан амалга ошираётганини таъкидлашимга имкон берди.

Даъвогар асоссиз равишда “Ўзбек форуми” ташкилоти Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаганлиги сабабли маълумотлар ишончли эмаслигини таъкидлайди. Маълум бўлишича, бу унинг тадқиқотини ноқонуний қилади. Аҳмоқликда ақл бовар қилмайдиган, лекин айни пайтда жуда хавфли ва зарарли баёнот.

Биринчидан, агар “Ўзбек форуми”нинг тадқиқотлари ноқонуний бўлса, нега Баҳром Шариповнинг ўзи ушбу ташкилот вакиллари билан учрашиб, уларга интервью берди, маълумотлар тақдим қилди? Дарвоқе, менинг мақоламда уларнинг баъзилари эълон қилинган эди. Хаёлий “ноқонунийлик” тадқиқот натижалари жаноб Шариповнинг тўкислик ҳақидаги тасаввурларига тўғри келмаслиги маълум бўлган пайтдан бошлаб пайдо бўлдими? Бундан олдин ҳамма нарса қонунийлик билан тартибга солинганмиди?

Иккинчидан,

Уюшма “Ўзбек форуми” тадқиқотлари натижаларини шубҳа остига қўйиб, бу билан ушбу ташкилотнинг пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича олиб бораётган тадқиқотларини шубҳа остига қўяди.

Аммо айнан шундай тадқиқотлардан бири Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилганлигини тасдиқлаб, ўзбек пахтасини АҚШ Меҳнат вазирлигининг “қора рўйхати”дан чиқариш имконини берди. 2022 йил 10 март — Ўзбекистон тўқимачилик соҳаси учун тарихий кун ҳисобланиб, Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон пахтасини глобал бойкот қилиш чақириғига барҳам берилганлигини эълон қилди. Ушбу қарор сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсган ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун кенг имкониятлар эшигини очди (2022 йилда у 3,2 миллиард долларни ташкил этди – умумий экспортнинг 16,5 фоизи). Ва бу асосан пахта маҳсулотлари.

Коалиция баёнотида айтилишича, бу қарор “Cotton Campaign’нинг яқин ҳамкори бўлган “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми” ўз ҳисоботини эълон қилгани ва 2021 йил ҳосили терими даврида марказий ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари аниқланмаганидан кейин” чиқарилган.

“Ўзбек форуми” ҳисоботлари ипакчилик соҳасида олиб борилган тадқиқотларга ўхшаш тадқиқотлар асосида тайёрланган. Аммо энди “мустақил” уюшманинг даъвоси туфайли ушбу ташкилотнинг тадқиқот натижалари жиддий шубҳа остида. Бинобарин, ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилиш қарори ҳам сўроқ остидами?

Учинчидан, энг муҳими, Уюшма демаршидан сўнг ўзбек ипакчилик маҳсулотларини, жумладан ўзбек ипакидан фойдаланиш мумкин бўлган ҳар қандай тўқимачилик маҳсулотларини ривожлантириш ва экспорт қилиш масаласи таҳдид остида қолади.

Ўзбекистонда етиштирилган ипак пиллалари аллақачон АҚШ Меҳнат вазирлиги рўйхатига киритилган бўлиб, уларни ишлаб чиқариш жараёнида мажбурий меҳнат қўлланилганлиги сабаб штатларга олиб кириш тақиқланган маҳсулотлардан ҳисобланади.

Мана, “Ўзбек форуми”нинг тадқиқотини ташкиллаштирувчи шахс — Умида Ниёзованинг уюшма томонидан берилган даъво аризасига муносабати:

“Уюшманинг даъво аризаси халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига нимани англатади? Ипакчилик соҳасига тизимдаги барчага аён муаммоларни тан олмайдиган одамлар раҳбарлик қилаётгани, демак, улар ҳеч нарсани ўзгартириш ниятида эмаслигидан дарак беради. Қолаверса, улар ипакчилик соҳасидаги ҳақиқий муаммолар ҳақида гапираётганларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқда. Бундай ҳолда, улар хорижий сармояга жуда муҳтож бўлган бутун секторнинг ривожланишини хавф остига қўяди, улар жалб қилишни жуда хоҳлайдиган Европа бизнесини хавф остига қўяди.
Бу йил Германияда Таъминот занжири қонуни кучга кириб, у Германияда рўйхатдан ўтган ҳар қандай бизнесни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга мажбур қилади. Тез орада Европа Иттифоқи даражасида ҳам худди шундай қонун қабул қилинади.

Уюшманинг фермерларни пилла етиштиришга мажбурлаш фактларини бутунлай инкор этиши “Ўзбек форуми”ни ўз мурожаат ва ҳисоботларида ипакчилик соҳасига сармоя киритиш жуда хавфли эканлигини айтишга мажбур қилмоқда.

Яъни, энди бу шунчаки обрў-эътибор учун қиймат эмас. Немис (ва тез орада Европа) корхоналари қонунга кўра, ҳеч бир давлатда инсон ҳуқуқларини бузмаслик учун “тегишли текширув” ўтказиши шарт. “Ўзбекипаксаноат” итальян ва немис брендларини жалб қилмоқчи бўлса-да, аммо бу даъвоси билан улар бунинг тескарисига эришишлари мумкин”.

Хўш, Уюшманинг обрўсига путур етказаётган ва Ўзбекистонда ипакчилик ривожига зиён кўрсатаётган нарса – менинг мақоламми ёки суд жараёни ва “Ўзбекипаксаноат”нинг ғалати хатти-ҳаракатларими?

Баҳром Шарипов ва унинг “чўнтак” уюшмаси Ўзбекистон иқтисодиётига, шу билан бирга, бевосита ипакчилик саноатига қанчалик зарар етказишини тушунадими?

Тушунмайдиган кўринади. Улар ўзларининг бемаъни даъволари билан мамлакатимиз имиджига қандай зарба беришларини тушунишмайди (ёки тушунишни хоҳлашмайди).

Юлий Юсупов
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди