Сувни қайта тақсимлаш

Толиблар сув ресурслари борасида жанжаллар қўзимоқда
Амударё. vsegda-pomnim.com сайти фотосурати

Май ойи охирида Эрон-Афғонистон чегарасида отишма юз берди, натижада бир неча киши ҳалок бўлди. Эрон томони маълумотларига кўра, 2021 йил августидан бери Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракатининг битта жангчиси ва икки нафар эронлик чегарачи ўлдирилган. Тўқнашувга Афғонистондан Эронга оқиб ўтадиган ва чегаранинг икки томонидаги деҳқонлар учун ниҳоятда муҳим сув манбаи бўлган Гилманд дарёси сабаб бўлган. Қайд этиш жоиз, бу Эрон-Афғонистон чегарасида сув ресурслари туфайли биринчи отишма эмас. Бундан ташқари, сув ресурслари туфайли Афғонистоннинг Марказий Осиё постсовет республикалари билан чегараларида ҳам қуролли тўқнашувлар бўлиши мумкин. Толиблар сув ресурсларини қўшнилари билан қандай баҳам кўраётгани ҳақида — «Фарғона» материалида танишинг.

Ўқлар ва тўғонлар

Гилманд дарёси Афғонистоннинг марказий қисмидаги Кўхи Бобо тоғларидаги ирмоқлардан бошланади. У мамлакатнинг жануби-ғарбий, қурғоқчил ҳудудлари орқали оқиб ўтади. Афғонистондан сўнг дарё Эроннинг Систон ва Белужистон провинцияси — анча иссиқ ва қурғоқчил минтақа орқали ўтади. Афғонистон ҳудудида дарё йўлида иккита йирик тўғон — Кажаки ва Камол Хон қурилган.

1973 йили Эрон ва Афғонистон ҳукуматлари ўртасида Афғонистон Гилманддан секундига камида 23 куб метр сувни ўз ҳудудидан чиқариш мажбуриятини олишига доир келишув имзоланган. Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери эронликлар 1973 йилги шартномага мувофиқ ўз ҳудудларига сув оқизишлари учун радикал ҳаракат вакиллари билан доимий равишда учрашиб келмоқда. Бироқ, «Толибон»нинг ўз манфаати бор – улар катта ҳажмдаги сувни маҳаллий деҳқонлар эҳтиёжлари учун йўналтиришмоқда. Афғонистондаги иқтисодий инқироз ҳисобга олинса, толиблар деҳқонлар манфаатларини қулай усуллар билан қондириш йўлида шундай ҳаракат қилишга мажбурдирлар.

Гилменд дарёси. vsegda-pomnim.com сайти фотосурати

Натижада, Гилманд суви Эрон ҳарбийлари ва «Толибон» жангарилари ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлмоқда. Гап шундаки, Эронда сув танқислиги вақти-вақти билан ҳукуматга қарши намойишлар учун сабабга айланади. Аммо чегарадан узоқда жойлашган вилоятларда – асосан марказий ва жанубий вилоятларда – расмийларнинг жавобгарлиги яққол кўринса, чегарадаги Систон ва Белужистон вилоятиги вазият учун толибларни айблаш мумкин. Айтиш жоиз, эронликларнинг «Толибон»га қарши эътирозлари ўринли. Сув чегаранинг икки томонидаги одамлар учун зарурдир. Ва 1973 йилги шартномани ҳеч ким бекор қилмаган.

Амударёдаги канал

Толибон ва Афғонистоннинг бошқа қўшнилари ўртасида сув ресурслари бўйича зиддиятли вазият юзага келмоқда. Айни пайтда Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати чегарадаги Амударёдан сувни буриб юборувчи Қўштепа (Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятида) канали қурилиши билан шуғулланмоқда. Радикал ҳаракат вакили Забиуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, бу сув Афғонистон шимолидаги 555 минг гектар тақир ерларни буғдой ва кунгабоқар экиб, уларни суғориш учун зарур бўлади.

Бироқ, экологлар канал қурилишидан хавотирда. Ҳимолой сув ҳавзаси ва бу тоғлардан бошланувчи дарёлар ҳавзалари масалаларини муҳокама қилувчи The Third Pole («Учинчи қутб») халқаро платформаси экспертлари Қўштепа каналининг қурилиши минтақада иқлим ўзгаришига ва охир-оқибат экологик ҳалокатга олиб келади, деб ҳисобламоқда. «Чегара билмас дарёлар» экологик коалициясининг халқаро координатори Евгений Симоновга кўра, толиблар ташаббуси билан бошланган канал қурилиши Марказий Осиёда кескинликни келтириб чиқармоқда.

Қўштепа каналининг узунлиги 285 км бўлиши тахмин қилинмоқда. Унинг қурилиши 2022 йил март ойидан бошлаб секинлик билан олиб борилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати каналнинг республика қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатишидан бир неча бор хавотир билдирган. Мутахассисларнинг фикрича, янги канал Амударёдан сувни бошқа томонга буриб, Орол ҳалокатини янада кучайтиради.

Қўш-Тепа канали қурилиши. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурати

Қўш-Тепа канали қурилиши. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурати

Жорий йилнинг февраль ойида олинган сунъий йўлдош суратлари 2022 йил март ойидан бери каналнинг 100 км дан ортиқ масофаси қазилганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон постсовет республикалари билан трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай минтақавий ва халқаро шартномаларни имзоламаган.

Яъни, Гилманд дарёси сувини тақсимлашда Эрон давлатлараро келишувга таянса, Ўзбекистон ўз ташвиши ҳақидаги баёнотлар билан чекланишига тўғри келади.

Қўш-тепа канали қурилиши натижасида Туркманистон ҳам зарар кўриши мумкин — Амударё унинг ҳудудидан ҳам оқиб ўтади.

Мутахассисларнинг фикрича, каналнинг фойдаланишга топширилиши Афғонистонда ҳам, бутун минтақада ер ости сувлари даражасининг кўтарилишига ва қишлоқ хўжалиги ерларининг шўрланишига олиб келади. Яъни каналнинг қурилиши унинг йўли бўйлаб шўрланиш зонасининг пайдо бўлишига ва бу ерларнинг қишлоқ хўжалиги учун янада яроқсизланишига олиб келади. Баъзи ҳудудлар нафақат шўрланади, балки вақти-вақти билан сув остида қолади (мавсумий сув тошқини пайтида), бу эса уларни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтиради.

Ўзбекистон июнь ойида толибларга Қўштепа каналини биргаликда қуришни таклиф қилган эди. Эҳтимол, Тошкентнинг бу қадами ўз ҳудудлари учун радикал ҳаракат ташаббуси таҳдидини камайтириш истагидан келиб чиққан бўлса ажабмас. Афғонистон томони Ўзбекистон расмийларининг таклифига ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Халқаро ҳуқуқ доирасида «Толибон» ҳаракатларига таъсир қилиш амримаҳол, зеро уларнинг ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Яъни, масалан, Қўштепа канали қурилишини тўхтатиш учун халқаро судга даъво қилишнинг иложи йўқ.

Айни пайтда Балх вилоятида қазилган каналнинг ҳар бир янги метри билан экологик ҳалокат кучайиб бормоқда. Бу фалокат эса узоқ муддатли характерга эга бўлади – Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолисининг келажак авлодлари у билан тўқнаш келишга мажбур бўлади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ