4 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ўтказилган брифингда Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари 1-2 июль кунлари Конституцияга Қорақалпоғистон суверен республикасини ҳуқуқий мақомидан маҳрум қилувчи тузатишлар киритилишига қарши юз берган оммавий норозилик намойишлари ривожининг расмий версиясини тақдим этди.
Тергов маълумотларига кўра, 1 июль куни соат 14:50да «Эл хизматида» газетаси блогери ва муҳаррири Даулетмурат Тожимуратов Makan.uz Телеграм-канали орқали фуқароларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси биноси олдида озодлик митингини ўтказишга чорлаб, видеомурожаат йўллаган.
Соат 15:30да Тожимуратов ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни ноқонуний митинг ташкил этишга чақиргани учун Нукус ИИБга олиб кетилади. Блогернинг ҳибсга олинганидан хабар топган унинг бир гуруҳ тарафдорлари Тожимуратовнинг озод қилинишини талаб қилиб, ИИБга боришади. Улар марказий деҳқон бозори яқинида тартибсизликлар уюштиришади.
Тожимуратов қўйиб юборилади, аммо тартибсизликлар тўхтамайди, энди улар блогер иштирокида содир этилади.
«Тожимуратов ва унинг тарафдорлари тартибсизликларни давом эттириб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини конституцияга зид равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни эгаллаб олишга очиқдан-очиқ чақириб, куч тузилмаларига фаол қаршилик кўрсатишган», — дейди Бош прокуратура вакили Аброр Маматов.
Эртаси, 2июль куни соат 14:45 да Нукус вилоятидан 300 га яқин аҳоли Нукус шаҳри томон ҳаракатланади. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг талабларига бўйсунмаган, бундан ташқари, улардан махсус жиҳозлар: рациялар, дубинкалар, шовқин гранаталари ва қалқонларни ўғирлашади.
Шу куни номаълум шахслар Хўжайли туманидаги ҳарбий постга ҳужум қилиб, қурол-яроғларни тортиб олишади. Шунингдек, улар Нукус халқаро аэропорти, маъмурий қамоққа олинган шахсларни реабилитация қилиш маркази ва Нукус ИИБ биносига ҳужумлар уюштирадилар.
Тўполон пайтида Нукус шаҳридаги «Лас-Вегас» кафеси ёнида «МАН» русумли юк машинаси ва эски шаҳардаги марказий масжид олдидаги «КамАЗ», Шуманай туманида эса фермер хўжалигига тегишли вагон ёқиб юборилган. Нукус шаҳар спорт мажмуаси яқинидаги «Дўстлик» канали устидаги кўприк ҳамда Нукус шаҳридаги кўплаб бино ва иншоотлар жиддий шикастланган.
«Тўполонлар натижасида 245 киши турли оғирликдаги тан жароҳати олган, улардан 38 нафари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидир, 18 нафар фуқаро оғир тан жароҳатлари туфайли ҳалок бўлди», — дейди Маматов.
Кейинроқ, 5 июль куни бўлиб ўтган брифингда Қорақалпоғистон комендатураси раҳбари Рустам Жўраев (Ўзбекистон Миллий гвардияси бошлиғи) ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар ҳарбий хизматчи борлигини билдирди. Ҳалок бўлган 14 нафар тинч аҳолидан 13 нафари спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган.
Миллий гвардия матбуот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаровнинг маълум қилишича, 243 киши жабрланган, улардан 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва уйларига қўйиб юборилган. 94 киши шифохоналарда қолмоқда, баъзиларининг аҳволи оғир, улар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бор.
Жуманазаровнинг таъкидлашича, 1-2 июль кунлари намойишлар ўтказилган жойда 516 киши ҳибсга олинган. Қўлга олинганларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, уларнинг баъзиларига маъмурий жазо қўлланилган ва қўйиб юборилган.
Нукус шаҳрида юз берган оммавий тартибсизликлар факти бўйича Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми («Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш») ва бошқа бир қатор моддалар билан иш қўзғатилган. Жиноят иши бўйича тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ), Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон ҳукумати – Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги 2 июль воқеаларига муносабат билдириш орқали қўшма баёнот берди. Унда айтилишича, «популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғдилар. Иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уриндилар».
«Республикадан ташқаридаги носоғлом кучларнинг Қорақалпоғистондаги вазият ривожига, шу жумладан аниқ йўналтирилган ахборот хуружлари ва рўй бераётган воқеаларни қасддан бузиб кўрсатиш орқали таъсир қилишга уринишлари қайд этилмоқда», — дейилади баёнотда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни кечқурун Қорақалпоғистонга келди. У Жўқорғи Кенгес депутатлари, фахрийлар ва фаоллар билан учрашди.
Мирзиёев парламент вакиллари олдида сўзга чиқиб, депутатларни Конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳасидан фуқароларнинг норозиэкани борасида сукут сақлагани учун қоралади. «Буларнинг барчасига ўзингиз раҳбарлик қилдингиз, ўзингиз ташаббус кўрсатдингиз, имзо қўйдингиз, ўзингиз гапирдингиз ва [Конституцияга ўзгартиришлар лойиҳасини] ўзингиз тасдиқлагансиз. Мен доим очиқман. Нега қўнғироқ қилиб, одамларнинг норозилигини айтмадингиз?», — деб сўради Президент. Жавобан жимлик ҳукм сурарди.
Мирзиёев «Қорақалпоғистон Республикасининг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарур»лигини таъкидлади.Шу куни у суверен республикада бир ой муддатга — 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат (ФВ) жорий этиш, комендатура ташкил этиш ва 21:00 дан 07:00 гача комендантлик соати жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Эртаси, 3 июль куни Мирзиёев яна Нукусга учиб келди ва депутатлар билан яна учрашди. Шу билан бирга, у тартибсизликлар оқибатида одамлар ҳалок бўлганини маълум қилди, бироқ аниқ рақамлар келтирилмади.
Шу куни Нукус шаҳар ҳокими Ўтемурат Панаев шаҳар аҳолиси билан учрашиб, 4 июлдан бошлаб шаҳарда бозорлар, болалар боғчалари ва жамоат транспорти қатнови қайта ишлай бошлашини маълум қилди. Фуқаролар, ўз навбатида, интернет йўқлиги сабабли дўконларда терминаллар ишламаётгани, лекин сотувчилар харидорлар маълумотларини ёзиб олган ҳолда маҳсулот сотаётгани ҳақида хабар беришди. Оммавий норозилик намойишлари бошланганидан кейин минтақада интернет узилган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон расмийлари бу ҳақда расман хабар бермаган.
Фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этилгани муносабати билан Нукус аэропорти парвозлар жадвалига тузатиш киритишга мажбур бўлди. Uzbekistan Airways авиакомпанияси 4 июлдан 2 августга қадар Тошкент – Нукус – Тошкент йўналиши бўйича парвозлар янги жадвал (маҳаллий вақт) бўйича амалга оширилишини маълум қилди:
👉 Тошкентдан учиш: 16:20 (20:00 ўрнига), Нукусга етиб келиш: 18:00 (21:40 ўрнига);
👉 Нукусдан учиш: 18:50 (22:30 ўрнига), Тошкентга етиб келиш: 20:10 (23:50 ўрнига).
Ҳозирда комендантлик соатини бузгани учун ҳибсга олинган одамлар мавжуд. Миллий гвардия маълумотларига кўра, 4 июлга ўтар кечаси шу муносабат билан республикада 110 киши қўлга олинган, 12 та автомашина жарима майдонига жўнатилган. Нукус шаҳрида комендантлик соати жорий этилганидан бери 58 нафар фуқаро ушланган, улардан 28 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, қолганлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Қорақалпоғистондаги воқеаларга доир хорижий давлатлар ўз муносабатини билдирди. Жумладан, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон раҳбариятининг вазиятни барқарорлаштириш бўйича қарорларини қўллаб-қувватлаган ҳолда баёнот берди. Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Садир Жапаров Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатларида Ўзбекистон расмийларининг ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
РИА Новости агентлигининг Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси «[Ўзбекистон] ҳукумати ўз халқини ҳурмат қилган ҳолда ўринли иш қилмоқда», деган. Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг ички иши эканига урғу берган.
«Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз, дўст давлат, жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган барча нарса бу мамлакатнинг ички иши ва биз республика раҳбариятининг фаол ҳаракатлари билан мавжуд муаммолар ҳал этилишига шубҳа қилмаймиз», — деди Песков журналистларга.
ℹ️ Қорақалпоғистон Ўзбекистон ҳудудининг 40 фоизини эгаллайди, бу ерда икки миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Иккита расмий тил мавжуд — қорақалпоқ ва ўзбек. Бир пайтлар Қорақалпоғистон АССР деб аталган республика 1936 йил декабрида Ўзбекистон ССР таркибига кирган. 1992 йил январда Қорақалпоғистон Республикасига айлантирилди. Ўзбекистоннинг амалдаги Конституциясига (74-модда) кўра, суверен республика умумхалқ референдуми асосида Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқига эга.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
17 Декабрь17.12Пул қудратиАлишер Аминов — Жанни Инфантино ва арабларнинг нефть долларлари ҳақида
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
06 Декабрь06.12ФотоБарқарорликка туташган эркинликТошкентда Собир Раҳметов кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда