23 февраль куни Ўзбекистон Афғонистоннинг янги ҳукумати, яъни «Толибон»* радикал ҳаракатининг гуманитар инқирозни енгиб ўтишида ёрдам бериш учун хорижий банклардаги давлат активларини музлатиш зарурлигини эслатиб ўтди. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев «Толибон» ҳукумати Афғонистонни тинч йўл билан фаровонлиштириш бўйича чора-тадбирлар кўраётгани, мамлакатда давлат институтлари иши қисман тиклангани, маошлар берила бошлангани, бироқ у ерда нақд пулнинг танқис эканига эътибор қаратди.
«Шу нуқтаи назардан, биз мамлакатнинг хориждаги молиявий активларини озод этилиши тарафдоримиз», — деди Иргашев.
Музлатилган активлар, биринчи навбатда Америка банклари ҳисоб рақамларига жойлаштирилган ва Кобулда толиблар ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин АҚШ ҳукумати томонидан музлатилган 9,4 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу маблағлардан фойдалана олмаслик, жумладан Афғонистонда фавқулодда гуманитар вазият юзага келишига сабаб бўлди. 11 февраль куни Америка президенти Жо Байден Афғонистон давлат активларини қисман озод этиш тўғрисида фармон имзолади, бироқ маблағнинг катта қисми, АҚШ расмийларига кўра, 11 сентябрь қурбонлари яқинларига товон пули сифатида тўлаш учун сарфланиши керак.
Бу қарор кутилмаганда толиблар ва уларнинг бошқарувига қарши бўлган афғонларни бирлаштирди.
Пулларнинг музлатилиши
«Толибон» радикал ҳаракати ўтган йил 15 августида Кобулда ҳокимиятни қаршиликсиз қўлга киритган эди. Шундан сўнг, АҚШ Афғонистон Марказий банкининг мамлакатдан ташқаридаги ҳисоб рақамларида бўлган 9,4 миллиард долларини ҳибсга олишга қарор қилди. Ушбу маблағларнинг 7 миллиард доллари Америка банкларига, қолгани Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Швейцария ва бошқа бир қанча мамлакат банкларида сақланади.
Вашингтон бу ҳаракатини АҚШ ва дунёнинг кўплаб давлатларида террорчи ташкилот сифатида тан олинган «Толибон» ҳаракатининг мазкур активлардан фойдаланишига рухсат бермоқчи эмаслиги билан изоҳлади.
«Афғон ҳукумати Марказий банкининг Қўшма Штатлардаги активлари толибларга берилмайди», — деди АҚШ маъмурияти расмийси.
Сўнг вазият янада чигаллашди. 2001 йилдан бери Афғонистон иқтисодиётини барқарор ушлаб турган кўплаб халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар толиблар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортдилар. Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда хорижий қўшинлар мавжуд бўлган 20 йил давомида ўзини-ўзи таъминлайдиган кучли иқтисодиёт шаклланмаган эди. Бу эса ўз навбатида кўкнори этиштириш билан шуғулланадиган кўплаб афғон деҳқонларининг ўз фаолиятини тўхтатмаслигига сабаб бўлди. Қолаверса, чет эл аралашуви даврида кўкнори етиштириладиган майдонлар сарҳади анчагина кегайганди. Гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш йилдан-йилга ўсиб борди, гарчи афғон ҳукумат кучлари чет эл қўшинлари билан ҳамкорликда экинларини вақти-вақти билан йўқ қилиб турган бўлсалар-да.
Нақд пул тақчиллиги, чет эл ҳукуматлари томонидан банк операцияларини блокировка қилиниши, шунингдек толиблар ҳукуматининг иқтисод соҳасидаги ножўя ҳаракатлари сабаб Афғонистон ўтган йил кузда очарчилик жари ёқасига келиб қолди, юз минглаб одамлар ишсиз қолди, давлат хизматлари сектори деярли барбод бўлди.
Толиблар билан алоқа ўрнатган давлатлар томонидан афғонларга юборилган инсонпарварлик ёрдами вазиятни қисман юмшатиб турди. Хусусан, Ўзбекистон, Россия, Эрон, Туркманистон, Хитой ва Қатар каби давлатларидан инсонпарварлик ёрдамлари жўнатилди. Бироқ, вазиятни тубдан яхшилаш имконсиз эди.
«Толибон» АҚШдан Афғонистон давлати активларини озод қилишини кўп марта сўради. Толиблар билан мулоқот ўрнатган давлатлар расмийлари ҳам худди шундай илтимос билан Америка расмийларига мурожаат қила бошладилар. Аммо АҚШ маъмурияти қатъийлигича қолди: террорчилик фаолиятига пул сарфлайдиганларга бир тийин ҳам берилмайди.
Айни пайтда Афғонистондаги вазият қиш фасли бошланиши билан кескин ёмонлашди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ноябрь ойида Афғонистонда қишда оғир тўйиб овқатланмаслик туфайли камида 1 миллион бола ҳалок бўлиши мумкинлигини эълон қилди.
Аҳвол шу даражага етдики, январь ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистоннинг давлат молиявий активларини эркин қилишга чақирди. «[Қишнинг совуқлиги] ва музлатилган активлар Афғонистон халқи учун ҳалокатли комбинациядир. Бундай фавқулодда вазиятда одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун пулдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи қоидалар ва шартларни тўхтатиб туриш зарур», — деди БМТ Бош котиби.
Ниҳоят, 11 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден Афғонистон ҳукуматининг АҚШ банкларидаги активлари афғонларга ёрдам кўрсатувчи гуманитар ташкилотларга юборилиши ҳақидаги фармонни имзолади.
Лекин барча активлар эмас.
Товон пулини ким тўлаши керак?
Қўшма Штатлар президенти 7 миллиард долларнинг ярмини афғонлар учун гуманитар мақсадлар учун жўнатишга, ярмини эса 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларида яқинлари ҳалок бўлган америкаликларга беришга қарор қилди. Бу қарор кутилмаганда афғон жамиятини жунбушга солди: толиблар ва уларнинг рақиблари Байденнинг қарорига қарши чиқа бошладилар.
«Толибон» назоратидаги Афғонистон Марказий банки баёнот бериб, АҚШ маъмуриятини қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди, Афғонистон халқи бу жамғармаларнинг ягона эгаси эканига ишора қилди.
АҚШ ҳукумати қарорини толибларнинг бошқа расмийлари ҳам қоралади.
«11 сентябрь хуружларининг Афғонистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ», деб ёзади толибларнинг расмий вакили Иномуллоҳ Самангоний.
Радикал ҳаракатнинг Кобулдаги хавфсизлик кучлари матбуот котиби Халил Задран Twitterдаги саҳифасида «музлатилган пуллар»га ҳақдор афғон халқи сўнгги 20 йил давомида бўлгани каби ўз ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришини айтди.
Толибларнинг Қатардаги ваколатхонаси вакили Муҳаммад Наим Афғонистон Марказий банки заҳираларининг мусодара қилинишини «ўғирлик» ва «маънавий таназзуллик» белгиси деб атади.
«Толибон» режимининг мухолифлари ҳам Байденнинг қарорига қарши чиқишди. Шундай қилиб, Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ўзининг Twitterдаги саҳифасида Афғонистон Марказий банкининг активлари толибларга эмас, балки афғон халқига тегишли эканини ёзди. Унинг фикрича, бу маблағларнинг Марказий банк функцияларини сақлаб қолиш мақсадидан ўзга инсонпарварлик ёрдамига исроф қилиниши келажакда узоқ афғонларга янада кўпроқ зарар етказади.
Атмарнинг таъкидлашича, Қўшма Штатларда сақланаётган активларнинг ярми 2001 йил 11 сентябрь хуружлари қурбонлари оилаларига ажратилиши ахлоқ ва мантиққа зиддир: афғонларнинг ўзи ҳам терроризмдан кам азият чеккан эмас.
1/7 First, it is not clear how the $3.5b will be used to “for the benefit of the Afghan people”. For relief or allowing Da Afghanistan Bank (DAB) to use it for macroeconomic stability, curbing inflation & protecting the purchasing power of the poor? https://t.co/EhemwwKPDl
— Mohammed Haneef Atmar محمد حنیف اتمر (@MHaneefAtmar) February 14, 2022
Толибларга қарши қуролли кураш олиб бораётган Афғонистон Миллий қаршилик фронти (МҚФ) расмий вакили Али Маисам Назарийнинг айтишича, Афғонистон давлат мулки мамлакатда барча аҳоли манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳукумат тузилмагунча сақланиши керак. «Ҳужумлар учун афғонлар эмас, толиблар ва уларнинг ҳомийлари товон тўлашлари керак», — деди ФТС вакили.
Афғонистон ҳукуматининг музлатилган активлари 2001 йил 11 сентябрь хуружлари қурбонларининг қариндошларига тўлаш учун ишлатилиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя АҚШда ўтган куздан бери муҳокама қилинмоқда. Бу эрда мантиқ шундай: АҚШ разведка хизматларининг маълумотларига кўра, ушбу терактлар ташкилотчилари 2001 йили толиблар назорати остида бўлган Афғонистон ҳудудида бўлишган. Толиблар яна мамлакатни назорат қилишмоқда, давлат активлари ҳам расман уларнинг қўлида, шунинг учун улар тўлашсин. Бироқ, Америка ҳукумати афғон давлат активлари Афғонистонда америкапараст ҳукуматлар ҳукмронлик қилган ўша 20 йил давомида Марказий банк томонидан тўплангани тўғрисида чурқ этмаяпти.
Қандай бўлмасин, 2001 йил 11 сентябрдаги теракт қурбонлари яқинларига Афғонистон давлати маблағлари ҳисобидан товон пули тўлаш ҳали бошланмади. Бироқ, АҚШ расмийлари бу вазиятдан фойдаланиб қолиши ва афғон давлатининг миллиардлаб долларлари америкаликлар ўртасида тақсимланиши даргумон кўринади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
28 Июль28.07Темир йўли йўлидаги конференцияТошкентда нима учун Афғонистонга доир конференция ўтказилгани ҳақида
-
19 Июль19.07«Урушгандан кўра, савдолашган афзал»Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди
-
14 Июль14.07Савдо, маданият, хавфсизликТошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?