Москвада қурилиш объектларида ишлаётган чет эллик ишчилардан воз кечиш режасини қилмоқдалар. Москва мэри ўринбосари Андрей Бочкаревнинг РБК га берган интервьюсида, у қурилиш комплекси мулозимлари ва пудратчиларига бу борада ҳужжат тайёрлашни буюрганини айтади.
Бочкарев пандемия туфайли 120 мингта қурувчи-мигрантлардан кўпчилиги шаҳардан кетганини, ҳозирда қурилиш объектларида атиги 40 мингта чет эллик ишчи қолганини таъкидлайди. Мэр ўринбосари ишчиларга бўлган эҳтиёж 40 фоизни ташкил этишини айтади. Жумладан, унинг сўзларига кўра, кенг кўламли реновация дастурини амалга оширишда ишчи ва инженерлар етишмайди. Бочкарев кадрлар тақчиллигига қарши кураш сифатида меҳнат самарадорлигини оширишни тавсия қилади.
«Қурилиш уч марта кам ишчи кучини талаб қилиши керак, ишчиларнинг ойлиги эса икки, керак бўлса уч баробарга кўп бўлиши лозим ва ана шунда биз қурилиш объектларини икки марта тезроқ битказар эдик», — дейди у. Бочкаревга кўра, бунга технологик ечимлар, қурилиш жараёнларини механизациялаш ва барча босқичда сифатли ишчиларни тайёрлаш билан эришиш мумкин.
Ҳозирча гап «тадбир режалари»ни тайёрлаш ҳақида кетмоқда, чет эллик ишчи кучидан воз кечишга ҳали анча қовун пишиғи бор. Лекин шунга қарамасдан, Бочкарев илгари сурган ташаббусни Иқтисодий ривожланиш вазирининг ўринбосари Дмитрий Вольвач қўллаб-қувватлади.
«Турган гап, бу ишлар бир зумда амалга ошмайди, лекин қурилиш соҳаси ва Москва ҳокимияти томонидан қандайдир ҳаракатлар бўлиши керак. Мен бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ҳақиқатан бугунги кунда қурилишлар, айниқса Москвадаги қурилишлар қандай суръат ва сифат билан амалга ошаётганини кўриб турибсизлар. Улар юқори технология асосида олиб борилаётгани ва мутахассислиги паст ишчиларга борган сари эҳтиёж йўқолиб бораётгани кундек равшан. Шунинг учун юқори технологияли, юқори маошли ишчилар ўрнини яратиш, қурилишларда биринчи навбатда Россия фуқароларини жалб қилиш билан боғлиқ ғоя ва истак жудаям тўғри», — дейди Вольвач ТАССга берган интервьюсида.
Бироқ, мутахассислар пойтахт мулозимлари ташаббусига нисбатан бошқача фикрдалар. «Бу — популизмнинг ўзгинаси», — дейди мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Валентина Чупик. Унинг фикрига кўра, Москва амалдорларининг ташаббуси Россиянинг мигрантфобия йўлини танлаганидан дарак беради.
«Ўйлашимча, бунинг одамларга таъсири бўлмайди. Мигрантларга бўлган эҳтиёжнинг юқори экани ҳисобга олинса, уларни ҳеч ким ишдан бўшатмайди. Мигрантлар камчилиги боис, ойликлар кўтарилади. Нимаям бўлиши мумкин? Тектакона текширувлар ва нолегал мигрантларни ёллаган Иш берувчиларни жаримага тортиш ва патентсиз ишлаётган мигрантларни депортация қилиш ишлари амалга оширилиши мумкин. Менимча, бундан бошқа ҳеч нарса юз бермайди», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси «Фарғона»га.
РФ ҳукумати ҳузуридаги Молия университети доценти Олег Комолов «Вечерняя Москва» билан суҳбатда бу ғоя амалга ошмаслигини айтади. Унинг фикрига кўра, пойтахт қурилиш майдонларида мигрантлардан тўлиқ воз кечиш қурилиш ишларининг кечиктирилишига олиб келади, зеро қурилиш сектори одатда яқин хориждан арзон ишчи кучини жалб қилиб келган. «Агар биз қурилишларга маҳаллий халқни жалб қилсак, турган гап ойликлар ортади, бироқ қуриш муддати ҳам чўзилади. Бунинг учун бошқа регионлардан ишчиларни ёллаш керак бўлади, лекин россияликлар пойтахтга қурилишга эмас, ойлиги баланд бошқа ишларда ишлагани келадилар. Ишчи кучи етишмаслиги аниқ», — дейди эксперт.
Россияда пандемия туфайли чегараларнинг ёпишили оқибатида қурилишларда ишчи кучининг етишмаслиги катта муаммога айланди. 2020 йил ноябрда Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин меҳнат ресурсларининг етишмаслиги «хавф солар миқёсда» кенгайиб бораётганидан огоҳлантирган эди. Пандемиянинг турли даврларида Қурилиш вазирлиги 1,5 дан 5 миллионгача ишчилар етишмаётанини таъкидлаган. Шу сабаб, жорий йилнинг октябрида ҳукумат Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат 300 мингта мигрантга амнистия эълон қилди.
Пойтахтга келсак, октябрь ойи бошида Москва қурилиш департаменти бошлиғи Рафик Загрутдинов қурилиш майдонларига 15 мингта ишчи жалб қилиниши айтиб ўтди (хориждан ишчи кучи жалб қилинишига аниқлик киритмаган ҳолда).
Шу билан бирга Россия раҳбарияти ёздан бошлаб мигрантлар ўрнини кимлар эвазига қоплаш устидан бош қотирмоқда. ФСИН (Жазони ижро этиш федерал хизмати)нинг қурилишларга маҳкумларни жалб қилиш ғояси омма орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Куни-кеча РФ Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикиннинг ишчи мигрантларни мажбурий геном регистрацияси (қайд рўйхати) дан ўтказиш бўйича таклифи кенг муҳокама қилинди. Унинг фикрига кўра, бу йўл билан Россия меҳнат бозорига криминал элементларнинг кириб келиши олди олинади, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг мигрантлар томонидан содир этилаётган жиноятларни фош этишига қулайлик яратилади.
Ўз ғоясини илгари сурар экан, Бастрикин 2020 йил январь-июнь ойларида Россияда чет элликлар томонидан содир этилган 17 мингта жиноят текширилгани, 2021 йил биринчи ярим йиллигида улар томонидан 19 мингта жиноят содир этилганини таъкидлади.
«Ҳозирги пайтда меҳнат мигрантлари томонидан ҳуқуқбузарликлар авж олгани, улар томонидан жамоатчилик тартиблари бузилаётгани, оммавий муштлашувлар содир бўлаётгани кузатилмоқда, — деди у. — Криминология тадқиқотлари ишчи мигрантларда агрессиянинг ортиб боришига Иш берувчилар томонидан керакли ижтимоий-маиший шароитлар яратилмаганлиги, шунингдек меҳнат мигрантлари орасида ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари билан боғлиқ жавобгарлик тўғрисида профилактик ишлар олиб борилмаётганини кўрсатади».
Россия миграция қонунчилигида бир томондан пандемия шароитида мамлакатга кўпроқ арзон ишчи кучини жалб қилиш, иккинчи томондан уларнинг ҳаёти мураккаблаштириш билан боғлиқ қўрқитишлар каби қалқишлар биринчи ой кузатилаётгани йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бастрикиннинг мигрантларни геном регистрациясидан ўтказиш ва Москва қурилишларидаги мигрантлардан воз кечиш каби таклифлар минглаб изоҳлар ва экспертлар фикрига сабаб бўлади ва улар «қоғозда» қолиб кетади. Ҳеч бўлмаганда, бунга ўхшаш ўнлаб «ташаббуслар» қатори шунчаки унутилади.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
17 Декабрь17.12Пул қудратиАлишер Аминов — Жанни Инфантино ва арабларнинг нефть долларлари ҳақида
-
09 Декабрь09.12Сим тўсиқлардан — иқтисодий мўъжизалар сариНима учун ҳозирда Шинжон жадал суръатлар билан юксалаётгани ҳақида кўп гапиришяпти ва у ерда жойлашган лагерлардаги маҳбуслар қаёққа ғойиб бўлди?
-
06 Декабрь06.12ФотоБарқарорликка туташган эркинликТошкентда Собир Раҳметов кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда