Кейинги пайтлар Миразиз Базаров номи нафақат ижтимоий тармоқларда, балки оммавий ахборот воситаларида ҳам тилдан тушмаяпти. Тошкентлик блогерга қизиқиш унинг сўнгги пайтларда ўз аккуантлари орқали Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларга очиқ муносабат билдиргани билан ҳам изоҳланади. Базаровнинг фикрлари жамиятда унга нисбатан салбий муносабатлар пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлди.
Базаров 2020 йил июль ойида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) нинг унга нисбатан қизиқиб қолганини сезади — ўшанда у Ўзбекистон ҳукуматининг Осиё тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки томонидан берилган кредитларнинг қай йўсинда сарфлаётганини мушоҳада қилган. Шунингдек, Базаров Ўзбекистон Жиноят кодексидан бесоқолбозликка оид моддани олиб ташлаш кераклиги тўғрисида очиқчасига фикр билдирди. 2021 йил март ойига келиб блогерга нисбатан кенгқамровли ҳужумлар бошланди ва унда нафақат интернет-троллар, балки ҳукуматнинг барча тармоқ вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Кўз очиб юмгунча Миразиз учта жиноий иш бўйича фигурант бўлди, буюртмали провокация ва тажовузлар қурбонига айланган йигит оқибатда оёғи синиб, операция қилинди. Ҳозирда у суд қарорига биноан уй қамоғида ўтирибди ва унинг ташқи дунё билан алоқада бўлиши тақиқланган.
Халқаро Амнистия, Халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик ташкилоти (IPHR), «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси (AHRCA), Чегара билмас репортёрлар (RSF), Фридом Хаус (FH), Фридом нау (Freedom now), Норвегиянинг хельсинки қўмитаси (NHC), Алодатли журналистика жамғармаси, Қийноқларга қарши халқаро ташкилоти (OMCT) блогерни ҳимоялаб чиқди ва тергов ишлари қай тарзда давом этаётганини кузатмоқдалар.
Адвокат Сергей Майоров мониторинг давомида ҳуқуқ ҳимоячиларининг қатор саволларига жавоб берди. Майоровнинг мазкур масалага ойдинлик киритиши халқаро мустақил экспертлар диққатига сазовор бўлди, зеро у ушбу мавзуга қизиққан барча одамларга етиб бориши керак.
— Блогер Миразиз Базаров учта жиноий ишга бириктирилган, айтингчи, бу нимага асосланган?
— Ҳа, Базаров учта жиноий ишда кўрилмоқда.
Биринчи жиноий иш 2021 йил 28 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан 28 март куни тахминан соат 15 да Амир Темур ҳиёбонида юз берган безорилик бўйича қўзғатилган. Бу куни скверда кей-поперлар (замонавий корейс қўшиқлари ишқибозлари) ва анимешниклар (япон анимация фильмлари фанатлари) йиғилиши керак бўлган ва бу таклиф мазкур икки ҳаракат етакчилари томонидан берилган.
Шу билан бирга, 21 мартдан бошлаб сексуал озчиликни ташкил этувчиларни жини суймас қатор блогерлар ҳиёбонда ЛГБТ вакиллари учрашуви белгилангани ва унинг ташкилотчиси Базаров экани тўғрисида нотўғри хабарларни тарқата бошлайдилар. Базаров ўзининг «таноби тортиб қўйилиши»га доир таҳдидларга учрайди ва унга нисбатан кимлардир томонидан кузатув бошланганини сезади.
Интернет орқали кенг миқёсда олиб борилган гомофоб кампанияси оқибати ўлароқ, 28 март куни ҳиёбонга агрессив кайфиятда, таёқлар билан қуролланган йигитлар кела бошлайдилар ва улар «Аллоҳу акбар!» дея қичқира бошлайдилар. Улар йўлида дуч келган бир қиз ва йигитни ЛГБТ вакили ҳисоблаб сиқувга ола бошлайдилар. Фақат ички ишлар органи ходимлари аралашуви оқибатидагина бу йигит ва қиз омон қолади.
28 март куни ҳиёбонда учрашишни режалаган кей-попер ва и анимешникларга алоқаси бўлмаган Базаров куннинг иккинчи ярмида ижтимой тармоқлар орқали бундай тадбир ўтказилиши хавфдан холи эмаслигидан барчани огоҳлантиради ва оқибатда учрашув ўтказилмайди.
ИИВ матбуот хизмати безорилар қўлга олингани тўғрисида хабар тарқатади. Уларнинг айримларига нисбатан уй қамоғи чораси кўрилгани борасида маълумотлар бор.
Шуни айтишим керак, Миразиз Базаровнинг 28 март куни режаланган фанатлар учрашувига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ва буни тергов пайтида сўроқ қилинган шахслар кўрсатмалари ҳам тасдиқлайди. Бундан ташқари, 28 март куни Амир Темур ҳиёбонида фанатлар учрашгани ҳақида бирорта тасдиқ йўқ.
Калтаклар билан қуролланган безорилар нима учун скверга келишгани, уларни ким ва кимга қарши уюштирганини аниқлаш унчалик қийин кечмаслигига ишонаман.
Бу акция Базаровни обрўсизлантириш мақсадида ташкиллаштирилганга ўхшайди. Шунинг учун 2021 йил 29 мартнинг ўзидаёқ жиноий иш кўзғаган терговчи Базаровнинг ўз каналида намойиш этган видеороликларига баҳо бериш мақсадида сиёсатшунос-лингвист экспертизасини тайинлаган. Экспертлар хулосаси 30 март куни олинган. Худди шу куни, яъни 30 мартда терговчи ва шаҳар прокурори ўринбосари Базаров хонадонида тинтув ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қиладилар. Улар буни Базаров «28 март куни ҳиёбонда ЛГБТ вакиллари учрашувини ташкиллантиргани» ва «ёш йигит ва қизга ҳуружга учраганида айбдор экани» билан асослайдилар.
Турган гап, мени жиноий иш материалларига йўлатмаяптилар. Ва мен терговчи, прокурорнинг Базаровни «28 мартда ҳиёбонда ЛГБТ вакиллари учрашувини ташкиллаштириш»да гумон қилишга қонуний асослари йўқлигини ҳужжатлар билан тасдиқлай олмайман. Бироқ, ҳиёбонда ташкиллаштирилган акция — Базаров хонадонини тинтув қилиш, унинг телефон ва гаджетларини ўрганиш, видеомурожаат бўйича экспертиза тайинлашга баҳона бўлган дейишга кўпгина асосларим бор. Кўриниб турибдики, бундай ҳаракатлар унинг очиқ фикр билдириши ва мамлакатда содир бўлаётган жараёнларга эркин баҳо бериш ҳуқуқини бўғишга йўналтирилган.
Энди, иккинчи жиноий иш тўғрисида. Бу иш 2021 йил 29 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Базаровга нисбатан 2021 йил 28 март куни қасддан тан жароҳати етказилганлик факти бўйича очилган. Воқеа тахминан кечги соат 23 да унинг квартираси ёнида содир бўлган.
Иккинчи жиноий иш кўзғатилиши билан Базаровни алоқа воситалари ва интернетдан узиб қўйдилар. Унинг адвокати бўлишимга қарамасдан, бир неча кун у билан учрашишимга рухсат беришмади. Базаровнинг онасига ўз ўғлини кўриши учун кунда бир марта, 10 дақиқага рухсат беришди. Миразизнинг ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини сақлаш баҳонасида касалхонани туну-кун қўриқлаш жорий этилди ва бу амалиёт орадан бир ой ўтиб бекор қилинди. Бу давр мобайида Базаров деярли ҳибсда бўлди.
Абсурд ҳолат – тажовузга учраган Базаров бир пайтнинг ўзида яширин ҳисб остида ҳам бўлди.
Учинчи жиноий иш ҳам 2021 йил 24 апрелда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан қўзғатилди ва у биринчи жиноий иш материалларидан айириб олинди.
Кейинчалик маълум бўлишича, Миразиз Базаровга қарши ҳуқуқ-тартибот ва суд органларига 28 та ариза келиб тушган. Мен фақат Базаровга қарши берилган даъво аризаларининг айрим асосларини шарҳлаб ўтаман.
Биринчидан — бу 2021 йил 30 мартдаги комплекс суд материаллари бўлиб, унинг хулосасига кўра , гўёки Базаров №110 мактаб ўқитувчиларига туҳмат қилган. Бу, табиий, №110 мактаб ўқитувчиларининг Базаровга нисбатан жамоавий мурожаатидир. Ўқитувчиларнинг аризаси билан ҳозирча адвокат сифатида на мен, на ҳимоямдаги Миразиз Базаров таниша олди. Бу коллектив мурожаат тўғрисида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди;
Иккинчидан — бу, албатта, интернетда Базаровга қарши таъқибларни бошлаган Аброр Абдуазимов (Аброр Муҳтор Алий), Шуҳрат Мусаев ва Абусолиҳ Салимов (AbuSolih Fox) каби блогерларнинг аризаси бўлиб, гўёки улар бирдан Базаровнинг айби билан вазият «қурбонлари»га айланганлар. Базаровга нисбатан ёлғон ва туҳматдан иборат ўша учала блогерларнинг постлари бетартибликни келиб чиқиши ва активистга ҳужум уюштирилишига асос бўлган ва улар 29 март куни ўчириб ташланган, лекин постларнинг айрим қисмларини онлайн орқали ўқиш мумкин.
Оқибатда 2021 йил 8 майда Базаровга республика Жиноят кодексининг 139-моддаси, 3-банди, «г» пункти («Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш») билан айб қўйилган. Базаровнинг видеоролигида тилга олинган №110 мактаб ўқитувчилари ва юқорида номи тилга олинган, Базаров ролигида «ДХХ блогерлари» деб аталган учта блогер қаҳрамонимиз «жинояти қурбонлари»га айланадилар.
Блогерлардан бири Базаров томонидан қай тарзда туҳматга учрагани билан боғлиқ саволимга шундай жавоб берди: агар Ўзбекистонга ислом жангарилари (ИГИЛ) кириб келса, аввало улар Давлат хавфсизлик хизмати ходимларини, кейин эса ДХХга хизмат қилаётган барча блогерларни ўлдиришади. Уларнинг норозилик мантиқи мана шундай асосга қурилган, лекин Ватанни ўша жангарилардан қандай ҳимоя қилиш мумкинлиги борасида мазкур блогерларда ғоялар туғилмаган кўринади.
Базаровга қарши жиноий иш очган ташкилотчиларнинг мантиғига кўра, агар мен метро ёки супермаркетда «барча адвокатлар фирибгардир» деган луқмани эшитиб қолсам, бу гапни айтган одамни туҳмат қилганликда жиноий жавобгарликка тортишим мумкин бўлади. Ахир, бу абсурдку!
Базида «Ҳа» ёки «Йўқ» сўзи кимнидир хафа қилиш оҳангида янграгани боис, энди ушбу сўзларни истеъмолдан чиқариш керакми? Қандай қилиб танқидий, баҳолаш ва умумлашган фикрни аниқ шахсга нисбатан туҳмат деб қабул қилиш мумкин? Амалдаги қонунчиликда кўрсатилган ҳуқуқий критериялар эмас, арз қилувчининг шахсий таасуротига асосланиб туҳмат даъвосининг шаклланиши хавфли тажрибани ҳосил қилади. Бордию, мен номи кўрсатилмаган умумгап инсонни ҳафа қилади деб ҳисобласам, демак бу омил ўзимга нисбатан туҳмат дея ҳисоблашимга етарли асос эканда? Агар бунга чек қўйилмаса, юртимизда ўз фикрини эркин ифода қилиш ҳуқуқини таъминлаш амалга ошмайди, сўз эркинлиги тақиқ остида қолиши мумкин. Барча жамоавий муносабатлар фақат жиноят кодексида кўрсатилган жазолар билангига эмас, судолди тажрибаси, очиқ дискуссиялар орқали тартибга солиниши лозим. Сталин давридаги каби таъқиб ва ёппасига танбеҳ бериш – бу ўта хавфли ҳодисадир.
— Сергей Александрович, тергов ишлари қандай бормоқда?
— Афсус, Базаров ишида тергов органлари нохолис, малакасизларча, Жиноят-процессуал кодексини, Ўзбекистон Конституциясини, шунингдек, Ўзбекистон ратификация қилган Халқаро фуқаролар ва сиёсий ҳуқуқлар пакти нормаларини қўпол равишда бузган ҳолда иш юритмоқдалар.
Мен адвокат сифатида тергов тугамагунга қадар жиноят иши юритилишида терговчилар, прокурорлар, судялар томонидан йўл қўйилган барча қоидабузарликлардан хабардор бўлолмайман. Лекин давлат органлари вакилларининг Базаровга нисбатан ҳаракатларининг ноқонунийлиги борасида етарлича далилларга эгаман:
Номи юқорида тилга олинган учта блогернинг нохолис маълумотларига таянган ҳолда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ёлғон хабарлари. Шунингдек, Базаровни обрўсизлантиришга қаратилган блогер Мусаевнинг гомофоб роликларида ИГИЛ роликларидан олинган кадрлар мавжуд. Унда ўлимга маҳкум қилинган одамларнинг темир қафасдан чиқарилиши, шунингдек Базаровнинг уй манзили кўрсатилган ҳолда уни ўлдиришга чорловчи даъват акс эттирилган. Энди ушбу блогернинг ҳаракати қай асосда Базаровга қарши қўлланилиши мумкин?
— Базаров ва онаси хонадонининг асоссиз тинтув қилиниши;
— Базаровни 2021 йил 29 мартидан 29 апрелига қадар ноқонуний қўриқланиши. Халқаро ҳуқуқда бундай изоляция «асоссиз ҳибс» деб номланади. Билишимча, халқаро ҳуқуқ бўйича юристлар асоссиз ҳибсга олинганлик борасида БМТ Ишчи гуруҳига ариза тайёрламоқдалар.
— 2021 йил 29 апрелдан Базаровга нисбатан ноқонуний уй қамоғи чорасининг қўлланилиши;
— Базаровнинг №110 мактаб ўқитувчиларини туҳмат қилганликда асоссиз айбланиши;
— Базаровнинг учта блогерга нисбатан туҳмат қилганликда асоссиз айбланиши;
— икки марта коммуникация алоқаларини экспертиза қилинишини тайинлаш ва ўтказиш ишларининг сохталаштирилиши;
— Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси нормаларини бузган ҳолда юзлаштириш ишларининг амалга оширилиши.
— Миразиз Базаровга нисбатан уй қамоғида сақлаш чорасининг қўлланилиши ноўрин бўлган, дейишга асос бор эканда?
— Бу ҳолат – инсоннинг ўз фикрларини ифода қилиш ҳуқуқи ноқонуний таъқиб этилаётганига доир энг ёмон мисолдир. Айтингчи, мустақил давлатнинг мустақил суди олдиндан ноқонуний қарор чиқаришга ҳақлими? 2021 йил 29 мартдан Базаровнинг ҳибсга олиниши ва 2021 йил 29 апрелдан унга нисбатан уй қамоғини қўллаш чорасини чиқарган суд қарори, моҳиятан ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари мансабдор шахсларининг ўзбошимча ҳаракати ҳисобланади.
Базаровга нисбатан қўлланилаётган «туҳмат қилиш» айблови инсоннинг уч йилгача озодликдан маҳрум этилишини кўзда тутади. Шунинг учун, Жиноят-процессуал кодекси бўйича Базаровга нисбатан ҳисбга олиш чораси қўлланилиши ўринсиз, зеро тергов даврида ундан тилхат олиш ёки гаров олиш етарли эди.
— Миразиз Базаровнинг қайси сўзлари ҳукумат ва жамиятнинг айрим қисмини жунбушга келтирди?
— Базаровнинг Ўзбекистон Жиноят кодексидан 120-моддани олиб ташлаш тўғрисидаги фикри. Лекин у ҳеч қачон ва ҳеч қаерда ЛГБТ жамияти ғояларини тарғиб қилмаган. Лекин сексуал озчиликни хазм қилолмайдиган аксари одамларимиз наздида Базаровни обрўсизлантириш мақсадида «назоратда»ги блогерлар бу йигит ҳақида ёлғон ва туҳматдан иборат маълумотларни тарқатишиб, Базаровга ЛГБТ ташвиқотчиси ва унинг вакили тамғасини босишди. Лекин ҳеч ким бугунга қадар ўз сўзлари билан Базаров ҳаётини таҳликага солиб, унинг саломатлигига путур етказган шахсларни жавобгарликка тортмади. Бунга қарши ўлароқ, терговга номи таниш блогерлар янглишган ёш йигитларнинг Базаровга қарши ҳужум уюштиришига замин яратдилар. Бироқ, бу блогерлар нафақат қонун олдида жавоб бермадилар, аксинча Базаров луқмалари «қурбонлари»га айланганлар қаторида хавфсизлик кафолатини олган кўринадилар.
Нега ҳанузгача терговчиларда Базаров ва унинг онаси манзилини тарқатганлик, кўплаб тахдид ва қасос олишга чақириқлар борасида саволлар туғилмади? Ҳанузгача интернетда ҳимоямдаги шахсга нисбатан ҳақорат ва ёлғон маълумотлар тарқалмоқда. Нега бу ҳолатда Базаров ҳуқуқлари ҳимояланмаяпти?
Ҳимоямдаги Базаров ўз роликларида барча одамларнинг тенг ҳуқуқлари, жумладан сексуал озчиликни ташкил этувчи шахсларнинг ҳам ҳуқуқларини таъминлайдиган халқаро ҳуқуқ нормаларига таянган ҳолда, Жиноят кодексидаги бесақолбозлик моддасини ҳам тафтишга келтириш борасида фикр билдирган. Дарвоқе, Ўзбекистон бу нормаларни бажариш ва миллий қонунчилигини халқаро стандартларга мослаштириш мажбуриятларини ўз зиммасига олган. Шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигига биноан ўз фикрини ифодалаш, жумладан ихтиёрий гомосексуал алоқаларни жиноят моддасидан чиқариб ташлаш фикрлари жиноят ҳам, ҳуқуқбузарлик ҳам ҳисобланмайди.
— Базаровга ҳужум қилган шахсларни қидириш ишлари қандай кечмоқда?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, жиноий иш материалларидан бехабарман. Бу кимсалар мусулмон эмаслиги, аниқроғи ҳақиқий мусулмон одамлари эмаслигига шубҳам йўқ. Базаровнинг қиз дўстидан менга шу нарса маълумки, қиз Базаровни ҳужумчилардан ҳимоя қилмоқчи бўлганида, улар қизни итариб ташлаб, русчалаб сўкинган ҳолда зўравонликни давом эттирганлар. Аминманки, ИИББ жиноятчиларни тутиш ишларини «ўхшатиш»га уринмоқда. Уларни ҳеч қачон топишолмайди. Бундан ташқари, улар аниқ одамларни эмас, фантом, «шарпа»ларни қидирмоқдалар. 29 март куни тажовуз қилган одамлардан бирининг фотороботи тузилганда, Базаров бу инсон мутлоқ унга ташланган жиноятчига ўхшамаслиги ва тергов ишларига ҳалақит бермаслиши учун ушбу фотороботдан фойдаланмаслик зарурлигини айтган. Бироқ, бефойда фоторобот тузилганидан бир ой муддат ўтиб, мазкур нусха жиноятчини қидириш мақсадида тарқатилган.
Жабрланувчи ва гувоҳлар Базаровни таъқиб қилган жиноятчилар автомашинасини тасвирлаб берганлар, лекин ИИББ мутлоқ бошқа русум ва рангдаги машинани қидирувга берган.
Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари тергов томонидан (Базаров ва гувоҳлар тасвирлаган эмас) қидирувга тақдим этилган машина ҳайдовчиларини сўроққа чақиришаётгани менга маълум бўлди. Турган гап, ҳайдовчилардан 28 март куни кеч соат 23 да қаерда бўлганликлари сўралади. Шу билан бирга ҳайдовчилардан Базаровнинг ЛГБТга муносабати, унинг скверда йиғилиш ўтказишга бўлган чақирувига қандай муносабатда бўлишлари аниқланади. Турган гап, Базаровнинг ким экани, у 28 март куни нима ишлар қилгани ҳайдовчиларнинг тушига ҳам кирмаган. Бу жиноятчиларни қидириш иши эмас. Бу соддалиги туфайли Базаровга нисбатан салбий муносатини билдирувчи одамларни излаш, блогерга нисбатан ғазабли муҳитни яратишдан бошқа нарса эмас.
Мақолга айланиб кетган бир машҳур жумла ёдимга тушди: «Мен Пастернакни ўқимаганман, лекин уни қоралайман». Бу жумла «Доктор Живаго» романи муаллифи ва бунинг учун Нобель мукофотини олган Борис Пастернакни омма орасида қоралаш даврида айтилган ибора.
Базаровнинг дунёқараши, унинг фикр билдириш услуби кимгадир ёқмаслиги табиий. Лекин бу нарса унинг саломатлиги ва ҳаётига зуғум қилишга ҳуқуқ бермайди.
— Миразиз Базаровга қарши қўйилган айбловлар асосини ташкил этувчи далилларга нисбатан қандай баҳо берган бўлардингиз?
— Ҳимоямдаги шахс манфаатидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирча мен кўрган барча хато ва камчиликларни тилга олмасликни истайман. Тергов, хатто суд Жиноий-процессеуал кодекс ва «Суд экспертизаси тўғрисида» қонунни бузган ҳолда Президент администрацияси ҳузуридаги Агентлик томонидан тайёрланган ва тузилган эксперт хулосаларидан фойдаланмоқда. Керак бўлса Ўзбекистон президенти администрацияси эксперт хулосаси бўйича ўз хулосаларимни асослаб беришга тайёрман, ёки буни суд жараёнида амалга оширишга тўғри келади.
Ҳозирча фақат шу нарсани айтишим мумкинки, журналист Бобомурод Абдуллаев (таҳаллуси -Усмон Ҳақназар) ишида йўлиққаним каби, Базаров ишида ҳам сохта далилларга дуч келяпман. Абдуллаевнинг «конституциявий тузумни ағдариш» айбини исботлашни «асослаш» мақсадида Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) унинг шахсий компьютерига амалдаги ҳокимиятни ағдаришга бағишланган «Жатва» («Ўрим-йиғим») режасини киритади. Журналист шу кунгача реабилитация қилинмади. Шунинг учун, Базаров гаджетларига бирорта файл киритилиши ва «экспертлар» томонидан бу нарсалар «жиноят» дея тан олинишининг реал хавфи мавжуд.
— Блогер Базаровнинг шахсий интернет саҳифаларидаги маълумотларни қандай баҳолайсиз?
— У дадил ва саводли муаллиф. Базаров ўз канали орқали ўқувчиларига Ўзбекистондаги вазият, ундан ўрин олган салбий ҳодисалар тўғрисида маълумотлар беради, юртимизни бошқа мамлакатлар билан солиштиради. У ўртага ташлаётган мавзулар кўпчиликнинг диққат-эътиборидаги нарсалар. Шу билан бирга, унинг кўпгина иборалари ғализ бўлиши мумкин. Агар унинг ўйноқи, аччиқ кинояли гаплари ёш авлод учун одатий ҳол бўлса, аҳолининг консерватив қисми томонидан улар доимо адекват қабул қилинмаслиги мумкин.
Шунга қарамасдан, Базаровнинг аксари фикрлари маърифий характерга эга ва улар мамлакатда коррупцияга қарши курашга йўналтирилган. Бу эса президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга зид эмас.
Бундай вазиятда айрим одамларнинг блогер фикрларини бузиб талқин этиши ва одамларни унга қарши гиж-гижлаши бутунлай бошқа масала.
— Базаровга қарши жиноий ишлар президент сайловлари олдидан ва Ўзбекистон Жиноят кодексининг фикрлар учун жавобгарликни тартибга солувчи янги моддалар киритилган версияси муҳокамаси олдидан очилди. Базаровнинг таъқиб этилиши, унинг мустақил овозини ўчиришга бўлган уриниш эмасми?
— Буни вақт кўрсатади. Ҳозирча Миразиз Базаровга қарши қўйилган айбловлар асосини ташкил этувчи барча аризалар билан танишиш имкониятим йўқ. Мен ўрганиб чиқишга имкон топган материалларга кўра, айблов ёлғон ва шубҳали маълумотларга таянган. Воқеликнинг кейинги ривожи турлича кечиши мумкин. Мен Миразиз Базаров ишига диққат-эътиборни жамлаган ҳолда, унга нисбатан тергов ишларининг объектив ва адолатли бўлиши учун қўлимдан келган барча ишларни амалга ошираман.
-
10 Август10.08ФотоСуусамир водийсининг ҳаётбахш ичимлигиҚимиз тайёрлашнинг қўҳна сирини кимлар асраётгани ҳамда олис яйловга бишкекнинг нега керак бўлиб қолгани ҳақида
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
29 Июль29.07Фақат ўз одамлари учун очиқШайтонга қарши — «дезинфекцияланган тошлар»: коронавирусга қарши кураш Ҳаж амалларига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида
-
27 Июль27.07«Асқаровнинг ўлимидан кўпгина жиноятчилар манфаатдор эдилар»«Фарғона» АА Бош директори Даниил Кислов мурожаати
-
25 Июль25.07Пахта ўрнига – сannabisЖаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ
-
24 Июль24.07ФотоЎтмиш ёдгорликлариТошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди